Қорақалпоғистон–Татаристон: Ҳамкорликнинг янги босқичи


Татаристон Республикаси раҳбари Рустам Минниханов раҳбарлигидаги делегация Қорақалпоғистон Республикасига ташриф буюрди. Нукус Халкаро аэропортида меҳмонларни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбоев кутиб олди.

Таъкидлаганидек шу йилнинг 5 октябрь куни Президентимиз Шавкат Мирзиеёв Россия Федерациясига бўлган расмий ташрифи доирасида, Қозон шаҳрида Татаристон Республикаси раҳбари Рустам Миннаханов билан учрашиб, муҳим йўналишларда ҳамкорликнинг қўшма «Йўл харита»ларини амалга ошириш келишиб олинган эди.

Шу асосда Татаристон Республикаси делегацияси республикамиздаги бир қатор ишлаб чиқариш корхоналарида бўлиб ўзаро ҳамкорлик бўйича мулоқотлар олиб борди.

Меҳмонлар дастлаб Нукус шаҳридаги «Prime electric engineering» корхонасида бўлди. Бу ерда бир неча турдаги маиший техникалар ишлаб чиқарилмоқда. Татаристон Республикаси раҳбари Рустам Миннаханов бу ердаги иш жараёни, ишчиларга яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.

Кейинги манзил «Akfa assembly» пластик дераза  ва эшиклар ишлаб чиқарувчи корхона бўлди. Бу корхона ишлаб чиқарган маҳсулотлар хорижий мамлакатларга экспорт қилинмоқда. Унинг очилиши натижасида икки юздан ортиқ янги иш ўрни яратилди. Корхонада ишлаб чиқарилаётган эшик ва дераза маҳсулотлари, уларнинг дизайни ва юқори даражадаги сифати меҳмонларда катта қизиқиш ўйғотди.

Шундан кейин меҳмонлар бугунги кунда бўш турган эски ҳудудий пахта терминали ва Агротехника корхонасини бориб кўрди. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ва Татаристон Республикаси раҳбари бу икки жойда янги корхоналарни ишга тушириш орқали ҳамкорликдаги  лойиҳаларни амалга ошириш, янги маҳсулотлар экспортини йўлга қўйиш ва бир қанча соҳаларни ривожлантириш бўйича келишиб олишди.

Делегациянинг навбатдаги манзили Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейи бўлди. «Саҳродаги Лувр», «Шарқ гавҳари» деб номланадиган бу музейдаги дурдона асарлар бутун дунё эътиборини тортиб келмоқда. Татаристон Республикаси раҳбари музейда сақланаётган бебаҳо экспонатлар билан танишар экан, бу ерда туристлар оқимини янада кучайтириш бўйича ҳамкорликка тайёр эканини билдирди. Сафар давомида делегация аъзолари республикамизда ишлаб чикарилаётган маҳсулотлар кўргазмаси билан танишди. Унда юқори технологиялар ёрдамида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлардан бошлаб, қўл меҳнати, халқ ҳунармандчилиги, юртимизда етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳам   ўрин олди.

Меҳмонлар қорақалпоқ хал­қининг миллийлиги, урф-одатлари билан қизиқди. Нукус шаҳрида ташкил этилган қорақалпоқ миллий овулида қорақалпоқ халқининг миллий анъаналари, ҳунармандчилик намуналари, маданияти билан танишди. Айниқса, миллий таомларимиз меҳмонларда алоҳида қизиқиш ўйғотди.

Шундан кейин Қорақалпоғистон Республикаси ва Татаристон Республикаси ўртасида кўп тармоқли ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича музокара бўлиб ўтди. Унда бор имкониятлардан фойдаланган ҳолда янги ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш корхоналари фаолиятини йўлга қўйиш, янги лойиҳаларни ишга тушириш натижасида иш ўринларини яратиш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, таълим, тўқимачилик саноати, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари айланмасини кучайтириш, савдо-иқтисодий, экспорт ва импорт соҳаларида узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича музокаралар олиб борилди.

Шу куннинг ўзида Татаристон Республикаси раҳбари республикамиздан жўнаб кетди.

Қ.Х.А.