Ўзбекистон Бадиий академияси Қорақалпоғистон бўлимининг кўргазмалар саройида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 32 йиллигига бағишлаб республикамиз ижодкорлари ўртасида ўтказиб келинаётган “Энг улуғ, энг азиз” танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Унда Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Кенгесбай Каримов, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Қорақалпоғистон бўлими раиси Кенгесбай Реймов, Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси Алланазар Абдиевлар сўзга чиқиб, танловга республикамиз ёзувчи-шоирлари, журналист, рассом, дизайнерлар “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” ғоясини ўзида мужассам этган таҳлилий мақолалари, шеърият, наср йўналишидаги асарлари, тасвирий санъат асарлари, телекўрсатув ҳамда радиоэшиттиришлари билан иштирок этганлиги ва улар орасидан энг кучлилари ғолиб сифатида танлаб олинганлигини таъкидлаб ўтишди.
Жумладан, таниқли шоир Базарбай Атамуратов она — Ватан ва мустақилликни тараннум қилувчи янги шеърий тўплами учун, “Еркин Қарақалпақстан”-“Вести Каракалпакстана” газеталари бош муҳаррири вазифасини бажарувчи Қурбанбай Байниязов ва Ўмирбек Ермановлар газеталарда чоп этилган журналистик мақолалари, рассом Василий Жапаров тасвирий санъат соҳасидаги ижодий ишлари учун, Жулдиз Исламова Қорақалпоғистон телевидениесида тайёрлаган телекўрсатувлари, “Жеткиншек” газетасидан Қабил Бегимов фото ва дизайн соҳасидаги ижодий ишлари, Қарақалпақстан хабар агентлиги шарҳловчиси Адилбай Жийемуратов интернет-журналистикаси йўналишидаги мақолалари учун ғолиб деб топилди ва ташкилотчилар томонидан махсус диплом ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
— Менинг камтарона ижодимни муносиб баҳолагани учун танлов ҳакамларига ўз миннатдорлигимни билдираман ва келгусида ижод билан янада кўпроқ шуғулланиш йўлида ўз куч-ғайратимни аямайман, — дейди танлов ғолибларидан бири, ҳамкасбимиз Адилбай Жийемуратов.
Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон хабар агентлиги.