МЕҲР ВА БАХТ ҚЎРҒОНИ ФАРИШТАЛАРИ


71 ёшли Ҳурлиман опа Бердиева Нукус туманининг Дарсан маҳалласи Жийдали овули кўчабошиси. Бугунги кунда фарзандларини уйли-жойли қилиб, неваралар тарбияси билан банд. Шу билан бирга, маҳалладаги ҳар бир оила тинчлиги, саранжомлигини ҳам назорат қилиб боради. Овулдаги аёллар бирор юмушга қўл урса, Ҳурлиман опага маслаҳат солиб, унинг дуоси билан иш бошлайди. Кайвони онахон маҳалладаги ажримларнинг олдини олишда, тўй-маъракаларни исрофгарчиликсиз ўтказишда ҳам кўпчиликка бош-қош.

Сўнгги йилларда Ҳурлиман опа сингари кўчабоши онахонларга давлатимиз томонидан эътибор кучайди. Қорақалпоғистондаги 11 350 нафар кўчабоши онанинг ҳар бирини 1 миллион сўмдан рағбатлантириш мақсадида 11,3 миллиард сўм маблағ ажратилди.

— Маҳалла хотин-қизлар фаолларининг таклифлари асосида бугунги кунда аёлларга 41 турда ёрдам кўрсатиш амалиёти жорий этилган, — дейди Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Марям Аҳмедова. — Жумладан, биргина “Аёллар дафтари” тизими доирасида 2021-2022 йилларда 82 мингдан зиёд хотин-қизларнинг  муаммолари ўз ечимини топди. Бу ишларга 158 миллиард 666 миллион сўм маблағ ажратилди. 2023 йилнинг ўтган даврида 55 минг 51 нафар хотин-қизлар “Аёллар дафтари”га киритилган бўлиб, жорий йилнинг беш ойида 28 минг 729 нафарининг бандлиги таъминланди, 4400 дан зиёди касб-ҳунарга ўқитилди. 4814 нафарига 43 миллиард 331 миллион сўм имтиёзли кредитлар берилди, 272 нафарига 1 миллиард 347 миллион сўм миқдорда субсидия ажратилди.

Республикада оилавий тадбиркорликни ривожлантириш йўналиши бўйича 13 минг 132 нафар хотин-қизнинг бизнес лойиҳаси 170 миллиард 735 миллион сўм маблағ билан молиялаштирилди. 169 хотин-қиз эса ҳунармандчилик билан шуғулланмоқда. Шунингдек, шаҳар ва туманлардаги ёрдамга муҳтож 70 нафар хотин-қиз уй-жой билан таъминланди. Яна 268 нафарига уй-жойларини таъмирлаши учун амалий ёрдам кўрсатилди.

— Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг бевосита ташаббуси билан ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга, шунингдек, хотин-қизларга ички имкониятлардан келиб чиқиб, жорий йил бошидан буён 10,3 миллиард сўм миқдорда ижтимоий ёрдам берилди, — дейди Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ижтимоий-маданий ривожлантириш, ёшлар сиёсати, туризм ва жамоат бирлашмалари масалалари қўмитаси бош мутахассиси Байрамгул Айимбетова. — Хусусан, ижтимоий ҳимояга муҳтож 2 минг 710 оилага 4,3 миллиард сўм миқдорида моддий ёрдам кўрсатилган бўлса, 331 нафар хотин-қизга даволаниши учун 1,6 миллиард сўм маблағ ажратилди. Шунингдек, 6 минг 16 нафар ёрдамга муҳтож оила ва хотин-қизларни уй-жой билан таъминлаш, уй-жойларини таъмирлаш ва бошқа харажатлари учун 4,4 миллиард сўм моддий ёрдам кўрсатилди.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларнинг билим олишлари учун қулай шароит яратиш мақсадида 2022-2023 ўқув йилида магистратура босқичида ўқиётган 2300 нафардан зиёд талаба қизларнинг шартнома тўловлари тўлаб берилди. Олий ва ўрта махсус ўқув юртларида таълим олаётган 1 минг 951 нафар хотин-қизга шартнома тўлови учун 7 йил муддатга 17 миллиард 220 миллион сўм фоизсиз кредит ажратилди.

— Шу билан бирга, ёрдамга муҳтож оилалар вакиллари, етим ёки ота-она қарамоғидан айрилган 150 нафар талаба қизнинг 1 миллиард 56 миллион сўмлик шартнома пуллари давлат бюджетидан тўланди. Оила ва хотин-қизлар қўмитаси таклифи асосида 112 нафар хотин-қиз имтиёзли грант асосида, беш йиллик меҳнат стажига эга 35 нафар хотин-қиз эса шартнома асосида олий ўқув юртларига қабул қилинди, — дейди Марям Аҳмедова. — Аёлларнинг саломатлигини сақлаш бўйича 195 минг 325 нафар хотин-қиз бирламчи онкологик скрининг, 5 минг 448 нафар нуроний онахон чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. 2 минг 801 нафар онахон зарур дори-дармон, озиқ-овқат, кийим-кечак, 785 нафар ногиронлиги бўлган аёл ва вояга етмаганлар реабилитация ускуналари билан таъминланди. Шунингдек, 586 нафар боқувчисини йўқотган аёл фарзандлари давлат мактабгача таълим ташкилоти тўловларидан озод қилинган.

— Бугун Қорақалпоғистонда 3 минг 972 нафар хотин-қиз раҳбарлик лавозимларида фаолият олиб бормоқда. Жумладан, 2 нафар аёл Олий Мажлис Сенати аъзоси, 3 нафари Қонунчилик палатаси, 20 нафари Жўқорғи Кенгес депутати, 133 аёл туман (шаҳар) кенгашлари депутати, — дейди Байрамгул Айимбетова. — Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида хотин-қизларнинг фидойилигини қўллаб-қувватлаш, фарзанд тарбияси, оила, хотин-қизлар маънавиятини юксалтириш, ёшлар тарбиясига таъсир кўрсата оладиган ташаббусларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Оқила аёллар”, Қорақалпоғистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан “Раҳбар аёллар клуби” ва “Кўчабоши аёллар” ҳаракатлари ташкиллаштирилди. Натижада ҳудуддаги 11 350 аёл бу ҳаракатга қўшилди.

Қорақалпоғистонда иқтисодиёт, илм-фан, таълим, тиббиёт, адабиёт, санъат ва бош­қа соҳалар ривожига салмоқли ҳисса қўшиб келаётган хотин-қизлар кўп. Улардан бири — Кегейли туманидаги “Орзу” фермер хўжалиги раҳбари Палзада Салиева. У Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган “Йил аёли” миллий танловининг мамлакат босқичида Гран-при ғолиби бўлиб, Президент совғаси — “Лаcетти” автомобили билан мукофотланди. Шунингдек, “Энг яхши хотин-қизлар фидойиси” танловининг мамлакат босқичида Беруний тумани “Қизил қалъа” овул фуқаролар йиғини хотин-қизлар фидойиси Н.Нуримбетова биринчи ўринни эгаллаб, у ҳам Президент совғаси — “Лаcетти” автомобили билан тақдирланди. Бундан ташқари, “Энг намунали хотин-қизлар муассасаси” кўрик-танловининг мамлакат босқичида Ички ишлар вазирлигининг хотин-қизлар муассасаси бошлиғи А.Хизирбаева биринчи, “Энг намунали ишбилармон аёл” танловида “Кунград Агро-Солодка Систем” МЧЖ бошлиғи З.Хожаметова иккинчи ўринни эгаллади.

Имтиёзлар доирасида қорақалпоғистонлик 7000 нафар хотин-қизга Тошкент шаҳри ва барча вилоятлардаги олий ўқув юртларида ўқиш учун квота ажратилган бўлса, тадбиркорлар учун қўлланиладиган солиқ тури ва миқдори деярли 2 баробар камайтирилмоқда. Фақатгина қорақалпоғистонликлар учун темир йўл ва авиабилетларга 50 фоиз имтиёз бериш тизими жорий қилинди. Янги ўқув йилидан эътиборан олийгоҳларда таълим олаётган хотин-қизларнинг контракт тўловлари даромад солиғидан озод этилади.

Бугунги кунда барча шаҳар ва туманларда 21 мингдан ортиқ уй-жойда 350 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. 452 та маҳалланинг ҳар бирига 500 миллион сўмдан қўшимча маблағ ажратилмоқда. Шунингдек, кадастри йўқ 47 мингта турар жой ва кўчмас мулк бўйича тегишли ҳужжатлар ишлаб чиқилади. Жорий йилда 4 мингта турар жой қурилиб, 4 минг фуқарога уй қуриш учун 4 сотихдан ер ажратиб берилади.

Хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш юртимизда амалга оширилаётган халқчил сиёсатнинг бош йўналишларидан бири ҳисобланади. Ҳукуматимизнинг хотин-қизларга бўлган эътибори сабаб улар учун барча имкониятлар яратиляпти. Зеро, бугун мамлакатимиздаги ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишда меҳр ва бахт қўрғони фаришталари бўлмиш аёлларнинг ўрни ва таъсири ҳам кундан-кун ортиб бормоқда.