Адлия бўлими кўмагида туғилганлик гувоҳномаси олинди


Амударё тумани адлия бўлимига фуқаро мурожаат қилиб, унда Ж. исмли қиз фарзандига туғилганлик гувоҳномаси олишда амалий ёрдам сўраган.

–Аниқланишича, фуқаро З. 2006 йил қиз фарзандли бўлган, лекин фарзанди уй шароитида туғилганлиги сабабли унга туғилганлик гувоҳномасини ололмаган, – дейди туман адлия бўлими Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш бўлинмаси бош маслаҳатчиси Нилуфар Жуманиязова. – Ушбу масалада фуқаро З. 2019 йилда туман ФҲДЁ бўлимига мурожаат этган, бироқ фарзандининг туғилганлигини тасдиқловчи маълумотлар бўлмаганлиги сабабли ариза рад қилинган.

Натижада, туман адлия бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 295–моддасига асосан, фуқаролик ишлари бўйича Амударё тумани судига шу онадан туғилганлик фактини аниқлаш ҳақида даъво аризаси киритилди. Суднинг ҳал қилув қарори билан ариза қаноатлантирилди.

Мазкур ҳал қилув қарори қонуний кучга киргач, Амударё тумани ФҲДЁ бўлими томонидан З.нинг қиз фарзандига туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси расмийлаштирилиб берилди.