АҚЧАКЎЛНИ КЎРМАБСИЗ…


Сўнгги йилларда юртимизда туризмни ривожлантириш, яратилган имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда, чет эллик сайёҳларни ўлкамизга жалб қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Буни тарихий обидаларга бой ҳудуд – Қорақалпоғистоннинг Элликқалъа тумани мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Туманда туризмни ривожлантиришга кенг имкониятлар бор.

Энди туманга ташриф буюрган меҳ­монлар асрлар давомида сақланиб келаётган тарихий обидалар билан та­нишиш баробарида Ақчакўл бўйидаги ажойиб табиат қўйнида ҳордиқ чиқа­риш имкониятига ҳам эга бўлди.

Номи афсонага айланган Ақчакўл бўйида яқинда замонавий сайёҳлик зонаси фойдаланишга топширилди. Ҳақиқатан, бу ернинг табиати бошқа­ча. Ёзнинг жазирама кунларида кўл бўйида майин шамол эсиб, қалбингиз­га яхши кайфият бахш этади. Бундай мўъжизавий масканни Қорақалпоғис­тоннинг бошқа жойларидан топа ол­майсиз.

— Ақчакўл бундай чиройли бўлиб кетади, деб кутмаган эдик. Бу ер бу­гун биз учун, оиламиз учун, ёшлар ва қариялар учун жуда файзли дам олиш масканига айланибди, — дейди шу ту­манда яшовчи Саломат Абдуллаева. — Мана, янги Ўзбекистонда янгича ҳаёт ҳукм сураётган бир пайтда Ақчакўл атрофида ҳам мўъжизавий марказ иш бошлабди. Албатта, биз бундан жуда хурсандмиз. Бошқача айтсам, Ақчакўл­ни кўрмабсиз, бу дунёга келмабсиз.

Бу туристик зонада маҳаллий ва хорижий сайёҳлар мароқли дам оли­ши учун барча шарт-шароит яратил­ган. Хусусан, 750 метрли пляж, пляж футболи ва пляж волейболи майдон­чалари, овқатланиш ва савдо шохоб­чалари, воркаут ва болалар учун рақс майдончалари мавжуд. Ушбу туристик зонанинг қурилиш ишлари учун ма­ҳаллий бюджетдан 10 миллиард сўм ажратилди ва қисқа вақт мобайнида қуриб битказилди.

— Бу ерга мактабда ўқиган даври­миздан бошлаб келамиз. Ақчакўлни жуда яхши кўраман. Кўлни Ўзбекис­тоннинг Швейцарияси деб таърифла­шади, — дейди шу туманлик Гулистон Ражабова. — Дам олиш зонаси айнан шу ерда ташкил этилишини тўғри қарор деб ҳисоблайман. Бу билан сайёҳлар­ни жалб қилиш орқали туманнинг иқ­тисодий юксалишига ҳам катта ҳисса қўшилади. Юртимизда мана шундай масканлар кўплаб очилади деб умид қиламан.

Дам олиш масканида ҳар хил тад­бирлар ташкил этиш учун 774 ўринли замонавий амфитеатр қурилган.

— Мен илгари ҳам бу ерга келган­ман. Лекин авваллари бундай бунёд­корлик йўқ эди, — дейди Замирахон Худойқулова. — Давлатимиз томони­дан берилаётган эътибор туфайли Ақчакўл соҳиллари туристик зонага айланмоқда. Амфитеатрда ҳар хил концертлар ташкил этиляпти, тад­биркорлар савдо хизматини йўлга қўймоқда. Албатта, бунинг барчаси оилавий дам олиш учун ҳам, чет эл сайёҳлари учун ҳам жуда катта қу­лайликлардир.

Элликқалъа тумани тарихий ёдгор­ликларга бой. Масалан, Тупроққалъа ёдгорлиги милодий III асрда Кушон империясидан ажралиб, мустақиллик­ни қўлга киритган Хоразм давлатининг пойтахти бўлган. Бу ерга келган киши зардўштийлар даврига хос, оловга си­ғинувчилар учун махсус хоналарни, Хо­разм шоҳи чет эллик элчиларни қабул қилган кенг ва маҳобатли зални кўздан кечириши мумкин. Қазилмалар жараё­нида топилган, эрамиздан олдинги IV-III асрларга оид тарихий буюмлар эса туман археология ва ўлкашунослик му­зейида сақланмоқда.

Туманда Аёзқалъа, Қўйқирилган­қалъа, Бургутқалъа, Ёнбошқалъа, Гул­дурсунқалъа, Қаватқалъа сингари қа­тор обидалар III-IV асрларга таллуқли.

Бугунги кунда Қорақалпоғистонда 288 та моддий-маданий объект бўлиб, шундан 131 таси археология, 24 таси архитектура ёдгорлиги, 88 таси мону­ментал ва 45 таси диққатга сазовор жой ҳисобланади. Бугун уларни сайёҳ­ларга танитиш, жозибадор масканга айлантириш ишлари тобора кенг қулоч ёймоқда.

Минажатдин ҚУТЛИМУРАТОВ,