ТОМОРҚА ОРТИДАН ДАРОМАД ТОПАЁТГАНЛАР


Чимбой тумани «Қамсариқ» овул фуқаролар йиғинидаги 1263 та хонадонда жами 7 минг 113 нафар аҳоли яшамоқда.

Ҳудудда 61 та деҳқончилик, чорвачилик, боғдорчилик ва яна ­бошқа соҳаларга ихтисослаштирилган фермер хўжаликлари ташкил қилинган.

Жорий 2023 йилининг ўтган 8 ойи давомида аҳолининг турмуш шароитларини яхшилаш ва уларнинг иш билан бандлигини таъминлаш борасида қатор ишлар амалга оширилган. Жумладан, ҳоким ёрдамчисининг тавсиясига кўра 122 нафар фуқарога тадбиркорлик, ҳунармандчилик, балиқчилик, асаларичилик, боғдорчилик, деҳ­қончилик ва хизмат-кўрсатиш соҳалари билан шуғулланиши учун “Online mahalla” платформаси орқали 1 млрд. 910 млн. сўм имтиёзли кредит маблағи ажратиб берилган.

Бундан ташқари, ҳудуд аҳолиси томорқасидаги ерлардан самарали фойдаланиб, ҳар хил деҳқончилик ва боғдорчилик маҳсулотларини етиштириб оила бюджетига қўшимча даромад киритиб келяпти. Шу овулда яшовчи нуроний Тенелбай Бекимбетовни кўпчилик намунали томорқачи сифатида жуда ҳурмат қилишади.

Унинг 6 сотих майдондаги томорқасидан оладиган даромади йил сайин ошиб бормоқда. Иссиқхона ҳам ташкил қилган. Ҳозирда Тенелбой оғанинг томорқа ерида помидор, сабзи, картошка, булғор қалампири, узум каби бир нечта турдаги сабзовот ва мева маҳсулотлари пишиб етишган.

М.ҲАБИБУЛЛАЕВ олган сурат.