ТАДБИРКОРЛАР МУАММОЛАРИ ЎРГАНИЛДИ


Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев республика ҳудудида ­экспорт билан шуғулланувчи тадбиркорлар билан фикрлашиш, улар фаолиятида учраётган муаммоларни аниқлаш мақсадида тадбиркорлар билан учрашди.

Бугунги кунда юртимиз иқтисодини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш, экспортбоп маҳсулотларни етиштириш ва чет давлатлар билан савдо алоқаларини ўрнатишда экспортёр  тадбиркорларнинг ўрни алоҳида. Уларни қўллаб-қувватлаш доирасида бир қатор ишлар амалга оширилиб, шароитлар яратилиб берилаётган бир пайтда айрим муаммолар ҳам учрашмоқда.

Жўқорғи Кенгес Раиси суҳбат чоғида тадбиркорларни қийнаётган муаммоларни тинглади ва уларнинг ҳар бири қўллаб-қувватланиши, фаолиятини йўлга қўйишида тўсқинлик қиладиган ҳар қандай раҳбарга тегишли жазо чораси қўлланилиши, экспортёр тадбиркорларнинг фаолиятини ривожлантириш бўйича барча чоралар кўрилишини таъкидлаб ўтди.

Учрашувда жойларда экспортбоп маҳсулотларни етиштириш, янги иш ўринлари яратиш, чет давлатлар билан  савдо алоқаларини кучайтириш, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар экс­портини кенгайтириш масалалари хусусида сўз юритилди. Ўз навбатида тадбиркорлар томонидан бир қанча муҳим масалалар кўтарилди ва ҳар бир муаммо Жўқорғи Кенгес раисининг шахсий назоратига олинди.

Учрашувда вазифалар белгиланиб, экспорт ҳажмини кенгайтириш чораларини кўриш юзасидан вазифалар берилди.

Қорақалпоғистон хабар агентлиги.