ҚОРАҚАЛПО­ИСТОН ДЕЛЕГАЦИЯСИ ТУНИС ТУРИЗМ ТАЖРИБАСИНИ ЎРГАНИБ ҚАЙТДИ


Жорий йилнинг 15-22 октябрь кунлари Қорақалпоғистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги ташаббуси билан Германия халқаро ҳамкорлик ташкилоти (GIZ) ёрдамида Қорақалпоғистон делегациясининг Тунис Республикасига амалий-ўқув ташрифи ташкил қилинди.

Делегация таркиби давлат органлари раҳбарлари,туризм соҳаси экспертлари, “Muynak Tours”, “Ayaz Yurt”, “Topraqqaia Tour”, “Karakaipak Paiace” туризм корхоналари, шунингдек, Германия халқаро ҳамкорлик ташкилоти вакилларидан иборат.

Ташриф Германия халқаро ҳамкорлик ташкилотининг “Иқтисодий ислоҳотлар ва Ўзбекистон ҳудудларида иқтисодий ривожланишга ёрдамлашиш” лойиҳаси доирасида Қорақалпоғистонда 2023-2026 йилларда туризмни ривожлантириш стратегиясида белгиланган тадбирларни амалга ошириш мақсадида ташкил қилинган бўлиб, асосий мақсад Қорақалпоғистон билан географик жиҳатдан ўхшаш бўлган Тунис Республикасининг туризм соҳасидаги тажрибасини ўрганишдан иборат.

Ташриф давомида делегация аъзолари Тунис Республикаси Туризм ва ҳунармандчилик вазирлиги ва Германия ҳалқаро ҳамкорлик ташкилоти вакиллари билан учрашдилар. Медина шаҳри маданияти ва туризм салоҳияти билан танишдилар ҳамда саҳро ҳудудларидаги туризм объектлари ва жойлашув ўринларининг ишларини ўргандилар.

Маълумот ўрнида, Германия халқаро ҳамкорлик ташкилоти Қорақалпоғистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги билан ҳамкорликда сўнгги йилларда бир қатор лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. Жумладан, Қорақалпоғистонда 2023-2026 йилларда туризмни ривожлантириш стратегиясининг ишлаб чиқилиши асосий йирик лойиҳаларнинг бири ҳисобланади.

Қорақалпоғистон хабар агентлиги.