ОРОЛ ДАРДИ АРИЯПТИ
БМТ Бош Ассамблеясида янграган нутқдан кейинги ўйлар
Президентимизнинг БМТ Бош Ассамблеяси 78-сессиясидаги нутқи кенг қамровли, кун нафаси ва руҳи уфуриб турган, минтақамиз ривожига халал бераётган омиллар тўлақонли таҳлил қилинган концептуал дастур ўлароқ янгради. Ундаги масалалар Марказий Осиё халқларининг бир-икки йиллик эмас, балки ярим аср нари берисидаги изтиробларини ўзида мужассам этган. Биргина Орол денгизи фожиасини ўрганиб таҳлил қиларканмиз, унинг оқибатлари Марказий Осиё халқлари, хусусан, Оролбўйида яшаган аҳоли учун нақадар оғриқли бўлганини кўрамиз. Бунинг учун яқин ўтмишга юзланиб, тарих саҳифаларини бироз варақламоқ кифоя.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, 2020 йилда 19,3 миллион аҳоли хавфли ўсма касаллигига чалингани ҳисобга олинган. Илм-фанга умумий онкологик хавфли ўсмаларнинг 220 тури борлиги маълум. Шулар ичида энг долзарби қизилўнгач саратони (қилтомоқ)дир. Бу билан дунёда ҳар йили 600 мингдан зиёд бемор ҳисобга олинади. Бу рақам умумий ўсма касалликларининг 3,1 фоизини ташкил қилиб, 8-ўринни эгаллайди. У, айниқса, Эрон, Шарқий Хитой, Жанубий Африка, Россиянинг айрим шимолий ҳудудлари (Ёқутистон, Бурят ўлкаси, Бошқирдистон, Тува, Эвенкия), Туркманистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Қорақалпоғистонда яшовчи маҳаллий аҳоли орасида кўп учрайди. Бу жараён “Осиё белбоғи” деб ном олган.
Бунга сабаб сифатида олимлар мазкур ҳудудларда яшовчи халқ ва элатларнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволи, хусусан, овқатланишида ўзаро умумийлик ва ўхшашлик борлигини кўрсатмоқда.
Бу халқлар бошқа жойга кўчганда ҳам қизилўнгач саратони билан касалланиш юқори даражада сақланиб қолган. Шу сабабли бу генетикага боғлиқлиги тўғрисида фикрлар мавжуд. Беморларнинг 70 фоизи 55 ёшдан катталардир. Бу касалликка аёлларга қараганда, эркаклар тўрт баробар кўп чалинади.
Қизилўнгач саратони профилактикаси, хасталикни эрта аниқлаш ва замонавий даволаш услублари дунё миқёсида ҳалигача тўлиқ ишлаб чиқилмаган. Шу боис, ташхис қўйилгандан кейин бир йилда беморларнинг ўлим кўрсаткичи энг юқори — 60 фоизлигича қолмоқда. Аксига олиб, уларнинг 45 фоизи касалликнинг учинчи-тўртинчи босқичида шифо излаб келмоқда. Бироқ онколог ва радиологлар бу оғир хасталикни даволашга ожиз. Чунки қизилўнгач саратони тез ривожланиш (бир ойда 2 сантиметр ўсиши кузатилади), катталашиш, лимфа тугуни ва қўшни тўқималарга шиддатли тарқалиш хусусиятига эга.
Қорақалпоғистонда яшовчи маҳаллий аҳоли орасида қизилўнгач саратони билан касалланиш кўрсаткичи ҳар юз минг аҳолига 40 нафардан кўп бўлган. Шуни эътиборга олиб, касалликни эрта аниқлаш ва ўз вақтида даволаш учун 1972 йили Ўзбекистон ҳукумати махсус қарор қабул қилди. Унга мувофиқ, Нукусда Республика онкология ва радиология илмий-текшириш институтининг Қорақалпоғистон филиали ташкил қилинди. Филиалга асосий вазифа сифатида “Қизилўнгач саратони” номли махсус 10 йиллик илмий-амалий дастур ишлаб чиқиш вазифаси топширилди. Шундай қилиб, нима сабабдан қизилўнгач саратони қорақалпоқ популяциясида кўп учрайди, деган саволга жавоб излай бошладик. Бу ишни бажариш учун репрезентатив ҳудуд этиб Мўйноқ тумани, назорат ҳудуди сифатида Тахтакўпир тумани белгиланди. Чунки 1973 йили Мўйноқ туманида қизилўнгач саратони касаллиги кўрсаткичи ҳар 100 минг кишига 111,6 нафарни ташкил қилган бўлса, Тахтакўпир туманида 44,4 нафар эди.
Биринчи босқичда қизилўнгач саратони эпидемиологияси ва ривожланиш сабабларини кенг миқёсда ўрганиш учун касалликнинг шаҳар ва қишлоқ аҳолисида учраши, эркак ва аёлларнинг хасталаниш кўрсаткичидаги фарқ, эндоскопик скрининг юритиш, овқатланишда халқимизга хос хусусиятлар, мева-сабзавотларнинг кам истеъмол қилиниши, алкоголь ичиш, тамаки ва носвой чекиш каби ёмон одатларга ўрганиб қолиш кабиларга доир 76 саволдан иборат сўровнома тузиб чиқилди. Уни соғ ва бемор аҳоли орасида тарқатиб, тўлдиртириш ва 1980-1990 йилларда натижани кузатиб, таҳлил қилиш кўзда тутилган эди.
Изланишлар натижасида бир факт онколог олимларни ҳайратда қолдирди: эркаклар ва аёллар орасида қизилўнгач саратони билан касалланиш қарийб тенг — 49 фоизга 51 фоиз эди. Бундай кўрсаткич дунёнинг ҳеч бир давлатида кузатилмаган. Демак, қизилўнгач саратонини келтириб чиқарувчи салбий сабаблар эркак ва аёлларга тенг таъсир қилмоқда, деган хулосага келдик.
Иккинчи босқичда илм-фаннинг онкология соҳасидаги маълумотларига асосланиб, қизилўнгач саратони келиб чиқишига организмда А ва С витаминлари етишмаслиги сабаб бўлиши мумкин, деган тахминни исботлаш учун Мўйноқ туманида яшовчи қарийб 600 нафар кишидаги С витамини миқдори аниқланди. Улардан 56 нафар киши соғлом бўлиб, 289 нафари қизилўнгач силлиқ қавати яллиғланиши, 83 нафари қизилўнгач саратони ва 164 нафар бемор бошқа хасталиклар туфайли ҳисобда турганлар эди. Текширилганлардан 80 фоизининг қони таркибида С витамини миқдори меъёрдан 1,5-2 баробар камлиги, лекин суюқлик билан ажралиб чиқиши нормадан 2 баробар кўплиги тасдиқланди. Бу ҳолат иқлимнинг кўп вақт иссиқ бўлиши, ҳаддан зиёд терлаш натижасида А ва С витаминлари тер орқали чиқиб кетиши билан боғлиқ, деган фикрга келинди.
Шу билан бирга, қизилўнгач саратонолди касалликлари бор 250 нафар бемор қонидаги А витамини миқдори таҳлил қилинди. Натижада витаминнинг қондаги кўрсаткичи меъёрдан 3,6-5,8 баробар камлиги аниқланди. Ушбу маълумотларга асосланиб, қизилўнгач саратони келиб чиқишида қонда А ва С витамини етишмовчилиги муҳим роль ўйнайди, деган хулосага келдик. Чунки қизилўнгач силлиқ қаватида ҳар 45 кунда тўқима алмашинуви содир бўлишида А ва С витамини ҳамда оқсилларнинг роли жуда катта. Инсон организмида шу моддалар етарли бўлмаса, тўқима алмашинуви жараёни ўзгариб, силлиқ қаватда яллиғланишга мойиллик пайдо бўлади.
Учинчи босқичда аҳоли ўртасида 13795 эндоскопик (қизилўнгач, ошқозон ва ўн икки бармоқли ичак) скрининг ва 642 морфологик текширув ўтказилди. Натижада текширилганларнинг 4275 нафари, яъни 31 фоизи қизилўнгач шиллиқ қаватида хроник эзофагит ва лейкоплакия касалликлари борлиги, уларнинг 70 фоизида клиник белгилар йўқлиги биз, шифокорларни ҳайратда қолдирди. Бу беморлар 5-10 йил давомида кузатилганда 1 фоизининг хасталиги қизилўнгач саратонига айлангани, айримларида эса 20 йилдан кейин ҳам ўсма ривожлангани тасдиқланди.
Яна бир муҳим хулоса: қизилўнгач саратонига дучор бўлган беморларнинг 15 фоизида хасталикнинг авлоддан-авлодга ўтиш аломати аниқланди. Бундай ҳолат дунёнинг ҳеч бир давлатида бу даражада учрамаган ва аниқланмаган. Муҳим илмий-амалий янгиликлар ва таҳлиллар асосида Ўзбекистон ҳукумати қарори билан репрезентатив Мўйноқ туманида яшовчи 24 минг аҳолининг 6 ёшдан катта фарзандларига рўйхат билан 250 мг С витамини драже сифатида кунига 2 мартадан ва катта ёшлиларга кунига 3 мартадан тарқатилди. Бу мураккаб амалиёт 7 йил узлуксиз бажарилди ҳамда ўрта тиббиёт ходимлари, ўқитувчилар, шифокорлар ва филиал ходимлари томонидан назорат қилинди.
Эндоскопия асосида ярали эзофагити ва лейкоплакияси, дисплазияси бор ҳамда касалликнинг белгилари яққол сезилган беморлар шифохоналарда мутахассислар ишлаб чиққан методик қўлланма асосида махсус стандартдаги дори-дармонлар, комплекс витамин ва оқсиллардан фойдаланган муолажа қилинди ҳамда ижобий натижаларга эришилди. Ушбу хасталар мунтазам шифокорлар кузатувида бўлди. Эрта ташхис қўйилиб, қизилўнгач саратони аниқланган беморлар эса Республика онкология диспансерига ётқизилди ва махсус даволаш амалиёти ўтказилди. Тегишли хулосаларга асосланиб, жарроҳлик, нур ва кимёвий дорилар билан даволаш тавсия этилди ҳамда амалга оширилди. Натижа яхши бўлгани сабабли беморлар ушбу оғир касалликдан тўлиқ даволаниб, аҳволи енгиллашишига ишонч ҳосил қилди.
Дастурда кўрсатилган барча ишлар бажарилгани хусусида тегишли юқори ташкилотлар ҳамда халқимизга ҳисобот бериб борилди. Қилинган илмий-амалий комплекс ишлар ва эришилган муҳим натижалар халқаро ва мамлакат миқёсидаги илмий-амалий анжуманларда гапирилди, журнал ва китобларда чоп этилди. 10-15 йилда 300 дан ортиқ мақола, 5 монография нашр қилинди, 2 та ихтиро патентланди. Илмий фаолиятда эса 1 докторлик ва 3 номзодлик диссертацияси ёқланди. Россияда чоп этиладиган нуфузли халқаро илмий журналда машҳур олимлар, академик ва онколог профессорларнинг филиалимиз мутахассислари ўтказган изланишлар эътироф этилган мақоласи чоп этилди. Энг муҳими, Қорақалпоғистоннинг барча туманида узумчилик, боғдорчилик ва полиз экини етиштириладиган майдон ташкил қилинди. Бу орқали аҳоли дастурхони витамин ҳамда оқсилга бой мева-сабзавот билан таъминланди.
Кейинги йилларда болалар ва ўсмирлар, ҳомиладор аёлларга ҳудудий тиббиёт муассасалари томонидан турли витаминлар тарқатилмоқда. Мамлакатда биринчи бўлиб Қорақалпоғистон ва Хоразм вилоятидаги мактабларнинг бошланғич синф ўқувчиларини бепул овқатлантириш тизими жорий этилди. Кейтеринг ташкилотлар орқали етказиб бериладиган таомнинг табиий витамин ва озиқ моддаларга бой, тўғри овқатланиш меъёрларига мувофиқ бўлиши зарурлиги Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорида алоҳида мустаҳкамланди. Бу саъй-ҳаракатлар биз юқорида қайд этган дармондорилар етишмовчилигини бартараф этишда муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиз.
Саратонолди барча касалликлар орасида ярали эзофагит 23,4 фоизни ташкил қилиб, қизилўнгачнинг пастки қисмида кўп кузатилади. Унинг саратонга айланиш хавфи бошқа турларга нисбатан юқори. Сабаби, силлиқ қаватдаги ярага туз парчаси, саратон чақирувчи айрим оғир металл, пестицидлар жойлашиб олади. Бу ҳолат салбий таъсирини 10-15 йил ўтгандан кейин кўрсатади. Бунга Оролнинг қуриган тубидан учган туз-қум аралаш ҳаводан нафас олиш сабабдир. Қайд этиш керакки, сўнгги йилларда Президентимиз ташаббуси билан Орол денгизининг қуриган тубида 1,7 миллион гектар майдонда қурғоқчиликка чидамли ўсимликлардан иборат яшил ҳудуд барпо этилгани мана шу хавфни сезиларли камайтирди. Бироқ эришилган натижа билан кифояланмоқчи эмасмиз. Шу боис, бу саъй-ҳаракатларни давом эттириш учун халқаро ҳамжамиятнинг қўллаб-қувватлаши жуда муҳимлиги алоҳида қайд этилди.
Қизилўнгач саратонининг келиб чиқиш сабабларидан бири сув таркиби бузилиши билан боғлиқ. 1980-1990 йилларда сув таркибини ўрганиш учун дарё, қудуқ ва ёпиқ сув ҳавзаларидан 10 мингдан зиёд намуна олиниб, таҳлил қилинди. Натижада ичимлик сув таркибида минераллар 2,5 баробар, хавфли оғир металл, пестицидлар, айниқса, гексохлоран меъёрдан 1,5 баробар юқорилиги аниқланди. Охирги бир неча йилда мана шу муаммо ҳам ечим топаётганини кўряпмиз. Оролбўйи аҳолисини тоза ичимлик сув билан таъминлашга доир салмоқли ишлар амалга оширилди. Бу саъй-ҳаракатлар ҳамон тўхтагани йўқ. Президентимизнинг 2022 йил 24 майдаги “Аҳолининг ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизматлари билан таъминланганлик даражасини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида Қорақалпоғистон бўйича, ичимлик сув таъминоти оғир ҳолатдаги маҳаллаларнинг ичимлик сув таъминотини яхшилаш бўйича алоҳида кўрсатма мавжуд. Ичимлик сув сифати ошиши аҳоли орасида учрайдиган турли юқумли касалликлар билан бирга, қилтомоқ пайдо бўлишининг ҳам олдини олишга хизмат қилади.
Кўп йиллик комплекс профилактик саъй-ҳаракатлар натижасида қизилўнгач саратони билан касалланиш кўрсаткичи йилдан-йилга пасаймоқда. Масалан, 1973 йили Қорақалпоғистонда ҳар 100 минг аҳолига 52,8 нафарни ташкил қилган бўлса, 2022 йилга келиб 8,8 нафарга тушди, яъни 6 баробар камайди. Айниқса, Мўйноқ тумани аҳолиси орасида қизилўнгач саратони билан касалланиш кўрсаткичи кескин пасайди. Бу мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимида қилинаётган ишлар, кўп йиллик чора-тадбирлар ва дастурлар бесамар кетмаётганининг ёрқин тасдиғидир.
Мэлс КАБУЛОВ,
Қорақалпоғистон тиббиёт институти профессори, тиббиёт фанлари доктори, Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган фан арбоби.
(«Янги Ўзбекистон» газетасидан олинди).