Олдимизда турган давр Ўзбекистон учун сиёсий, иқтисодий-ижтимоий, маданий-гуманитар соҳаларда туб бурилиш ва улкан ўзгаришлар даври бўлади. Кечаги натижа, кечаги қараш ва мезонлар энди тарих. Улар энди бизни қониқтирмайди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев
Жорий йилнинг 14 июль куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ўз лавозимига киришиш маросимига бағишланган тантанали мажлис мамлакатимиз ҳаётида муҳим тарихий воқеа сифатида муҳрланиб қолади. Бу жараённи Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси аъзолари, ҳукумат аъзолари, дипломатик корпус вакиллари билан бир қаторда, бутун халқимиз катта қизиқиш билан кутиб олишди.
Йиғилишда Президентимиз томонидан келгуси 7 йилга мўлжалланган Ўзбекистон тараққиётининг муҳим стратегик йўналишлари ва уларнинг моҳияти юртдошларимизга содда, халқчил тилда баён қилинди.
Таъкидлаш лозимки, давлатимиз раҳбарининг ҳар бир чиқишида ёшлар масаласи, уларнинг таълим-тарбияси масаласи доим устуворлик касб этади. Шу маънода, бу йиғилишда ҳам айни масалага кенг тўхталиб қолмасдан, шу ернинг ўзида ёшларга Янги Ўзбекистон, Учинчи Ренессанс бунёдкорлари сифатида мурожаат қилди ва: «Мана, сафимизга юртимиздаги, чет элдаги нуфузли олийгоҳларда ўқиган, йирик компанияларда ишлаган қанча-қанча салоҳиятли ёшлар кириб келмоқда. Мен уларнинг тимсолида, аввало, эртанги кунимизнинг янги раҳбарларини, ҳудуд, тармоқ ва соҳаларнинг моҳир бошқарувчиларини кўраман. … Мен Ўзбекистон ёшларига яна бир бор мурожаат қилмоқчиман: азиз ўғил-қизларим, бугун тарихнинг ўзи, замоннинг ўзи сизларнинг олдингизда беқиёс имкониятлар очмоқда.
Эл-юрт корига аввало ким ярайди?
Албатта, сизлар!
Янги Ўзбекистонни, Учинчи Ренессансни ким барпо этади?
Албатта, сизлар!
Юртимиз, халқимизни келажакда ким рози қилади?
Албатта, сизлар!
Халқимиз, Ватанимиз сизларга ишонади.
Сизлар Ўзбекистон тарихига олтин ҳарфлар билан ёзиладиган буюк ишларни амалга оширишга қодирсиз.
Ёшлик – ғанимат, вақт – ғанимат, фурсат борида отни қамчиланг! Давлатимиз, халқимиз яратиб бераётган имкониятларнинг қадрига етинг! Дунёга ўз сўзингизни айтинг!
Изланиш ва интилишдан асло тўхтаманг!
Бахт ва омад доимо сизларга ёр бўлсин!», дея мамлакатимиз ёшларига мустаҳкам ишонч билдирилди.
Бу ишонч замирида ҳали ҳануз давом этаётган эскича қараш, эскича амаллар асоратларидан батамом қутилишлик, янги даврни эзгу ниятлар билан, янгича тафаккурлар билан бошлаш ғояси ётади. Шу боис ҳам Президентимиз “Биз нафақат моҳир пахтакор ва боғбонлар ўлкаси, балки юқори малакали «IT» мутахассислар, инженер ва энергетиклар, кончи ва металлурглар, физик ва кимёгарлар мамлакати бўлишимиз керак”, – деган фикрни билдирдилар.
Шу ўринда буюк аждодимиз Имом ал Бухорий бобомизнинг «Илмсиз нажот йўқ ва бўлмағай», деган фикрлари кўз олдимизда гавдаланади. Негаки, давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, бугунги глобаллашув жараёнларининг салбий оқибатлари кучаяётган таҳликали ва зиддиятли замонда тўғри йўл тутишнинг ягона усули – кучли ақл, ўткир илм ва мустаҳкам тарбиядир.
Мана шундай янги тарихий вазиятда «Янги Ўзбекистонни, Янги Қорақалпоғистонни бунёд этишимиз учун, Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишимиз учун халқимизда, ёшларимизда қайси фазилатларни кучайтириб, қайси иллатларга чек қўйишимиз керак?», деган саволларга илмий жавоблар керак. Бу саволларга эса, таълимнинг барча бўғинларида фаолият юритаётган ўқитувчи, устоз ва мураббийлар, айниқса, олий таълим муассаларининг зиёли қатлами жавоб бериши ва ёшларимизни бунёдкорликка даъват қилиши лозимдир.
Хулоса ўрнида: Олдимизга қўйилган мақсадлар аниқ. Эндиликда эса, уларни амалга оширишда ҳар бир юртдошимиздан, айниқса, илм аҳлидан, ҳалолликни, фидоийликни ва касбга садоқат билан ёндашишни талаб этади. Бунинг учун эскича анъана ва қарашлардан воз кечиб, замон билан ҳамнафас илдам ҳаракат қилишимиз, келажак авлод учун, янги давр бунёдкорлари учун замон андозалари асосида сифатли таълим ва мукаммал тарбияни янада такомиллаштиришимиз зарур.
Халқимиз ва ёшларимиз орасида миллатлараро тотувликни янада мустаҳкамлаш, уларни миллий ва умуминсоний қадриятлар негизида Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш – барчамизнинг муқаддас вазифамиздир. Чунки, илм-маърифат тараққиёт кўзи бўлса, тарбия унинг мияси, таълим эса юрагидир!
Қувондиқ Қодиров,
Нукус ДПИ Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича I проректори.