ПОЛЕССК ДАВЛАТ УНИВЕРСИТЕТИ БИЛАН ҲАМКОРЛИК ШАРТНОМАСИ ТУЗИЛДИ


Сўнгги йилларда хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик йўлга қўйилиб талабаларни қўшма дастурлар асосида ўқитиш, профессор-ўқитувчиларнинг педагогик ва илмий малакасини ошириш бўйича бир қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Ана шундай олий таълим муассасаларидан бири Белорусь Республикаси Пинск шаҳрида жойлашган Полесск давлат университетидир.

Мазкур университет сўнгги йилларда Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети ва Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг Нукус филиали билан қўшма ўқув дастури асосида олий маълумотли малакали кадрларни тайёрлаш борасида ҳамкорлик қилиб келмоқда. 1-2 ­ноябрь кунлари Полесск давлат университети раҳбарияти республикамизга ташриф буюриб, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети ва Ўзбе­кистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети Нукус филиалида бўлди ҳамда мазкур ўқув юртларида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди. Ташриф давомида Полесск давлат университети ректори Валерий Дунай ва хал­қаро бўлими бошлиғи Наталья Аксенчиклар талаба-ёшлар билан учрашди ҳамда Полесск давлат университетининг ички имкониятлари ва у ерда яратилган шароитлар ҳақида батафсил маълумот беришди. Шундан кейин Полесск давлат университети ректори В.Дунай, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети ректори А.Реймов ҳамда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети Нукус филиали директори ­Б.Еримбетовлар ўртасида ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича музокара  олиб борилди. Олий таълим муассасалари раҳбарлари халқаро ҳамкорлик, талабалар, илмий ходимлар, профессор-ўқитувчиларнинг ўзаро тажриба алмашуви, шунингдек, ­лекциялар, конференциялар, семинарлар ўтказиш, ўқув жараёнини такомиллаштириш, замонавий ўқитиш усуллари ва тизимларидан фойдаланиш, бу соҳада инновацион технологияларни татбиқ этиш, қўшма таълим асосида ­магистратура босқичларини очиш бўйича ўзаро шарт­номалар тузилди.

Шунингдек, Полесск давлат университети ректори Валерий Дунай ва халқаро бўлим бошлиғи Наталья Аксенчиклар республика сув спорти турларига ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ҳамда Турон стадионини бориб кўрди.

А.Оразов,

Қорақалпоғистон хабар агентлиги шарҳловчиси.