Қорақалпоқ давлат университетининг ўзбек филологияси ва журналистика факултетида Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 34 йиллигига бағишланган «Тил миллат таянчи» мавзусида тадбир ўтказилди.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Қорақалпоғистон бўлими ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда бўлим раҳбари, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист К.Реймов, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати, «Қорақалпоғистон тонги» газетаси бош муҳаррири Назира Матяқубовалар маъруза қилиб, Президентимиз раҳбарлигида Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги шунингдек, халқаро миқёсдаги нуфузини ошириш борасида олиб борилаётган ишлар хусусида батафсил тўхталдилар.
Шунингдек, тадбирда университетнинг ўзбек филологияси ва журналистика факультети талабалари ўзларининг она тилимизга бағишланган шеърларини ўқидилар.
Тадбирда Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Муҳаммад Юсуф каби эл севган шоирларимизнинг ўзбек тили ҳақидаги шеърлари янгради.
Тадбир давомида талабалар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар олдилар.