“Uzbekistan Airways”: муаммолар жойида ўрганилди


Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасида “Uzbekistan Airways” акциядорлик жамияти вакилларининг сайёр қабули ташкил этилди.

Қорақалпоғистон Республикаси ҳукумати билан ҳамкорликда ташкил этилган  тадбирда  сайёҳлик компаниялари, тадбиркорлар, жисмоний ва юридик шахслар, ёшлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерлар иштирок этди.

Сайёр қабулни ташкил этишдан асосий мақсад йўловчиларни ташиш ва уларга хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш билан боғлиқ масалаларни жойида кўриб чиқишдир. Дастлаб авиакомпания вакиллари йил бошидан буён амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар, йўловчиларга қулайлик яратиш мақсадида олиб борилаётган доимий акциялар ҳақида батафсил маълумот беришди. Aвиапаркни тўлдириш, қатновларни тиклаш ва янги йўналишлар очиш “Uzbekistan Airways” акциядорлик жамиятининг яқин йиллардаги асосий вазифаси ҳисобланади.

Шу жумладан, тадбиркорларни  қийнаётган муаммолар бўйича савол-жавоб тариқасида иштирокчилар билан мулоқот қилинди. Aвиаташувлар бўйича агентлар, сайёҳлик ташкилотлари вакилларининг жаҳон тажрибаси асосида такомиллаштирилиши талаб қилинадиган масалалар бўйича фикр-мулоҳазалари тингланди.

Иштирокчилар томонидан асосан тадбиркорлар етиштирган маҳсулотларни экспорт қилиш юзасидан шарт­номаларни расмийлаштириш, уларни тегишли жойларга сифатли етказиб бериш, авиачипталар нархини арзонлаштириш, Нукус шаҳридан қўшни мамлакатларга, шу жумладан, Қозоғистон Республикасининг бир қатор шаҳарларига  авиарейслар қатновини йўлга қўйиш, авиакомпанияга ишга жойлашиш масалаларида мурожаатлар билдирилди. Уларнинг аксарияти жойида ижобий ечим топди.

Шунингдек, “Uzbekistan Airways” авиакомпанияси томонидан аҳоли билан  учрашувларни ҳар бир ҳудудда уюштириш, йўловчиларни қийнаётган масалаларга ечим топиб, уларнинг таклиф-мулоҳазаларини ўрганиш ишлари тизимли давом этиши таъкидланди.

Д.Абибуллаев.