Фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун ҳамюртларимиз тақдирландилар


Шу йил 21 декабрь куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида «Фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун» кўкрак нишонини топшириш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Жамоат фонди томонидан жорий этилган 5 ва қўшимча 6-давлат гранти танлови ғолибларини тантанли тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг ўринбосари О.Ҳамроев кириш сўзи билан очди.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг биринчи ўринбосари Э.Тожиев Президентимиз раҳбарлигида давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида демократик ўзгаришларни амалга оширишда нодавлат нотижорат ташкилотларини ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтларининг роли ва аҳамиятини, ижтимоий фаоллигини ошириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирларга тўхталди.

Таъкидланганидек, бугунги кунда мамлакатимизда 9200, жумладан бизнинг республикамизда 600 дан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилотлар жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини, демократик қадриятларни муҳофаза қилиш йўлида хизмат қилмоқда. Бунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 майдаги «Мамлакатни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг ролини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони алоҳида аҳамиятга эга бўлди. Ушбу Фармон билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича маслаҳат кенгаши, Жўқорғи Кенгес қошида нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари масалалари бўйича доимий иш олиб борувчи комиссия ва жамоат фонди ташкил этилиб, уларнинг асосий вазифалари белгилаб берилди.

Мамлакатимизда эркин фуқаролик жамиятини шакллантириш ва ривожлантириш, инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, демократик қадриятларни ҳимоя қилиш, аҳолининг сиёсий маданияти ва ҳуқуқий онгини ошириш, давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасида ижтимоий шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш ишларига муносиб ҳисса қўшиб келаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари ҳамда ташаббускор фуқароларни  рағбатлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 ноябрдаги қарори билан «Фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун» кўкрак нишони таъсис этилди. Бизнинг республикамиздан нодавлат нотижорат ташкилотларининг 6 вакили ушбу кўкрак нишонига муносиб деб топилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги жамғарма томонидан эълон қилинган «Жамиятда миллатлараро бағрикенглик, тинчлик, ўзаро меҳр-мурувват ва дўстлик муҳитини мустаҳкамлашга қаратилган лойиҳаларни рағбатлантириш» мавзусида 5 та ва Инсон ҳуқуқлари бўйича бутун дунё декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллиги муносабати билан эълон қилинган «Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари-юксак қадрият» деб номланган қўшича 6-давлат гранти танловларида республикамиздан 6 ташкилот Парламент комиссияси томонидан ғолиб деб топилди.

Тадбирда кўкрак нишонлари ва давлат гранти сертификатлари ўз эгаларига тантанали равишда топширилди.

Мукофотланганлар ва ғолиблар номидан «Ишонч» ахборот-маърифий, ресурс маркази раҳбари Н.Абдуллаева, «Жайҳун илҳомлари» нодавлат нотижорат ташкилоти бошқарма аъзоси ­.Ешниязов, Фуқаролик ташаббусларни қўллаб-қувватлаш маркази Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими раиси Г.Жоллибекова, «Бердақ» жамоат жамғармаси раиси Ш.Пайзуллаева сўзга чиқиб, мамлакатимизда нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини ривожлантириш, уларни қўллаб-қувватлашга қаратилаётган алоҳида эътибори учун ­Президентимизга чуқур миннатдорлик билдиришди.

Д. АБИБУЛЛАЕВ,

Қорақалпоғистон хабар агентлиги шарҳловчиси.