Ассалому алайкум, қадрли дўстлар!
Азиз ватандошлар!
Аввало, Сизларни ҳамда Сизлар орқали бутун халқимизни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши номидан бугунги айём-Конституциямиз қабул қилинганлигининг 26 йиллик байрами билан қизғин табриклашга рухсат этгайсизлар!
Юртимизнинг ўтган қисқа даврдаги ривожланиш босқичларига назар ташлар эканмиз, Конституциямиз яратиб берган чексиз имкониятлар натижасида мустақил Ўзбекистонимиз том маънода суверен давлат сифатида шаклланганини, унинг дунё халқлари орасида муносиб ўрин эгаллаганини, иқтисодимиз мустаҳкамланиб одамларнинг яшаш шароити яхшиланаётганини кўришимиз мумкин. Зеро, Асосий Қомусимиз юртимизнинг ўзига хос ривожланиш йўли ва олдига қўйган мақсадларини, инсонларнинг ҳуқуқ ва эркинлигини, озод ва обод, тинч-тотув яшаш тамойилларини ўзида мужассам этгани билан қалблардан чуқур жой эгаллайди.
Мана, бугунги кунга келиб, Конституциямиз асосида юртимизда миллий қонунчилик тизими такомиллашиб, барча соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар тобора чуқурлашмоқда. Муҳими, мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий салоҳияти кучайиб, одамларнинг келажакка ишончи ортмоқда.
Шуни фахр билан таъкидлашимиз лозимки, бугунги кунда бунёдкор халқимиз Конституциявий ҳуқуқларидан фойдаланиб, ижтимоий-сиёсий ҳаётда ўзларининг фуқаролик позициясини билдириш билан бирга иқтисодиётнинг барча соҳаларида илгари ҳеч қачон бўлмаган юксак натижаларни қўлга киритмоқда.
Эътиборлиси, Муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган ҳар бир шаҳар ва қишлоқни, ҳар бир маҳаллани ўз ичига олган бунёдкорлик ишлари юртимиз қудрати тобора ошаётганини яна бир марта исботламоқда.
Муҳтарам Президентимиз яратиб берган улкан имкониятлардан бири сифатида Қорақалпоғистонда жорий йилнинг ўзида бюджет прогнозининг ортиқча бажарилиши ҳисобига 1 триллион сўмдан зиёд маблағлар халқимиз фаровонлиги учун қолиши кутилаётгани, ўтган ойлар давомида Корея, Хитой, Буюк Британия, Швейцария, Россия сингари давлатлардан 138 миллион АҚШ долларига яқин инвестициялар олиб келингани иқтисодиётимиз тобора мустаҳкамланаётганини кўрсатади.
Якунланаётган жорий йилга назар ташлар эканмиз, қалбларда миллий ифтихор туйғусини уйғотадиган, Муҳтарам Президентимиз ғояси асосида пойтахтимизнинг энг файзли жойларидан бирида юртимиз байроқларининг 55 метр баландликка кўтарилгани, республикамизнинг асосий дарвозаларидан саналган «Нукус халқаро аэропорти»да йирик таъмирлаш ва унинг атрофида ободонлаштириш ишлари олиб борилгани, жаҳон цивилизациясида салмоқли ўрни бўлган Беруний бобомизга ҳайкал ўрнатилгани, мумтоз адабиётимизнинг йирик вакиллари бўлган Кунхўжа ва Бердақ шоирлар хотирасига мақбара ва музей қурилгани, халқимизнинг миллий маданияти ва санъатини янада ривожлантиришда муҳим ўрин тутадиган Ёш томошабинлар театри фойдаланишга топширилгани, имконияти чекланган инсонларга бепул турар жойлар ажратилгани ҳамда муҳтож инсонларга шаҳар ва туманларда арзонлаштирилган турар жойлар топширилгани, Нукус горнизонида, ҳатто энг чекка ҳудудлардан ҳисобланган Қўнғирот туманидаги «Қорақалпоғистон» посёлкасида олиб борилган қурилиш ва ободонлаштириш ишлари ва бошқа хайрли тадбирларни бугун халқимиз катта фахр билан тилга олмоқда.
Энг муҳими, бундай янгиланишларни кундан кунга чирой очаётган барча шаҳар ва туманларимиз мисолида, иқтисодиёт, саноат, қурилиш, транспорт ва ижтимоий соҳаларда эришилаётган натижаларда кўплаб учратиш мумкин.
Бунинг учун албатта, Сизларнинг ҳамда бутун халқимиз номидан Президентимизга минг-минглаб раҳматлар айтамиз!
Азиз дўстлар!
Ўзингиз гувоҳи бўлганингиздек, жорий йил ўзининг тарихий воқеалари, ўзгаришлари ва янгиланишлари, ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги ривожланишлар, олдга қўйган аниқ мақсад ва янги марралари билан халқимиз турмушида алоҳида ўрин эгалламоқда.
Яқиндагина Муҳтарам Президентимизнинг Қорақалпоғистонга ташрифини халқимиз юртимизга келган мўл барака ва чексиз давлат сифатида катта қувонч билан кутиб олмоқда. Муҳтарам Юртбошимизнинг халқимиз билан бўлган учрашувида «Сабр-тоқатли, мард қорақалпоқ элига таъзим қилишга тайёрман!» деган сўзлари бутун халқимизни янги бунёдкорлик ишларига руҳлантириб, юракларга илҳом, билакларга куч, кўнгилларга ўзгача кайфият бағишламоқда.
Чунки, Муҳтарам Президентимиз ўзининг ташрифи давомида Қорақалпоғистоннинг янада ривожланиши, халқимизнинг бахтли ва обод турмушига оид жуда муҳим вазифаларни белгилаб берди.
Мана шу асосда 133 банддан иборат протокол қабул қилиниб, унда экология, транспорт, қурилиш, туризм ва ижтимоий масалалар, инвестициялар олиб келиш, саноат зоналари фаолиятини тўғри йўлга қўйиш, экспорт салоҳиятини ошириш, шунингдек тадбиркорлик ва кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш, қишлоқ ва сув хўжалиги, геология, ёнилғи-энергетика комплекси, химия, нефть-газ ва металлургия саноати масалалари бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Ушбу вазифаларни амалга оширишда муҳим бўлган 11 триллион 283 миллиард сўмлик 793 лойиҳа тасдиқланди. Жумладан, Хитой, Корея, Қувайт, Германия, Япония давлатларидаги элчиларимиз олдига 7 триллион 341 миллиард сўмлик 30 лойиҳани амалга ошириш вазифаси қўйилди.
Бундан ташқари, Муҳтарам Президентимиз томонидан республикамизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, Мўйноқ тумани бўйича белгилаб берилган вазифалар-турмушимизда юз берган жуда катта воқеалардир.
Шуни ҳам алоҳида таъкидлашимиз лозимки, Муҳтарам Президентимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясининг 72-сессиясида дунё мамлакатлари эътиборини Орол муаммосига қаратгани, яқиндагина, яъни шу йилнинг 27 ноябрида Ўзбекистон делегациясининг Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама Траст фондини ташкил этишга бағишланган мажлисида иштирок этиши, шу асосда Траст фонди ташкил этилиб, шу куннинг ўзида донор давлатлар ва халқаро ташкилотлар томонидан 2,5 миллион долларга яқин маблағлар туширилиши халқимиз ҳаётида юз берган тарихий воқеа ҳисобланади.
Инсонларнинг дарди билан яшаб, уларнинг ёруғ келажагини таъминлаш йўлидаги кенг кўламли хайрли ишлари учун Сизларнинг, бутун халқимиз номидан Муҳтарам Президентимизга яна бир марта минг-минглаб раҳматлар айтамиз.
Қадрли ватандошлар!
Сизларни мамлакатимиз Конституцияси қабул қилинганининг 26 йиллик байрами билан яна бир марта қутлаб, барчангизга мустаҳкам соғлик, оилаларингизга омонлик, юртимизнинг янада гуллаб-яшнаши йўлидаги эзгу ишларингизда катта зафарлар тилайман.