ЯНГИ ИМКОНИЯТЛАРДАН САМАРАЛИ ФОЙДАЛАНАМИЗ


Бир неча йилдирки 20 август  –  Тадбиркорлар  куни, дея алоҳида белгиланиши ва шу кунларда Президентимиз биз тадбиркорлар билан очиқ мулоқот қилиб қатор имтиёз ва имкониятлар бераётгани тадбиркорларимизни янада шижоат, эртанги кунга ишонч билан ишлашга руҳлантирмоқда.

Айниқса, бу йилги байрам мен учун янада қувончли бўлди. Чунки, мен Президентимизнинг «Тадбиркорлар куни муносабати билан соҳа вакилларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида»ги фармонига мувофиқ «Дўстлик» ордени билан мукофотландим. Бу жуда катта шараф бўлиши билан бирга катта масъулият ҳамдир.

Маълумки, Президентимизнинг Оролбўйи ҳудудларини ривожлантиришга қаратган эътибори туфайли Мўйноқ туманида 2017 йилдан оламшумул ўзгаришлар юз бера бошлади. Орол денгизининг қуриган тубида барпо этилаётган яшил қопламалар, Мўйноқдаги бунёдкорлик ишлари ва денгизнинг экологик инқирозига жаҳон ҳамжамияти эътибори қаратилди. Мўйноққа ташриф буюрадиган сайёҳлар оқими ортишини ҳисобга олиб, биз, 2017 йилда “MUINAK-TOUR”  маъсулияти чекланган жамиятини ташкил қилдик.

Тадбиркорларга яратилган шароитлардан келиб чиқиб имтиёзли кредит маблағлари ҳисобидан автотранспорт воситалари, Мўйноқ туманидан меҳмонхона ва туристлар кўп ташриф буюрадиган ўринларда қорақалпоқ миллий “Қора уй” (ўтов) лагерларини ташкил қилдик.

Президентимизнинг тадбиркорлар билан бу йилги учрашувида ҳам бизларга янада катта имкониятлар берилди. Мен улардан самарали фойдаланишни ўз олдимга мақсад қилиб қўйдим. Бугунги кунда фақатгина юртимизга келган сайёҳларга хизмат кўрсатиш билан чекланиб қолмасдан, чет элдаги тур-операторлар билан ҳамкорликни йўлга қўймоқдамиз.

Бу борада Германияда ўтказилган “Берлин — 2023” халқаро туризм  ярмаркасида иштирок қилиб қайтдим. У ерда 180 дан ортиқ давлатларнинг сайёҳлик компаниялари иштирок қилди ва биз уларнинг кўпчилиги билан танишиб, биргаликда юртимизга сайёҳларни жалб қилиш борасида ишларни йўлга қўймоқдамиз.

Ҳозирги кунда Қорақалпоғистон Республикаси Оролбўйи минтақасида саёҳат, зиёрат учун қулай шароит яратиш, яъни Европа, Осиё ҳамда бошқа қитъалардан келадиган сайёҳлар қатновини кўпайтиришга қаратилган тадбирлар юзасидан режамизни белгилаб олганмиз.

Ўтган йилда 5 минг 209 нафар сайёҳга хизмат кўрсатган бўлсак, жорий йилнинг ўтган даврида 3 минг 450 нафар сайёҳлар хизматларимиздан фойдаланди. Корхонамизда 25 нафар ёшлар доимий иш ўрнига эга.

Жамоамиз билан биргаликда ҳозирда сайёҳларга хизмат кўрсатадиган йўналишларни 12 та туристик  йўналишга етказдик. Давлатимиз раҳбари яратиб бераётган имкониятлардан янада кенгроқ фойдаланиб, фаолиятимизни кенгайтириш, Қорақалпоғистондаги диққатга сазовор бошқа ҳудудлар бўйича ҳам янги  туристик  йўналишларни очишни режалаштирмоқдамиз.

Мен юксак мукофот ва барча яратилган имкониятлар учун Президентимиздан чексиз миннатдорман.

Амина Бекжанова,

“MUINAK-TOUR” маъсулияти чекланган жамияти директори.

“Дўстлик” ордени соҳибаси.