Билим — қайтариш ва такрорлаш мевасидир


Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1050 йиллигига

Билим — қайтариш ва такрорлаш мевасидир

Мазкур ҳикмат муаллифи, буюк қомусий олим ва аллома Абу Райҳон Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний 973 йил 4 сентябрда қадимги Кот шаҳри (Ҳозирги Беруний тумани ҳудуди)да таваллуд топган. Унинг насл-насабида “берун” сўзи “ташқи шаҳар”, “беруний” эса “ташқи шаҳарда яшовчи киши” маъносини билдиради.

Берунийнинг илм-фанга қизиқиши ёшлигиданоқ кучли бўлган. Машҳур олим Абу Наср ибн Ироқ Мансур қўлида таълим олади. Ибн Ироқ фалаккиёт ва риёзотга оид бир қанча асарлар ёзиб, шулардан 12 тасини Берунийга бағишлайди. Беруний ҳам устозининг исмини ҳамма вақт зўр ҳурмат билан тилга олади. Беруний она тилидан ташқари яна бир қанча тилларни: араб, сўғдий, форс, сурёний, юнон ва қадимги яҳудий тилларини, кейинчалик Ҳиндистонда санскрит тилини ўрганади.

Ўз илмий асарларидан бирида ёзишича, у Хоразмда яшаган даврида, 990-йиллардан бошлаб Кот шаҳрида муҳим астрономик кузатишлар ўтказган. Бу кузатишлар учун ўзи астрономик асбоблар ихтиро этган. Хоразм зодагонлари орасида тахт учун бошланган курашлар олимнинг бу илмий ишларини давом эттиришга имкон бермаганлиги боис, 22 ёшида ватанини ташлаб чиқиб кетишга мажбур бўлган ва бир қанча вақт Каспий денгизининг жануби-шарқий соҳилидаги Журжон шаҳрида муҳожирликда яшаган. Сўнг қадимги Рай шаҳрига, 998 йилдан кейин яна Журжонга келиб бу ерда ўзининг иккинчи устози табиб, астроном, файласуф Абу Саҳл Исо ал-Масиҳий билан танишиб, ундан таълим олади. Беруний «Осор ал-боқия ан ал-қурун ал-холия» («қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар») асарини Журжонда муҳожирлик даврида ёза бошлаган ва 1000-йилда тамомлаган. «Осор ал-боқия» Берунийга жуда катта шуҳрат келтиради, уни фаннинг ҳамма соҳасига қизиқувчи буюк олим эканини кўрсатади. Бундан ташқари, Беруний Журжонда астрономия, нетрология тарихига оид 10 дан ортиқ асар ёзади. Беруний Хоразмнинг янги ҳукмдори Абу Аббос Маъмун II ибн Маъмун томонидан мамлакатнинг янги пойтахти Урганчга чақиртирилади. У Хоразмшоҳ томонидан жуда катта иззат-икром билан қабул қилинади. Беруний Урганчда Маъмуннинг бевосита раҳнамолигида вужудга келган илмий марказда фаолият кўрсатган.

Беруний шоҳ Маъмун II нинг энг яқин маслаҳатчиси сифатида мамлакатнинг сиёсий ишларида ҳам фаол қатнашади. Лекин Хоразмнинг Маҳмуд ­азнавий томонидан босиб олиниши Беруний ҳаётини хавф остига қўяди. У Хоразмшоҳ саройидаги барча олимлар билан бирга ­азна шаҳрига асир қилиб олиб кетилади. Берунийнинг 1017-1048 йилларда ­азнада кечирган ҳаёти, бир томондан ниҳоят оғир кечган бўлса, иккинчи томондан, унинг илмий фаолияти учун энг сермаҳсул давр бўлди. Берунийнинг «Хоразмнинг машҳур кишилари» асари ҳам шу даврда яратилган. Унинг муҳим астрономик-географик асари «Таҳдид ниҳоёт ал-амония ли тасҳиди масофат ал-масокин» («Турар жойлар орасидаги масофани текшириш учун жойларнинг охирги чегараларини аниқлаш» — «Геодезия») 1025 йилда ёзиб тугатилган. Берунийнинг «Мунажжимлик санъатидан бошланғич тушунчалар» асари ҳам 1029 йил ғазнада ёзилган. Асарнинг форсча, арабча нусхалари бизгача етиб келган. Унда ўша замон астрономияси билан боғлиқ бўлган бир қанча фанлар ҳақида муҳим маълумотлар берилган. Берунийнинг «Ҳиндистон» номли машҳур йирик асари «Таҳқиқ мо ли-л-Ҳинд мин маъқуда мақбула фи-л-ақл ав марзула» («Ҳиндларнинг ақлга сиғадиган ва сиғмайдиган таълимотларини аниқлаш китоби») 1030 йилда ёзилган бўлиб, бу шоҳ асар ­арб ва Шарқ олимлари, шу жумладан, ҳозирги замон ҳинд олимлари томонидан юксак баҳоланган. Академик В.Р.Розен «Шарқ ва ­арбнинг қадимги ва Ўрта асрдаги бутун илмий адабиёти орасида бунга тенг келадиган асар йўқ», деб баҳо берган. Маҳмуд ­азнавийнинг Ҳиндистонга қилган юришларидан бирида шоҳга ҳамроҳ бўлган Беруний, у ерда санскрит тилини пухта ўрганиши ҳинд маданияти адабиёти ва Ҳиндистоннинг ўша давр олимлари билан яқиндан танишишига ҳамда бу мамлакат ҳақида ўлмас асар яратишига имкон беради. «Ҳиндистон» асари ёзиб тугатилган йили Маҳмуд ­азнавий вафот этади ва унинг ўрнига тахтга ўғли Масъуд ўтиради. Бу даврда Берунийнинг аҳволи анча яхшиланади. У астрономияга оид «Масъуд қонуни» асарини султон Масъудга бағишлади. Ўша аср олимларидан бири Ёқутнинг ёзишича: «Масъуд қонуни» китоби математика ва астрономия бўйича унгача ёзилган ҳамма китоблар изини ўчириб юборган».

Беруний ўз асарлари рўйхатини тузгандан кейин яна иккита муҳим китобини ёзган. Булардан бири «Минералогия»дир. Бу рисола ўз замонаси учун Марказий Осиё ва Яқин Шарқ; ҳатто Оврўпода ҳам минералогия соҳасида энг яхши, тенги йўқ асар ҳисобланади. Берунийнинг охирги асари — «Доривор ўсимликлар ҳақида китоб»ининг қўлёзмаси XX асрнинг 30-йилларида Туркияда топилди. Асар «Сайдона» номи билан машҳур, унда Беруний Шарқ, айниқса, Марказий Осиёда ўсадиган доривор ўсимликларнинг тўла тавсифини беради.

Беруний шогирди Абу-л Фадл ас-Серахсий маълумоти бўйича 1048 йил 11 декабрда вафот этган.

Беруний сўнгги авлодларга катта илмий мерос қолдирди. Берунийнинг ўз даври илм-фанининг турли соҳаларига оид 160 дан ортиқ таржималари, турли ҳажмдаги асарлари, ёзишмалари қолганлиги бизга маълум. Юқорида кўрсатиб ўтилган катта ҳажмдаги асарларидан ташқари астрономия, астрология, математика, геодезия, геология, минералогия, география, арифметика, тиббиёт, фармакогнозия, тарих, филология масалаларига оид қатор рисолалар яратган ва санскрит тилидан арабчага, араб тилидан санскрит тилига таржималар қилган, бадиий ижод билан ҳам шуғулланиб шеър­лар ёзган. «Астрологияга кириш», «Астрономия калити», «Жонни даволовчи қуёш китоби», «Икки хил ҳаракатнинг зарурлиги ҳақида», «Кўпайтириш асослари», «Птолемей «Алмагест»ининг санскритчага таржимаси», «Фойдали саволлар ва тўғри жавоблар», «Фарғоний «Элементлар»ига тузатишлар», «Турклар томонидан эҳтиёткорлик», «Оқ кийимлилар» ва карматлар ҳақида маълумотлар», «Шеърлар тўплами», «Ал-Муқанна, ҳақидаги маълумотлар таржимаси», «Ибн Сино билан ёзишмалар» шулар жумласидандир. Берунийнинг ўша даврда яратган кашфиётларидан бири — глобус ихтиро этганлигидир. У Қуёш атрофида сайёралар айланишини, Ер эса ана шу сайёралардан бири эканлигини айтади.

XIX асрдан бошлаб Европа ва Осиё мамлакатларида Беруний мероси билан қизиқиш янада кенг тус олган. Унинг асарлари лотин, француз, итальян, немис, инглиз, форс, турк тилларига таржима этила бошланган. Беруний асарларига бағишланган европалик олимларнинг китоблари, таржималари нашр этилган. Тадқиқотчилар Беруний ижодига жуда юқори баҳо берганлар. Америкалик тарихчи олим Ж.Сартон Беруний меросига энг олий баҳо бериш билан бирга, уни ўз даврининг жаҳондаги биринчи донишманди деб таърифлайди. Атоқли шарқшунос В.Р.Розен эса, унга илмий қарашлари таажжуб қоларли даражада кенглиги, унинг ҳозирги маънодаги ҳақиқий фаннинг руҳига хос эканлигини қайд этади. Берунийнинг киндик қони тўкилган ўз ватани Ўзбекистонда ҳам унинг ижодига катта эътибор бериб келинмоқда. Ҳ.М.Абдуллаев, ­И.М.Мўминов, В.Ю.Зоҳидов, Я.­Ғуломов, У.Каримов, С.А.Булгаков, Б.Каримов каби атоқли олимларимиз Беруний фаолияти ҳақида қатор рисола, асарлар яратдилар. Тошкентда унга бағишланган қатор Халқаро илмий конференциялар ўтказилди. Биринчи бор Берунийнинг “Қадимги ёдгорликлар”, “Ҳиндистон”, “Масъуд қонуни”, “Геодезия”, “Сайдона” каби асосий асарларини ўз ичига олувчи кўп томли сайланма асарлари ўзбек ва рус тилларида Ўзбекистон Фанлар академияси томонидан нашр этилди. Фан соҳасида Беруний номидаги Давлат мукофоти таъсис этилди. Марказий шаҳарлардаги кўча ва майдонларга алломанинг номи берилди. Айниқса, Қорақалпоғистон Республикаси Беруний туманида хиёбон барпо этилиб, унинг марказида Беруний бобомизнинг рамзий қабри қўйилиши, шунингдек туман марказида алломанинг баланд ва маҳобатли ҳайкали ўрнатилиши каби эзгу ишларнинг амалга оширилганлиги бизнинг бобокалонимизга бўлган эътибор намунасидир.

Жорий йил буюк аждодимиз Беруний бобомизнинг 1050 йиллиги дунё миқёсида кенг нишонланмоқда. Бу эса барчамизнинг кўнглимизни фахр-ифтихорга тўлдиради.

Жонибек Сеттиев,

Республика Маънавият ва маърифат маркази Тўрткўл туман бўлинмаси раҳбари.