Эҳтиёжманд оилаларга уйлар топширилди


Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, фуқароларнинг яхши шароитда яшаши учун кўплаб эзгу ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 2 февралдаги “Қорақалпоғистон Республикасида аҳоли учун муносиб турмуш шароитларини яратиш ва маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида шароити оғир оилалар ва фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда овул ва маҳаллалар инфратузилмасини  ривожлантириш борасида ишлар олиб борилмоқда.

Жумладан, Беруний туманида ўтказилган хатлов жараёнида 1 минг 189 та уйнинг том қисмини таъмирлаш зарурлиги, 18 та яшаш учун яроқсиз ва авария ҳолатидаги уйлар борлиги аниқланган. Йил бошидан буён яроқсиз ва авария ҳолатидаги барча уйлар қуриб битказилиб, ўз эгаларига топширилди.

Жумладан, тумандаги Қизилқалъа овулида яшовчи Гулзира Aбдуллаева,  Гулистон маҳалласида яшовчи Чинора Юсуповаларнинг оилалари ҳам янги хонадонларга кўчиб ўтди.

Туман секторлари раҳбарлари мазкур хонадонларда бўлиб, уларни янги уйлар билан қутлади. Ўз навбатида янги уйлар эгалари эҳтиёжманд оилаларга кўрсатилаёт­ган алоҳида эътибор ва ғамхўрлиги учун Президентимизга чексиз миннатдорчилигини билдиришди.