Сўнги йилларда давлатимиз томонидан қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг ҳар бирида халқнинг фикри инобатга олинмоқда. Юртимизда демократик ислоҳотларнинг изчил давоми сифатида “инсонийлик” тамойилини олий қоидага айлантирган янги таҳрирдаги Конституциямизнинг ҳар бир моддасида “Аввал — инсон, кейин — жамият ва давлат” деган ғоя ўз ифодасини топган.
Бу эса ўз навбатида, халқнинг давлатга бўлган ишончи ортишига сабаб бўлиши табиийдир.
Шу ўринда, халқнинг танлови асосида уларнинг вакилини сайлаш орқали инсон манфаати йўлида ҳар бир масалада аҳоли фикрини инобатга олиш амалиётини кенг жорий қилиш мақсадида сайлов органлари тизими янада такомиллаштирилмоқда.
Сайловлар халқнинг давлат ҳокимияти билан қайта алоқасини кўрсатиб туради.
Шу боис, фуқароларнинг мамлакат бошқарувида янада кенг иштирокини таъминлаш мақсадида сайлов қонунчилигини изчил такомиллаштириб боришга алоҳида эътибор қаратилди. Халқимизнинг иродаси билан қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституциямизда ҳам сайлов тизимини такомиллаштиришга қаратилган қатор нормалар ўз аксини топди.
Айниқса, сайловларни профессионал, очиқ ва демократик тарзда ташкил этиш ва ўтказиш учун Марказий сайлов комиссиясининг конституциявий мақоми янада мустаҳкамланди. Хусусан, сайлов органларининг вертикал тизимини ташкил этиш мақсадида Марказий сайлов комиссияси зиммасига нафақат Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ёки парламентга сайловни, балки халқ депутатлари Кенгашларига сайловларни ҳам ташкил этиш ва ўтказиш вазифаси юклатилди.
Қолаверса, давлат бошқарувида меритократия тамойилларини татбиқ этиш мақсадида айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Марказий сайлов комиссиясининг раиси этиб сайланиши мумкин эмаслиги белгиланди.
Қайд этиш керакки, бундай янги конституциявий нормалар соҳани тартибга солувчи махсус қонунларда ҳам ўз аксини топиши лозим. Чунки, Конституциямизнинг 16-моддасига мувофиқ бирорта қонун Конституция нормаларига зид бўлиши мумкин эмас.
Бу борада, бир қатор депутатларимизнинг ташаббуси билан сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган Конституциявий қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Қонун лойиҳаси билан Сайлов кодексига ҳамда 7 та қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда.
Биринчидан, аралаш сайлов тизимига ўтилиши муносабати билан “Референдум якунлари ҳамда давлат ҳокимияти ташкил этилишининг асосий принциплари тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисида”ги конституциявий қонунлардан ва Сайлов кодексидан Қонунчилик палатасига сайлов фақатгина “ҳудудий бир мандатли сайлов округлари бўйича” ўтишини назарда тутувчи сўзлар чиқариб ташланмоқда.
Иккинчидан, сайловларнинг мажоритар ва пропорционал тизимини назарда тутувчи қоидалар Сайлов кодексига киритилмоқда.
Учинчидан, Сайлов кодексига сайлов комиссияларининг вертикал тизимини назарда тутувчи қоидалар, хусусан “Марказий сайлов комиссияси – ҳудудий сайлов комиссияси – туман ва шаҳар сайлов комиссияси – округ сайлов комиссияси – участка сайлов комиссияси” тузилмаси таклиф этилмоқда.
Тўртинчидан, сайлов округларини тузишга оид қоидалар такомиллаштирилмоқда.
Бешинчидан, чет давлатларда бўлган фуқароларимизнинг сиёсий иродасини рўёбга чиқариш ҳамда уларнинг берган овозини ўзларига алоқаси бўлмаган бошқа сайлов округи ҳисобига ўтказиш каби нотўғри амалиётдан воз кечиш мақсадида хориждаги фуқароларимиз Қонунчилик палатаси сайловида пропорционал тизими бўйича овоз беришда иштирок этиши таклиф этилмоқда.
Олтинчидан, Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлари сайлови натижаларини белгилаш тартиби такомиллаштирилмоқда. Амалдаги қонунчиликда сайловда иштирок этган сайловчилар ярмидан кўпининг овозини олган номзод сайланган ҳисобланади, яъни мутлақ кўпчилик овоз талаб этилади. Ушбу талаб Президент сайловларига нисбатан тўғри қўлланилган бўлиб, бундан мақсад сайлов ҳуқуқига эга бўлган мамлакат аҳолисининг мутлақ кўпчилиги танлаган шахсгина Президент лавозимига муносиб кўрилади. Бундай амалиёт аксарият хорижий мамлакатларда ҳам мавжуд.
Шу билан бирга, бир нечта сайлов округларидан сайланадиган депутатликка номзодларга нисбатан бу каби қоидани қайта кўриб чиқиш зарурати мавжуд. Чунончи, бошқаларга нисбатан кўпроқ овоз олган депутатликка номзод сайланмас экан, ўша ҳудуддаги нисбатан кўпчиликнинг фикри ва хоҳиш истаги амалга ошмай қолади. Шу сабабли, бир мандатли сайлов округларида бошқа номзодларга нисбатан кўпроқ овоз олган депутатликка номзод сайланган деб ҳисобланиши белгиланмоқда. Яъни, мутлақ кўпчилик эмас, балки нисбий кўпчилик овози билан депутатлар сайланиши назарда тутилмоқда.
Еттинчидан, сиёсий партияларнинг парламентдаги ролини янада оширишга қаратилган қоидалар киритилмоқда.
Саккизинчидан, сайлов комиссияларининг ваколатлари қайта кўриб чиқилмоқда.
Тўққизинчидан, шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш мақсадида участка комиссияси биносида танишиб чиқиш учун осиладиган сайловчилар рўйхатига ҳар бир сайловчининг фақатгина фамилияси, исми, отасининг исми ва туғилган йилини кўрсатиш билан чекланиш таклиф этилмоқда.
Ўнинчидан, сайлов қонунчилигига киритилаётган ўзгаришлардан келиб чиқиб, референдумга оид қонун ҳужжатлари ҳам такомиллаштирилмоқда.
Мазкур, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий Қонуни лойиҳасинининг мазмун-моҳиятини аҳолига содда ва равон тилда етказиш мақсадида тарғибот гуруҳи тузилиб, Қорақалпоғистон Республикасида Халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари котибиятлари, сиёсий партиялар ҳудудий ташкилотлари раҳбарлари, Ёшлар ишлари агентлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ва Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацяси билан биргаликда семинарлар, давра суҳбатлари, учрашувлар ва бошқа тадбирлар ташкиллаштириб борилмоқда.
Мақсад ушбу қонун лойиҳасини кенг жамоатчиликка етказиш ва аҳоли вакилларининг фикр-мулоҳазаларини эшитиш орқали давлат ва жамият ўртасидаги кўприкни янада мустаҳкамлашдан иборатдир.
Умуман олганда юқорида таъкидлаб ўтилган қонуннинг қабул қилиниши сайлов ва референдум тўғрисидаги қонунчиликни янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқлаштиради, парламентни шакллантиришнинг янги замонавий тизимини йўлга қўяди ҳамда ушбу жараёнда сиёсий партияларнинг иштироки ва ролини оширади.
Зухра Ибрагимова,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари.