ЖЎҚОРҒИ КЕНГЕС РАИСИ ИЛҒОР ФЕРМЕРЛАР БИЛАН УЧРАШДИ


Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев республикамизнинг энг илғор фермер хўжаликлари раислари билан учрашди.

Унда асосан қишлоқ хўжалиги соҳасини модернизациялаш ва қайта жонлантириш мақсадида ишлаб чиқилиши режалаштирилаётган стратегия бўйича соҳа вакилларининг фикр-мулоҳазалари тингланди.

Шунингдек, сув танқислиги шароитида республикамиз иқлимига мос қишлоқ хўжалиги экинларини экиш, экспорт­боп маҳсулотларни етиштиришни кенгайтириш,тажрибали олимлар билан тиғиз ҳамкорлик қилиш масалалари кўриб чиқилди.

Сўнгги йилларда  дунё миқёсида бўлаётгани сингари, юртимизда ҳам халқнинг озиқ-овқат хавфсизлиги ва ички истеъмолни сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлашнинг аҳамияти ортиб бормоқда. Бу борада сувдан оқилона фойдаланишнинг ўрни алоҳида бўлиб, шу асосдаги ишларнинг самарали ташкил қилингани боис анча йиллардан буён илк бор Қорақалпоғистонда етиштирилган картошка маҳсулоти бозорларимизга етказиб бериляпти.

Таъкидлаш керакки,республикамизда озиқ-овқат хавф­сизлигини таъминлаш йўналишида амалга оширилиши зарур бўлган вазифалар анчагина. Картошкадан ташқари бошқа биринчи даражали истеъмол маҳсулотларини ҳам етиштириш бугунги куннинг талаби ҳисобланади. Шу мақсадда режалаштирилаётган стартегияни амалга ошириш борасида ўтказилган мазкур тадбирда илғор фермерларнинг фикр ва таклифлари тингланиб, улар инобатга олинди.

А.Оразов,

Қорақалпоғистон хабар агентлиги шарҳловчиси.