Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев инвестициявий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва янги лойиҳаларни ишга туширишда учраётган муаммоларни аниқлаш мақсадида тадбиркорлар билан учрашди.
Таъкидланганидек, давлат дастурлари доирасида бир қанча инвестициявий лойиҳалар бўйича манзилли рўйхат ишлаб чиқилган бўлиб, шу асосда янги иш ўринлари яратилиши режалаштирилган. Аммо, айрим лойиҳаларнинг амалга оширилишида бир қатор муаммолар учрамоқда.
Учрашувда Жўқорғи Кенгес Раиси тадбиркорларни қийнаётган муаммоларни тинглади. Янги иш ўрни яратиш нияти бўлган ҳар бир тадбиркор қўллаб-қувватланишини, уларнинг ўз фаолиятини йўлга қўйишида тўсқинлик қиладиган ҳар қандай раҳбарга тегишли чоралар кўрилишини таъкидлаб ўтди.
Учрашувда жойларда инвестициявий лойиҳаларни ишга тушириш йўналишидаги ишлар самарали йўлга қўйилмаётгани танқид остига олинди. Шунингдек, белгиланган кредит маблағларини ажратиш борасидаги ишларга масъулиятсизлик билан ёндашгани учун тегишли банк раҳбарлари ва барча шаҳар ва туман ҳокимлари ўринбосарлари – Инвестициялар ва ташқи савдо бўлими раҳбарларига қатъий хайфсан берилди.
–Биз халқимизнинг бандлигини таъминлаш, улар учун юқори даромад манбаини яратиш ва иш ўринлари сонини кўпайтириш бўйича кўламли ишларни амалга оширишимиз керак, –деди республикамиз раҳбари. –Мазкур ишларни амалга оширишда албатта, тадбиркорларга таянамиз. Кейинги учрашувда юқоридаги камчиликлар бартараф этилмаса, ҳар бир масъул шахсга қонун доирасида чора кўрилади.
Учрашувда хориж бозорларини ўрганиш, логистика марказларини ташкил этиш каби бир қанча долзарб таклифлар билдирилди.
Қ.Х.А.