“ЭНДИ ЁҒИНГАРЧИЛИКДАН ҚЎРҚМАЙМИЗ”
Қорақалпоғистонда аҳолига муносиб турмуш шароити яратилмоқда
Тўрткўл туманида яшайдиган 220 мингдан ортиқ аҳоли турмушидаги ўзгаришларни, янгиланиш жараёнларини ҳар бир маҳалла, ҳар бир манзилда учратиш мумкин.
Туманнинг Навоий маҳалла фуқаролар йиғинида 3 мингга яқин аҳоли яшайди. Маҳалла драйвери ишлаб чиқариш, чорвачилик ва деҳқончиликдир. Бу ерда ижтимоий қўллаб-қувватлаш, тадбиркорликни ривожлантиришга кўмаклашиш борасидаги амалий ишлар кўпчиликка далда бўлмоқда. Айниқса, аҳолини кўп вақтдан буён ўйлантириб келаётган айрим муаммоларга ечим топилаётгани уларнинг бугунги кунидан розилиги бўлиб, эртанги кунга ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
— Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли хонадонларининг том қисми таъмирлаб берилмоқда, — дейди Навоий маҳалла фуқаролар йиғини раиси Умарбек Рўзиев. — Биринчи босқичда 9 та хонадонга ёрдам кўрсатилган бўлса, иккинчи босқичда 13 оилага кўмак берилади. Шунингдек, қарор билан маҳалламизга 500 миллион сўм ажратилди. Бу маблағ ҳисобидан, биринчи навбатда, 3 та янги трансформаторга буюртма бердик. Чунки электр таъминотидаги муаммо овулдошларимизни анчадан буён қийнаб келади. Кўчаларга қуёш панелли тунги ёритгичлар ўрнатишни бошладик. Аҳоли томорқа ерларини суғориш учун сув насослари олинди.
МФЙ раисининг таъкидлашича, ҳудудда 14 та кўча бор, 7 тасига сув келмайди. Айни пайтда ушбу муаммони ҳал этиш чоралари кўрилмоқда. Шунингдек, 30-умумтаълим мактаби олдидаги йўлакча ҳам таъмирланяпти. Маҳалла биносини электр қуввати билан таъминловчи қуёш панеллари ўрнатилган.
Маҳаллада тадбиркорликнинг ҳар қандай турини учратиш мумкин. Бунда ҳоким ёрдамчисининг ҳам муносиб ҳиссаси бор. У тадбиркорлик билан шуғулланиш учун имтиёзли кредит олиш ва умуман, маҳаллада ишбилармонликни ривожлантиришда аҳолига яқиндан ёрдам кўрсатиб келмоқда.
— Жорий йилнинг 9 ойи давомида 60 га яқин талабгорга оилавий корхона очиш ҳамда ривожлантириш учун имтиёзли кредит ва субсидия олишга кўмаклашдик, — дейди Навоий маҳалла фуқаролар йиғинидаги ҳоким ёрдамчиси Хурсанд Худиёров. — Шу вақт мобайнида бир миллиард сўмдан ортиқ маблағ тадбиркорликни ривожлантиришга ажратилди. Маҳалламиз драйвери хизмат кўрсатиш ва ишлаб чиқариш бўлгани боис, тикувчилар, ҳунармандлар кўпчиликни ташкил этади. Шундан келиб чиқиб, кўпчилик талабгорларга тикув машинаси ва пишириқ печлари олиб берилиб, 52 та янги иш ўрни очилди. 9 ойда 75 маҳалладошимизнинг бандлиги таъминланди.
— Тошкент ахборот технологиялари университетини тамомлаганман, — дейди тадбиркор Сардор Аметов. — Талабалик пайтимда ҳам тадбиркорлик, хусусан, ишлаб чиқаришга жуда қизиқар эдим. IT йўналишда ишлаш билан бирга, тадбиркорлик қилишни маъқул кўрдим. Ҳоким ёрдамчиси тавсияси билан 14 фоизли имтиёзли кредит олиб Хитойдан пайпоқ ишлаб чиқариш ускунаси сотиб олганмиз. Ҳозир кунига 250 жуфт пайпоқ ишлаб чиқаряпмиз. Биринчи навбатда, маҳсулотимизнинг сифатига алоҳида эътибор қаратганмиз. Пайпоқ учун ипни Тошкент ва Қўқондан оламиз. Албатта, тадбиркорлик таваккалчиликка асосланади. Бошида 5-6 ойгача фойда кўрмаслик мумкин. Ишингиз йўлга тушиб кетгандан сўнг даромад олишни бошлайсиз. Бизда ҳам шундай, ҳозирги пайтда маҳсулотларимизга харидорлар кўпаймоқда.
Ёғоч устачилиги авлоддан-авлодга ўтиб келаётган қадимий касбларнинг бири. Бугун тўрткўлликлар Маматсолий Шариповни моҳир уста сифатида яхши танишади.
— Устачилик ота-боболаримиздан мерос, авлодимиз ушбу касбни давом эттириб келаётганига салкам 200 йил бўлди, — дейди М.Шарипов. — Бу касбни 6-7-синфлигимдан ўргана бошлаганман. Олдинлари фақат эшик ишлаб чиқарар эдик, ҳозир уй-рўзғор учун мебель ҳам тайёрлаяпмиз. Бунга қўшимча равишда ёғочдан зиналар ишлашни йўлга қўйдик. Даромадимиз меҳнатига яраша. Имкон қадар юртдошларимиздан келган буюртмаларни ўз вақтида ва сифатли бажаришга ҳаракат қиляпмиз. Касбим орқасидан 4 фарзандимни ўқитдим, барчаси олий маълумотли. Умуман олганда, ҳаётимдан розиман, касбимдан бахт топганман.
Умирбек Матчонов қизиқиши ортидан хонадонидаги товуқлар сонини 100 тага етказган.
— Ҳар бир одамнинг хоббиси бўлади, — дейди У.Матчонов. — Масалан, мен 10 йилдан буён товуқ боқаман. Тухумини бозорга чиқарамиз. Гўштини эса оиламизга ишлатамиз. Байрамларда кам таъминланган қўшниларга ҳам берамиз. Товуқ наслини тез-тез ўзгартирмаса, майдалашиб кетиши мумкин. Насл ўзгарса, бақувват, кучли бўлади. Шунинг учун Самарқанд ва Андижон вилоятларидан насл олиб келаман. Бир мавсумда 100 га яқин жўжа чиқарамиз. Наслли хўрозларимиз 8-8,5 килограмм тош босади.
Маҳаллада тадбиркорлар жуда кўп. Ишнинг кўзини топган бахтнинг ўзини топади, дейишади. Давр билан ҳамнафас, яхши яшашга интилаётган тўрткўлликларнинг ҳаёти ана шундай давом этмоқда.
Ҳудудларни янги қиёфага келтириш, обод ва файзли масканга айлантириш, фуқаролар муаммоларига ечим топиш ва муносиб турмуш шароити яратиш борасида Қорақалпоғистоннинг барча маҳаллаларида тизимли ишлар давом этмоқда. Бундай эзгу ҳаракатларни Элликқалъа туманининг “Қаватқалъа” маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам кўриш мумкин.
“Қаватқалъа” туманнинг энг чекка ва яқин-яқингача муаммоли худудларидан бири эди. Бироқ бугун маҳалладаги бунёдкорлик ишлари ҳудудни туман марказларидан қолишмайдиган обод масканга айлантирмоқда.
Маҳаллада таъмирлаш, қурилиш, ободонлаштириш ишлари қаторида асосий эътибор аҳолига электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш сифатини яхшилашга қаратилган. Совуқ кунларда барқарор таъминот долзарблиги эътиборга олинган ҳолда 70 та янги темир-бетон устун ўрнатилди. Кўчалардаги 20 та яроқсиз таянч олиб ташланди. Абдулла Қаҳҳор кўчасига тунги чироқлар учун 35 та бетон устун ўрнатилиб, кабель тортилди. Ҳудудга табиий газ етказиб берувчи 5,5 километр газ қувури таъмирланди.
— Маҳалламизга 100 та симёғоч олиб келиниб, 3,1 километр сув қувури тортиш ишлари бошланди, — дейди “Қаватқалъа” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Нуратдин Кенжаев. — Шунингдек, кўчаларга тунги ёритгичлар ўрнатилиб, 4,6 километрга қум-шағал ётқизилди. Маҳалламиздаги мактаб ёнида 20 сотих боғ яратмоқдамиз. Ёшлар учун ўйингоҳлар қуриляпти. Кўчалар обод бўлгани сайин кўнгиллар ҳам ободлашмоқда.
Ички йўллар муаммоси бугунги кунга келиб, ижобий томонга ўзгарди. Махсус техника ёрдамида йўллар текисланиб, қумшағал тўшалди. Маҳалладаги 3 километр ички тупроқ йўлга шағал ётқизилди. 1,6 километрда эса тупроқ ишлари бажарилди. 2 минг 400 метр пиёдалар йўлакчасига ҳам шағал тўшалди. Катта кўчага йўл белгилари ўрнатилди.
— Маҳалламизнинг жорий йил “Обод маҳалла” лойиҳасига киритилиши жуда қувончли воқеа бўлди, — дейди нуроний отахон Ҳусинбой Очилов. — Ҳамма жойда ободонлаштириш, қурилиш ишлари авж олган. 30 йил олдин қурилиб, жуда ачинарли ҳолга келиб қолган пиёдалар йўлакчалари замонавий таъмирланмоқда. Ариқларга бетон қопламалар ётқизиляпти. Маҳаллада 2 минг 400 йиллик тарихга эга Қаватқалъа археологик маданий мерос мажмуаси жойлашган. Айни пайтда сайёҳларни янада кўпроқ жалб этиш мақсадида қалъа атрофида ободонлаштириш, йўлларни текислаш ва зах сувларни қочириш бўйича кенг кўламли ишлар бажарилди.
Кам таъминланган 8 оиланинг турар жойи тўлиқ, 195 та уйнинг фасад қисми таъмирланди. Шунингдек, 12 та хонадоннинг том қисми шиферланиб, 20 таси ушбу мақсад учун қурилиш материаллари билан таъминланди.
— Уйимизни 2007 йили солган эдик, шундан бери томни шиферлашга қурбимиз етмади, — дейди Ойша Жаббарова. — Ёғингарчилик мавсумида қийналардик, сув ўтиб кетарди. Давлатимиз ёрдами билан уйимиз таъмирланди, энди ёғингарчиликдан қўрқмаймиз.
М.ҚУТЛИМУРАТОВ.
(“Янги Ўзбекистон” газетасидан олинди).