Шўманой:
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 32 йиллик байрами юртимизда кенг нишонланмоқда.
Шўманойликлар ҳам байрамни уюшқоқлик билан кўтаринки руҳда ўтказишмоқда.
Жумладан, туманда “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” деган бош ғояни ўзида мужассам қилган адабий-театрлаштирилган байрам шодиёнаси ўтказилди.
Унда туман раҳбарлари ва кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди.
Ҳоким Баҳодир Янгибоев туманда сўнгги йилларда халқ хўжалигининг турли соҳаларида қўлга киритилаётган ютуқлар, овулларда юз бераётган янгиланиш ва ўзгаришлар тўғрисида батафсил таъкидлаб, тадбир иштирокчиларини Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 32 йиллик байрами билан қизғин табриклади.
Шундан сўнг маданият ва санъат усталари томонидан бадиий-театрлаштирилган концерт дастури намойиш қилинди. Тадбир йиғилганларга хуш кайфият бағишлади.
***
Мўйноқ:
Ҳаким ота овул фуқаролар йиғинида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигиниг 32 йиллиги муносабати билан “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” шиори остида байрам тадбири бўлиб ўтди.
Унда туман раҳбарлари ва ҳудуд фуқаролари қатнашди.
Байрам томошасида Мўйноқ тумани ҳокими Б.Менглибеков, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерациясининг Қорақалпоғистон Кенгаши раиси У.Жалменовлар сўзга чиқиб, овул халқини мустақиллик байрами билан табриклади. Шунингдек, сўнгги йилларда Президентимизнинг алоҳида эътибори натижасида Мўйноқ тумани аҳолисининг яшаш шароитини яхшилаш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар, ижтимоий-иқтисодий йўналишдаги самарали ўзгаришлар,қурилиш ва ободонлаштириш ишлари эътироф этилди.
Шунингдек, туман маданият бўлими, 2-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактаби ва бошқа таълим муассасалари ўқувчи ва тарбияланувчилари томонидан “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” бош ғоясини ўзида мужассам этган саҳналаштирилган концерт дастури намойиш қилинди.
***
ҚОНЛИКЎЛ:
Юртимизнинг энг улуғ,энг азиз байрами саналган мустақиллик байрами Қонликўл туманида ҳам юксак савияда ўтказилди.
“Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” шиори остида ўтказилган байрам тадбирида туман раҳбарлари, депутатлар, ҳудуд фаоллари, нуронийлар ва ёшлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Унда туман ҳокими Б.Султанов, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси Ш.Ўтемисовлар сўзга чиқиб, йиғилганларни Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 32 йиллик байрами билан қизғин табриклаб, сўнгги йилларда юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг натижалари хусусида тўхталишди.
Жумладан, Қонликўл туманини ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан янада ривожлантириш, халқнинг фаровон ҳаёт кечиришини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишларга тўхталиб, эришилган ютуқларнинг барчаси юртимиз тинчлиги ва осойишталиги ортидан эканлиги таъкидланди.
“Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” ғоясини ўзида мужассам этган бадиий-театрлаштирилган мусиқали концерт дастури тадбир иштирокчиларига хуш кайфият бағишлади.
Тадбирда халқлар дўстлиги, тинчлик, мустақиллик, она-Ватанни тараннум этувчи куй-қўшиқлар янгради.
***
ХЎЖАЙЛИ:
Республикамизнинг барча ҳудудларида бўлгани сингари қадим ва навқирон Хўжайли туманида ҳам Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 32 йиллик байрамига бағишланган “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун” шиори остида байрам тадбири ўтказилди.
Унда сектор раҳбарлари, депутатлар, корхона ва ташкилот раҳбарлари ва кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди.
Тадбирда туман ҳокими Женгис Ермашев сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан юртимизда халқ розилиги йўлида яратилаётган шароитларни эътироф этган ҳолда Юртбошимизга чексиз миннатдорчилик билдирди ва барчани мустақиллик байрами билан табриклади. Шундан сўнг санъаткорлар, Болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчилари томонидан тайёрланган концерт дастури намойиш қилинди.
***
ЭЛЛИКҚАЛЪА
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 32 йиллик байрами республикамизда ўзининг муносиб ўрни ва мавқеига эга Элликқалъа туманида ҳам кўтаринки кайфиятда нишонланди.
“Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун” шиори остида туман марказидаги замонавий амфитеатрда ўтказилган байрам тантанаси Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларининг давлат мадҳиялари билан бошланди.
Байрам тадбирида Элликқалъа тумани ҳокими С.Авезов йиғилганларни мустақиллигимизнинг 32 йиллиги билан табриклаб, сўнгги йилларда мамлакатимиз халқ хўжалигининг барча соҳаларида эришилган ютуқлар ва ривожланишларни фахр билан тилга олди.
Айниқса, сўнгги 5-6 йил ичида халқнинг фаровон ҳаёт кечириши учун яратиб берилаётган имконият ва шароитлар, ҳудудлардаги ўзгариш ва янгиланишларни сўз билан ифодалаш қийин. Сабаби, сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, қабул қилинаётган фармон ва ҳуқуқий ҳужжатлар халқнинг ҳаётдан рози яшашига хизмат қилмоқда.
Байрам тадбирида халқаро ва давлат миқёсида ўтказилиб келинаётган нуфузли спорт мусобақаларида ғолибликни қўлга киритиб, юртимиз шарафини дунёга танитишда муносиб ҳиссаларини қўшиб келаётган бир гуруҳ элликқалъалик ёш спортчиларга туман ҳокимлиги томонидан қимматбаҳо совғалар топширилди.
Тадбирда санъат усталари ва маданият бўлими томонидан тайёрланган театрлаштирилган концерт дастури намойиш қилинди.
Қорақалпоғистон хабар агентлиги.