Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев республикамиз ҳудудидаги тадбиркорлар билан фикрлашиш, уларнинг фаолиятида учраётган муаммоларни аниқлаш ва республикамизни ривожлантириш йўналишидаги вазифаларни белгилаб олиш мақсадида
бир гуруҳ тадбиркорлар билан учрашув ўтказди.
Унда Президентимизнинг 2022 йил 31 августдаги фармони асосида Қорақалпоғистондаги тадбиркорлик субъектлари учун солиқ юкларини камайтириш, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги янги лойиҳаларга узоқ муддатли имтиёзли кредитлар ажратиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан кафолатлар бериш, экспортёр корхоналарнинг транспорт харажатларининг бир қисмини қоплаб бериш бўйича бир қатор имтиёзлар берилганлиги таъкидлаб ўтилди.
Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикасини ривожлантириш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича Президентимизниинг яна бир тарихий ПФ-129 сонли фармони қабул қилингани, шу асосда республикамиз тадбиркорлари учун улкан имкониятлар яратилгани алоҳида қайд этилди. Мазкур фармон асосида Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан 100 млн. АҚШ доллари ажратилади.Тижорат банклари томонидан инвестициявий лойиҳаларни молиялаштириш учун чет эл валютасида 5 фоизлик, миллий валютада 12 фоизлик ставкаларда 10 йил муддатга 5 йиллик имтиёзли давр билан Марказий банкнинг асосий ставкасидан юқори бўлмаган миқдорда кредитлар ажратилади. Бунда тижорат банкининг маржаси хорижий валютадаги кредитлар бўйича 1 фоиз, миллий валютадаги кредитлар бўйича 2 фоиз миқдорида белгиланади.
Халқаро молия институтларидан қўшимча 200 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит маблағлари тортилади. Миллий ва чет эл валютасида ажратиладиган кредит миқдоридан 75 фоизигача, бироқ, 5млрд. сўмдан ошмаган миқдорда кафиллик шартномаси берилади. Кичик ҳамда ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналарида инвестициявий мажбуриятларини бажарган тадбиркорларга ер участкалари, бино ва объектларни хусусийлаштириб бериш тартиби белгиланади.
Ҳудудда савдога қўйилган давлат мулк объектлари 3 ой муддатда сотилмаган тақдирда уларни электрон танлов асосида энг яхши таклиф киритган номзодга инвестиция киритиш мажбурияти билан бериш тартиби жорий қилинади.
2023-2024 йилларда Нукус шаҳрида 1 млн. АҚШ доллари, қолган туманларда 300 минг АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиш мажбурияти билан лойиҳа ташаббускорларига ер участкаларини бевосита узоқ муддатли ижара ҳуқуқи асосида бериш тизими жорий қилинади.
Учрашувда қорақалпоғистонлик тадбиркорлар учун ажратилган ана шундай аҳамиятли шароитлар тўғрисида батафсил тушунчалар берилди.
Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда юртимиз иқтисодиётини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, янги иш ўринларини яратишда тадбиркорларнинг ўрни алоҳида. Уларни қўллаб-қувватлаш борасида бир қанча шароитлар яратилиб, имкониятлар берилаётган бир вақтда айрим муаммолар ҳам учрамоқда.
Жўқорғи Кенгес Раиси яқин мулоқот давомида тадбиркорларни қийнаётган муаммоларни тинглади ва ҳар бир тадбиркор қўллаб-қувватланиши, уларнинг ўз фаолиятини йўлга қўйишига тўсқинлик қиладиган ҳар қандай раҳбарга тегишли жазо чораси қўлланилиши, тадбиркорларнинг фаолиятини ривожлантириш бўйича барча тадбирлар амалга оширилишини таъкидлаб ўтди.
Ўз навбатида тадбиркорлар томонидан бир нечта муҳим масалалар кўтарилди ва ҳар бир масала Жўқорғи Кенгес Раисининг шахсий назоратига олинди.
Учрашувда тегишли вазифалар белгиланиб, экспорт ҳажмини кенгайтириш чораларини кўриш борасида топшириқлар берилди
Қорақалпоғистон хабар агентлиги.