Соҳа ходимлари учун тренинг


Нукусда Ўзбекистон журналистларни қайта тайёрлаш маркази томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун медиа саводхонлик ва фактчекинг бўйича тренинг ташкил этилди.

Тренинг “Медиа саводхонлик ва фактчекинг бўйича ЎзА ходимларининг салоҳиятини ошириш” лойиҳаси доирасида амалга оширилди. Икки кунлик тренингда Ўзбекистон журналистларни қайта тайёрлаш маркази тренерлари томонидан саводхонлик тушунчаси ва тамойиллари, ахборотнинг аниқлиги ва ишончлилигини баҳолашда танқидий фикрлаш усуллари юзасидан батафсил тушунчалар берилди. Шунингдек, оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқларда киберхавфсизлик муаммолари ва алгоритми, янгиликларнинг тўғрилиги ва ишонч­лилиги каби мавзуларда ўзаро фикр-мулоҳазалар юритилди.

– Бугунги ахборот асрида журналистика соҳасида ҳам катта янгиланишлар юз бериб, бу соҳа ходимларидан билим ва салоҳиятни ошириб боришни талаб қилмоқда, – дейди Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси Адилбай Жиемуратов. – Шу нуқтаи назардан, ходимларнинг медиа саводхонлиги ва фактчекинг платформалардан фойдаланиш кўникмаларини оширишда ушбу семинар муҳим аҳамият касб этди.

Тренингда ўқув жараёнларидан ташқари, медиа саводхонлик: гендер жиҳатлари, медиа майдонда контент тушунчаси, уни яратиш ва нейротармоқлар билан ишлаш кўникмалари юзасидан видеороликлар намойиш этилиб, қатнашчилар ўртасида интерфаол ўйинлар ташкил этилди.