Нукусда ёшлар форуми


Нукус шаҳрида Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши ташаббуси билан “Бизнинг сафимизда бўл!” шиори остида ёшлар форуми ўтказилди.

Форумни Ўзбекистон ХДП Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши раиси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги партия фракцияси раҳбари Халилла Ешимбетов кириш сўзи билан очди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг асосий мақсади давлат ва жамият томонидан манзилли ижтимоий ҳимоя ва ижтимоий қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд аҳоли қатламлари манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат. Мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг ҳаётда ўз ўрнини эгаллашига кўмаклашиш бўйича бир қанча ижобий ишлар амалга оширилмоқда.

Форум доирасида ёшлар ўртасида “Заковат” интеллектуал ўйини ва спорт мусобақалари ташкил этилди. Шунингдек, партия сафига янгидан қабул қилинган ёшларга партия гувоҳномалари ва эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.

Иштирокчиларга Нукус маданият бўлими санъаткорлари ва Нукус ихтисослаштирилган маданият мактабининг иқтидорли ёшлари томонидан концерт дастури намойиш этилди.