Нукусда Ўзбекистон Қаҳрамони, археолог олим, тарих фанлари номзоди, марҳум профессор Ғайратдин Хожаниязов таваллудининг 75 йиллиги муносабати билан учрашув ўтказилди.
Қорақалпоғистон Республикаси тарихи ва маданияти давлат музейида ташкил этилган учрашувда Ўзбекистон Фанлар Академияси Қорақалпоғистон бўлими илмий ходимлари, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети тарихчи профессорлари, олимнинг оила аъзолари, яқинлари, шогирдлари, ҳамкасблари қатнашди.
Археолог Ғ.Хожаниязов 1980 йиллардан бошлаб Шимолий қорақалпоқ, Жанубий қорақалпоқ, Қизилқалъа, Жампыққалъа, Миздакхон археологик экспедицияларини ташкил этди ва уларга раҳбарлик қилди. ЮНЕСКОнинг 1989-1991 йиллардаги «Буюк Ипак йўли-алоқа йўли» халқаро экспедициясида Хива, Хўжайли, Чимбой шаҳарларининг ёшини аниқлаш бўйича илмий-тадқиқот ишларида фаол қатнашди.
У 1995 йилдан «Қорақалпоғистон Австралия» Халқаро археология экспедициясининг асосий ижрочиларидан бири бўлди. АҚШнинг Предью, Бостон ва Калифорния университетларининг археологлари билан Қият оазиси ёдгорликларида тадқиқот ишларини олиб борди. 2000 йилдан бошлаб франциялик олимлар билан биргаликда Қырантаў тепалигида тадқиқот олиб бориб, унинг эрамизгача IV-III асрларга тегишли эканлиги аниқланган.
Олим раҳбарлигида қадимги ва ўрта аср Оролбўйи ҳудудларидаги Оқшунгул, Ақшахан қалъаларининг узун деворли, Дали қалъа, Миздакхондаги Сулаймон Хаддадий Мусавий мажмуаси – Оқ хонақо, Қырантаў зардуштийлик некрополи, Кетмончи бобо, Порлытаў минораси сингари бир қанча янги археологик объектлар очилди ва тадқиқот ишлари олиб борилди. Шунингдек, бевосита унинг иштирокида қорақалпоқ халқининг азиз фарзандлари Жийен жиров, Ажинияз, Отеш, Мурат шайх, Ережеп бий, Аға баба Қулчи ўғли ва бошқа тарихий шахсларнинг дафн этилган жойлари аниқланиб, номлари абадийлаштирилди.
2015-2019 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси сифатида фаолият олиб борди.
Унинг хизматлари давлатимиз томонидан юқори баҳоланиб, 2003 йил “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланган бўлса, 2008 йилда “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони берилди.
— Қорақалпоғистонда археология фанининг ривожланишига, Ўзбекистон археологиясини дунё жамоатчилигига танитишга самарали ҳисса қўшган, Қорақалпоғистоннинг моддий маданияти, бебаҳо археологик объектларини 45 йилдан ортиқ вақт давомида мунтазам ўрганиб ва тадқиқ қилиб меҳнат қилган миллий маданиятимиз фидойиси Ўзбекистон Қаҳрамони Ғ.Хожаниязовнинг ҳаёт йўли, илмий тадқиқотдаги мардлик ва маънавий хизматлари келгуси авлодларга ибрат, ифтихор бўлади, -дейди И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоқ давлат санъат музейи археология бўлими бошлиғи О.Доспанов.
Учрашувда “Ғ.Хожаниязов-ўлкамиз тарихий мероси тадқиқотчиси ва жарчиси”, “Ғайратдин Хожаниязовнинг хорижий олимлар билан ҳамкорлигининг натижалари”, “Қорақалпоғистон археологиясини дунёга танитган олим қаҳрамон” мавзуларида маърузалар тингланди.
Учрашув якунида йиғилганларга Ғ.Хожаниязовнинг фаолиятига бағишланган видеофильм намойиш қилинди.
Қ.Х.А.