Олий таълим тизимида чуқур ислоҳотларнинг амалга оширилиши мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий тараққий этишини янги босқичга олиб чиқишда муҳим ҳисобланади. Ушбу ислоҳотлар жараёнида олий таълим муассасаларининг замон талабларига мос жиҳозланиши, таълим сифатини оширишга қаратилган жаҳон тажрибасини татбиқ этиш давр талабига айланган.
Ўзбекистон Республикасида етук ва билимли кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасалари орасида Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетининг ҳам ўз ўрни бор.
Университетда илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш, етук педагог кадрлар тайёрлаш, инновацион ишланмаларни тижоратлаштириш ва иқтидорли талабаларнинг илмий тадқиқотлари борасида кўплаб амалий ишлар олиб борилмоқда. Улар қуйидаги факт ва рақамларда акс этади.
Университетда жами 983 нафар педагог фаолият кўрсатаётган бўлса, уларнинг 39 нафари фан доктори ва профессорлар, 323 нафари эса фан номзоди ва фалсафа докторларидир. Университетнинг илмий салоҳияти 36,5 фоизни ташкил этмоқда.
2022 йили университет профессор-ўқитувчиларининг 61 нафари — 2 нафари фан доктори (DSc) ва 59 нафари фалсафа доктори бўлди. Жорий йилнинг биринчи олти ойида эса 4 та фан докторлиги (DSc) ва 32 та фалсафа докторлиги диссертациялари ҳимоя қилинди.
Ўтган йили профессор-ўқитувчилар томонидан 67 та монография, 10 та ихтиро патенти, 47 та электрон дастурга муаллифлик гувоҳномалари олинди ва Scopus халқаро маълумотлар базасидаги илмий журналларда, хорижий ҳамда республика илмий нашрларида мақолалар, маҳаллий ҳамда халқаро конференция материаллари тўпламлари чоп этилди.
Айни пайтда университетда 5 нафар докторант, 133 нафар таянч докторанти, 6 нафар стажёр-тадқиқотчи ҳамда 2 нафар мустақил тадқиқотчи таҳсил олмоқда. Ўтган йили жами 7 нафар таянч докторант томонидан муддатидан илгари докторлик (PhD) диссертациялари муваффақиятли ҳимоя қилингани ҳам илмий фаолиятимиз мунтазамлигини акс эттиради.
Шу билан бирга, университет ҳузурида техника, биология, тарих, иқтисодиёт, филология, юридик фанлар бўйича илмий даражалар берувчи жами 6 та илмий кенгаш фаолият кўрсатаётгани ҳам таълим муассасамиз салоҳияти ва имкониятларининг ўзига хос ифадасидир. Уларда 2022 йилда 51 та — 47 та фалсафа докторлиги (PhD) ва 4 та фан докторлиги (DSc) диссертациялари ҳимояси муваффақиятли ўтказилди. Айни пайтда яна илмий даражалар берувчи 2 та ихтисослашган илмий кенгаш тузилиши натижасида университет ҳузуридаги кенгашлар сони 8 тага ортди.
Энди бевосита амалий лойиҳаларимиз ва уларнинг аҳамияти ҳамда қиймати ҳақида. Жумладан, 2021 йилда профессор-ўқитувчилар томонидан умумий қиймати 1 миллиард 530 миллион 277 минг сўм бўлган 8 та амалий лойиҳа бўйича тадқиқотлар олиб борилган. Ўтган йили эса давлат илмий-техник дастурлари доирасида қиймати 3 миллиард 160 миллион 588 минг сўм бўлган 7 та амалий лойиҳа бўйича тадқиқот ишлари амалга оширилди.
Президентимизнинг 2021 йил 29 июлдаги “Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2021 йил 18 майдаги “Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисида”ги махсус резолюциясини амалга ошириш чоралари тўғрисида”ги қарорига асосан, Қорақалпоқ давлат университети томонидан умумий қиймати 1,5 миллиард сўмлик 4 та амалий лойиҳа амалга оширилиб, жами 600 миллион сўмлик 1 та стартап лойиҳа бўйича инновацион тадқиқот ишлари олиб борилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 6 июлдаги “2022-2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг инновацион ривожланиш стратегиясини амалга ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига 7-илова сифатида тасдиқланган “2022-2023 йилларда олий таълим муассасалари томонидан янги ишланма ва технологияларни жорий этиш лойиҳаларини амалга ошириш дастури”да университет томонидан қиймати 950 миллион сўм бўлган 4 та янги ишланма ва технологияни яратиш ҳамда жорий этиш лойиҳалари бўйича илмий-амалий тадқиқотлар амалга оширилди.
Айни пайтда 2 нафар профессор-ўқитувчимиз республика миқёсида “Инновацион ғоялар етакчиси” кўкрак нишони ва 1 нафар ёш олим “Энг яхши лойиҳа ижрочиси” номинацияси бўйича сертификат соҳиби бўлди. Университет ҳузурида 2021 йилнинг сентябрь ойидан умумий қиймати 2,5 миллиард сўмга тенг бўлган “Биоэкология” илмий тадқиқот лабораторияси ўз фаолиятини бошлади. Шунингдек, илмий тадқиқот, таълим, амалиёт ва ишлаб чиқаришга татбиқ этиш жараёнларини ўз ичига олган ҳамда таркибида “Кимёвий технология” илмий-ишлаб чиқариш лабораторияси, “Кимё” бўйича илмий-экспериментал лаборатория, “Қурилиш материаллари” ва “Тўқимачилик маҳсулотлари ва ускуналари” илмий-технология лабораторияси мавжуд бўлган “Кимёвий технология” илмий-технологик лаборатория кластери учун зарур асбоб-ускуналар ва жиҳозлар олиб келинди.
Шунингдек, университетимиз ҳузурида “Илмий инновацион ишланмаларни амалиётга жорий этиш маркази” ўз фаолиятини бошлади ва бугунги кунда ушбу марказга 12 нафар фуқаро ишга қабул қилинди.
2022 йилнинг ноябрь ойида аввалги Инновацион ривожланиш вазирлиги фаолиятининг охирги беш йиллигига бағишлаб ўтказилган ҳисобот рейтингида Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетининг илмий тадқиқотлар ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш, илмий инновацион ишланмаларни тижоратлаштириш ва иқтидорли талабаларнинг тадқиқот ишларини ташкил этиш борасидаги фаолияти самарадорлиги юқори баҳоланиб, вазирлик томонидан 190 га яқин олий таълим муассасаларининг энг юқори кўрсаткичга эга бўлган ТОП-5 ликдан ўрин эгаллашини жуда юқори натижа деб биламиз.
Жорий 2022/2023 ўқув йилида 39 нафар, жумладан, 3 нафар талаба Президент стипендияси, 8 нафар талаба Навоий, 4 нафари Беруний, 2 нафари Улуғбек, 1 нафари Ислом Каримов, 1 нафари Тўлепберген Қайипбергенов, 1 нафари Ибройим Юсупов номидаги давлат стипендиялари, 1 нафар талаба математика фани бўйича академик Т.А.Саримсоқов номидаги, 17 нафар талаба Бердақ номидаги стипендия, 1 нафар талаба UzGTL компанияси махсус стипендияларига муносиб топилди.
Ушбу ютуқ ва муваффақиятлар Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети педагогик жамоасининг илмий салоҳияти ва илмий тадқиқот ишларининг кўлами, энг муҳими, мунтазамлигининг ифодаси деб таъкидлашга изн беради.
Аҳмед РЕЙМОВ,
Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети
ректори, профессор.