КАМТАРОНА ХИЗМАТИМИЗНИНГ ЮКСАК ЭЪТИРОФИ
ишларимизга шижоат бағишлайди
Бу йилги Ўқитувчи ва мураббийлари куни – касб байрамимиз мен ва жамоамиз учун кутилмаган қувончларга тўла бўлмоқда. Гап шундаки, байрам арафасида Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан «Олий таълим аълочиси» кўкрак нишони билан тақдирланиб, институтимиз раҳбарияти ушбу мукофотни тантанали равишда топширган эди.
Орадан бир кун ўтиб, Президентимизнинг “Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармони эълон қилинди. Мазкур фармонга мувофиқ, мукофотланганлар қаторида менинг ҳам исмим борлигидан хабар топгач, ўтган йиллар давомида таълим соҳасида қилган меҳнатларим бир-бир кўз ўнгимдан ўта бошлади.
Чорак асрлик таълим соҳасидаги меҳнатларим давомида 180 дан ортиқ илмий, ўқув-услубий мақолалар ва ўзим муаллифлигимда битта монографияни нашрдан чиқариб, бир қатор халқаро илмий-амалий анжуманларда иштирок қилдим.
Хусусан, бир қатор нуфузли Европа мамлакатлари, Япония, Украина, Беларуссия, Россия ва Ўзбекистон Республикаси миқёсидаги халқаро конференцияларда долзарб мавзулардаги илмий мақолалар билан иштирок қилиб, маърузалар қилдим. Шунингдек, “Гидравлика ва иссиқлик техникаси”, “Полимерлар физикаси”, “Яримўтказгичлар физикаси” каби бир қатор ўқув қўлланмаларни нашрга тайёрлаб, чоп қилдирдим. Негаки, бу йўналишларда қорақалпоқ тилидаги илмий адабиётлар, ўқув қўлланмалари жуда кам. Шу боис талабалар учун ушбу ўқув қўлланмаларни қорақалпоқ тилида нашрдан чиқардик.
Номзодлик диссертациямни ҳимоя қилганимдан сўнг, бу борадаги илмий изланишларимни яна давом қилдирдим. 2011 йили июнь ойида Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси “Физика-Қуёш” ИИЧБ Физика — техника институти ҳузуридаги ихтисослаштирилган кенгашда тегишли мувзу бўйича докторлик диссертациямни ҳимоя қилдим.
Бир неча йилдирки, Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти физика ўқитиш методикаси кафедраси раҳбари сифатида «Фан ва таълимда инновацион технологиялар», «Физика ва экология» мавзусида илмий мақола ва маърузалар билан Республика илмий-назарий ва амалий анжуманларда иштирок қилиб келаман. Шу билан бирга бир неча шогирдларим фалсафа фанлари доктори (PhD) докторлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди.
Бугунги кунда мен фаолият юритаётган Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида 14 минг 618 нафар талабалар таҳсил олса, улар орасида қўшни Қозоғистон, Туркманистон давлатларидан ҳамда Ўзбекистоннинг барча вилоятларидан келиб таҳсил олаётган ёшлар бор. Институтнинг бакалаврият йўналишида 25 та ва магистратурада 22 та йўналишларда кадрлар тайёрланади.
Шу билан бирга қорақалпоқ, ўзбек, қозоқ, туркман, рус ва инглиз тиллари бўйича мутахассислар тайёрланади. Уларга 580 нафарга яқин профессор-ўқитувчилар жамоаси таълим бериб келишмоқда. Биз ўқитувчилар ушбу ёшларни юртимиз тинчлиги ва тараққиёти учун муносиб ҳисса қўшадиган етук кадрлар қилиб тайёрлашдек, масъулиятли ва шарфли ишни заммамизга олганмиз. Бу борадаги камтарона хизматимизнинг юксак эътирофи бизга ёшларга таълим бериш, илмли қилишга қаратилган ишларимизни янада кучайтиришга шижоат бағишлайди.
Албатта, камтарона хизматларимиз давлатимиз раҳбари томонидан эътироф этилиб, юксак орденга муносиб кўрилганим касбимга бўлган ҳурматим ва масъулиятимни янада оширди.
Амангелди Камалов,
Нукус давлат педагогика институтининг физика ўқитиш методикаси кафедраси мудири, «Дўстлик» ордени соҳиби.