Ёш волейболчилар “Ички ишлар кубоги” учун баҳс олиб борди


Нукус шаҳридаги 1-сонли болалар ва ўсмирлар спорт мактабида “Беш ташаббус олимпиадаси” иккинчи мавсумидан ўрин олган спортнинг волейбол тури бўйича “Ички ишлар кубоги” учун Қорақалпоғистон Республикаси босқичи ўйинлари ўтказилди. Унда барча шаҳар ва туманлардан, жами 600 нафардан зиёд спортчи иштирок этди.

Якуний натижаларга кўра, 16-21 ёшли ўғил болалар ўртасидаги мусобақаларда Мўйноқ тумани жамоаси биринчи, Қораўзак тумани спортчилари иккинчи, чимбойлик ёшлар учинчи ўринни эгаллади. 16-21 ёшли қизлар ўртасида эса Тахиатош тумани спортчилари биринчи, Мўйноқ тумани жамоаси иккинчи, элликқалъалик қизлар учинчи ўринга лойиқ деб топилди.

22-26 ёшли эркаклар ўртасида Шуманай тумани жамоаси ғолиб бўлди. Иккинчи ўрин Элликқалъа тумани спортчилари ва учинчи ўрин қораўзаклик волейболчиларга насиб этди. Мазкур ёш тоифасидаги хотин-қизлар ўртасидаги мусобақада тўрткўллик  спортчилар биринчи, Эллик­қалъа тумани жамоаси иккинчи, Мўйноқ тумани спортчилари учинчи ўринни қўлга киритди.

Мусобақа ғолиблари ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.