МУСТАҚИЛЛИК МАДҲИ


Гулистон МАТЁҚУБОВА,

Қорақалпоғистон халқ шоири

Қадр-қимматимсан туғилган элим,

Таянч-ифтихорим, саждагоҳимсан.

Халқимнинг ғурури, кўзимнинг нури,

Бизга ота мерос зар тупроғимсан.

 

Асрлар орзиқиб, интилиб етган,

Озодлик ҳаётнинг маъно мазмуни.

Онгу-шууримиз кундек ёритган,

Ассалом, истиқлол-эрк, иқбол куни.

 

Ўз тақдиримизга ўзимиз султон,

Ер ости, устида тошар бойликлар.

Азалдан сахийдир бу ота макон

Улуғлиги ҳам шу ҳотамтойликда.

 

Тикланиб, бўй олган қадриятимиз,

Буюк тарихимиз баркамоллиги.

Ҳикмат эрур дину-диёнатимиз,

Беқиёс кучимиз бунёдкорликда.

 

Мустақиллик нима, озодлик нима,

Ҳеч кимга бўлмаслик тобъе ё қарам.

Узоқни кўзлаган мақсадлар билан,

Ватан пойдеворин қилмоқ мустаҳкам.

 

Мустақиллик — ҳуқуқ, фаровонликдир,

Жаҳон ичра ортган элнинг нуфузи.

Давлатнинг бойлиги тинч омонликдир,

Юксалиб, порлаган тинчлик юлдузи.

 

Мустақиллик — бахтли кунларга замин,

Ёшлар давом этган, равнақ топган иш.

Янгиланиб, гуллаб ҳар лаҳза, ҳар кун,

Яна обод бўлган фаровон турмуш.

 

Мустақиллик орзу мақсадга тўлиб,

Яшаётган, жасур, бахтиёр авлод.

Мустақил фикрлаб, дунёни билиб,

Ишлаган ишидан бахт бўлиб бунёд.

 

Биз кеча ким эдик, бугун ким бўлдик,

Унутилмас халқнинг оғир ҳаёти.

Қарамлик тобъелик элга дард эди,

Эрк учун етмади қурби, саботи.

 

Ортда энди ночор, аянчли онлар,

Мустақиллик — халқнинг орзусига мос.

Тоғдай маҳкам Ватан эришган шонлар,

Озод, обод, кўркам ҳаётга асос.

 

Ўз куч-қудратига ишонган халқим,

Ўғлонларинг сақлар сарҳадларингни.

Миллий армиямиз тинчликни асраб,

Оширади буюк қудратларингни.

 

Биз бугун кечаги одамлар эмас,

Эл ободдир озод меҳнатимиздан.

Бизни улғайтирди бу эркин нафас,

Бизни шарафлади шу ота макон.

 

Ҳар қандай разил куч, ҳар қандай ғоя,

Бу йўлдан қайтара олмайди бизни.

Тараққий этган кўп юртлар олдида,

Юксакда кўрамиз давлатимизни.

 

Хушёрлик, уйғоқлик матлабимиздир.

Дўст-биродор бўлиб яшар одамлар.

Меҳр-оқибат ҳам мақсадимиздир.

Беғам, бепарволик ёт ҳар қадамга.

 

Халқимиз ҳурматда, ҳамжиҳатликда,

Яшар узоқ-яқин ўлкалар билан.

Осудалик топиб шу аҳилликдан,

Байроғи баландда юксалар Ватан.

 

Қадр-қимматимсан туғилган элим,

Таянч ифтихорим, саждагоҳимсан.

Халқимнинг ғурури, кўзимнинг нури,

Бизга ота мерос зар тупроғимсан.

 

* * *

Бугун озод халқнинг улуғ байрами,

Олий неъматимиз, истиқлолимиз.

Лол қолдириб бугун жумла жаҳонни,

Юксал, дунёни тут, ҳур иқболимиз.

 

Халқ манфаатларида яшар адолат,

Истиқлолдан топган қадр-қимматимиз.

Жадал тараққиёт халқимизга мос,

Ишончдан юксалган куч-қудратимиз.

 

Матонат кўрсатган азамат халқим,

Жаҳон аҳли кўзи бизга ҳавасда.

Янги жамиятнинг, янги авлоди,

Янги турмуш қурар янги нафасда.

 

Обод уйлар, обод қишлоқ, шаҳарлар,

Ўзга тароватда гўзал заминим.

Ўзгарди ҳаётнинг маъно мазмуни,

Ўзгариб шуурда онгу тафаккур.

 

Менинг она юртим, сўлим бағрингда,

Олийжаноб, гўзал инсонлар яшар.

Шу юрт учун, бахтли келажак учун,

Қалбларда дарёдай куч-қудрат тошар.

 

Бетакрор муқаддас заминимизда,

Янгра баланд мустақиллик созимиз.

Дунёда беқиёс, озод бахт учун ,

Сенга бугун фахримиэ эъзозимиз.

 

Қийинчилик, синов тоблади элни,

Мардона бардошдан тобланди Ватан.

Истиқлолни асраш энг улуғ мақсад,

Танлаган йўлимиз мангуликка тан.

 

Бугун озод халқнинг улуғ байрами,

Ватанни асрагай шон–шавкатимиз.

Лол қолдириб жумла-жаҳон, оламни,

Мангу бор бўл, мустақил давлатимиз.

 

* * *

Ассалом азиз юрт ота маконим,

Она юрагидан бошланган гўша,

Тошиб оқиб турса томирда қоним,

Умид ҳам, мақсад ҳам қўша ва қўша.

 

Қутлуғ бўлсин юртим шу азиз байрам,

Қувонч лаҳзалари — орзули оним,

Мустақиллик йўли метиндек маҳкам,

Менинг жаннат юртим — Ўзбекистоним.

 

Бағрингда қудратли фарзандларинг бор,

Тоғлардан баланддир инобатлари,

Сен қадим заминни яшартган диёр,

Париждан кўринар салобатларинг.

 

Оппоқ саҳарларда туғилар поклик,

Қалдирғоч уяси айвонларингда,

Истиқлол яратган ойдин ободлик,

Меҳр улашади инсонларингга.

 

Ватан муҳаббати — қанотли тулпор,

Шиддати янгилар она юрт шаънин,

Залворли қадаминг кучли, улуғвор,

Безагай ҳур замин — олам гулшанин.

 

Қутлуғ бўлсин юртим шу азиз байрам,

Қувонч лаҳзалари — орзули оним,

Мустақиллик йўли метиндек маҳкам,

Менинг жаннат юртим — Ўзбекистоним!