ХАЛҚИМИЗНИ БИРЛАШТИРУВЧИ ОЛИЙ ҚАДРИЯТ


Олтой тиллари оиласининг туркий гуруҳига кирувчи ўзбек тили қадимий ва бой тил саналади. Бу тилда ифодалаб бўлмайдиган фикрнинг ўзи йўқ. Ўзбек тилининг илк тадқиқотчиларидан бири А.Навоий ўзининг “Муҳокамат-ул луғатайн” (“Икки тил муҳокамаси”) асарида туркий тилнинг нақадар бой тил эканига эътибор қаратади ва уни форс-тожик тили билан қиёслар экан, туркий (ўзбек тили)нинг барча имкониятларини илмий асослайди. Шу билан бирга бошқа тилларни камситмаган ҳолда ҳар бир тилнинг ўзига хос хусусиятларини баён қилади.

Тил ва маънавиятни бир-биридан ажратмаган Фитрат, Чўлпон, Абдулла Қодирий каби жадид ота-боболаримизнинг илмий ва бадиий меросида ҳам тил ҳар бир миллатнинг дунёда борлигини кўрсатадиган ноёб ҳодиса эканлиги, ўзбек тилининг  турли услубларда ўзига хос ифода имкониятларга эга эканлиги таъкидланади. Тилшунос олимлар бугунги кунда ҳам ўзбек тилининг имкониятларини юқори баҳолагани ҳолда туркий тиллар ичида энг бой ва нафис тил эканлигини эътироф этадилар.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 4-моддасида: “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир.  Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратади”,- дейилади. Мазкур модда орқали нафақат давлат тили саналган ўзбек тилининг, шу билан бирга мамлакатимизда истиқомат қилувчи барча миллат ва элат вакилларининг тиллари ҳуқуқий ҳимояга олинади.

1989 йили 21 октябрда қабул қилинган ва 1995 йили 21 декабрда ўзгартиришлар киритилган “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ҳақида”ги Қонуни  24 моддадан иборат бўлиб, унда ўзбек тилининг Ўзбекистон Республикаси  ҳудудида давлат тили сифатида амал қилишининг ҳуқуқий асослари келтирилади. Мазкур Қонунннинг 24-моддасида: Ўзбекистон Республикасида давлат тилига ёки ­бошқа тилларга менсимай ёки хусумат билан қараш тақиқланиши, фуқароларнинг ўзаро муомала, тарбия ва таълим олиш тилини эркин танлаш ҳуқуқини амалга оширишга тўсқинлик  қилувчи шахслар  қонун  ҳужжатларига мувофиқ  жавобгар бўлишлари қатъий белгилаб берилади.

Президентимизнинг 2019 йил 21 октябрдаги “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони, ҳамда “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ 2020-2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепцияси, 2020-2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепциясини  амалга ошириш дастури ишлаб чиқилган. 2020-2030-йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштиришнинг асосий йўналишларида келтириб ўтилган қатор вазифаларга, жумладан, давлат тилининг халқаро миқёсдаги ўрни ва нуфузини ошириш масаласига алоҳида диққат қаратилади. Бу жараёнда хорижий ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш ҳам кўзда тутилади.

2020-2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепциясида ўзбек тилини узоқ муддатли ривожлантиришнинг асосий йўналишлари белгилаб берилар экан, мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётининг барча соҳаларида давлат тили имкониятларидан тўлиқ ва тўғри фойдаланишга эришишни таъминлаш мақсадида амалга оширилиши керак бўлган тадбирлар ва уларни амалга ошириш механизм­лари келтирилади. Таълим ташкилотларида давлат тилини ўқитиш тизимини янада такомиллаштириш, унинг илм-фан тили сифатидаги нуфузини ошириш масалаларига кенг тўхтаб ўтилади ва бу жараёнда умумий ўрта таълим муассасаларида ўзбек тилини ўқитиш тизимини тубдан такомиллаштириш, ўзбек тили бўйича машғулот ва дарс соатларини кўпайтириш масалаларига алоҳида диққат қаратилади.

Шунингдек, концепцияда хорижда истиқомат қилаётган ватандошларнинг этно-маданий ва тил ўзлигини сақлаб қолиш, уларда ўзбек миллий анъана ва қадриятларига ҳурмат шаклланиши учун кенг имкониятлар яратиш масалалари ҳам асосий вазифалардан бири сифатида белгилаб қўйилганки, бу давлат тилининг халқаро миқёсдаги ўрни ва нуфузининг ошишига хизмат қилиши шубҳасиз. Шу билан бирга, хорижда ўзбек тили ва адабиёти бўйича илмий тадқиқот олиб бораётган олимлар, тадқиқотчилар билан мунтазам алоқа ўрнатиш, илмий ҳамкорликни  йўлга қўйиш масалалари ҳам долзарб вазифалардан бири эканлиги эътироф қилинади. Мазкур концепцияда келтирилган вазифаларнинг босқичма-босқич амалга оширилиши давлат тилининг том маънода мамлакатимиз фуқароларини, миллатидан қатъий назар, бирлаштирувчи умумхалқ қадриятига айланишига, унинг халқаро миқёсдаги ўрни ва нуфузи ошишига хизмат қилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 20 октябрдаги Фармонига 1-илова сифатида қабул қилинган  2020-2030-йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепциясида мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётининг барча соҳаларида давлат тили имкониятларидан тўлиқ ва тўғри фойдаланишга эришиш, таълим ташкилотларида давлат тилини ўқитиш тизимини янада такомиллаштириш, унинг илм-фан тили сифатидаги нуфузини ошириш каби қатор вазифаларнинг белгилаб берилиши ва амалга оширилиши давлат тили мавқеининг ошишига қаратилганлиги билан аҳамият касб этади. Айниқса, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини, имло қоидаларини янада такомиллаштириш ва янги ёзувга тўлиқ ўтишни таъминлаш масаласининг устувор масала сифатида келтирилиши нафақат ўзбек тилига балки, ўзбек ёзувига ҳам юксак ҳурмат натижаси сифатида баҳоланади.

Дастурда кўрсатилганидек, давлат органлари ва ташкилотларида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни давлат тилида юритишнинг намунавий тартибини ишлаб чиқиш, давлат тилида иш юритиш тартибига риоя қилинишини доимий назорат қилиш ва бу борада масъулиятни уларнинг раҳбарлари зиммасига юклаш ва ўзбек тили ва адабиёти бўйича билимни баҳолашнинг миллий тест тизими асосида раҳбар кадрларнинг давлат тилида расмий иш юрита олиш даражасини аниқлаш механизмини ишлаб чиқиш ҳамда масъул лавозимларга тайинланадиган шахслар учун давлат тилини билиш бўйича даража сертификатларини жорий этиш каби масалалар мамлакатимизда давлат тилига нисбатан ҳурмат ва садоқат туйғуларини шакллантиради. Иш ҳужжатлари айланишида давлат тилининг мавқеи ошишини таъминлайди.

Мамлакатимизда 21 октябрь ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилган кун сифатида кенг нишонланади. Бу йил ўзбек тилининг давлат тили мақомига эга бўлганлигига ўттиз тўрт  йил тўлади.

Давлат тилини ривожлантиришга қаратилган фармон, қонун ва қонуности ҳужжатларда келтирилган вазифаларнинг ҳеч бирида мамлакатимизда истиқомат қилаётган миллат ва элатларнинг тиллари камситилмаганлиги, аксинча, давлат тилининг ривожи баробарида уларни ҳам ривожлантириш масалаларининг асосий мақсад қилиб олиниши қабул қилинган ҳужжатларнинг юксак толерантлик асосида ишлаб чиқилганлигини кўрсатади.

Юртимиздаги ҳар бир фуқаро ўз она тилини ривожлантириш, унинг софлигини сақлаш, миллий урф-одат ва анъаналарига содиқ қолиш билан бирга давлат тили ҳисобланган ўзбек тилининг софлигини сақлаш ва уни ривожлантириш учун ҳам масъулдир. Чунки давлат тили фуқароларни бирлаштирувчи олий қадрият ҳисобланади.

Нодира Алламбергенова,

Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти ўзбек адабиёти кафедраси ўқитувчиси.