ШИФОКОР ВА ҲАМШИРАЛАР РАҒБАТЛАНТИРИЛДИ


Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Қорақалпоғистон кенгашида 11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари куни ҳамда ноябрь ойининг иккинчи якшанбаси — Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан соғлиқни сақлаш соҳасида кўп йиллардан буён фидокорона меҳнат қилиб келаётган бир гуруҳ шифокор ва ҳамшираларга юртимиздаги дам олиш масканларига  йўлланмалар топшириш маросими ўтказилди.

Тадбирда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Қорақалпоғистон кенгаши раиси У.Жалменов ҳамда Ўзбекистон ­соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши раиси Л.Байбосиновалар сўзга чиқиб, касаба уюшмаси фаолияти ҳамда тиббиёт соҳасида бугунги кунда амалга оширилаётган ишлар хусусида тўхталиб ўтдилар. Шундан кейин  юқорида қайд этилганидек, тиббиёт соҳаси ходимларига бепул йўлланмалар топширилди.

— Тиббиёт соҳасида анча йиллардан буён фаолият юритиб келаман. Аммо, бирор жойда дам олишга ҳеч вақт топа олмай юрардим, мана, тиббиёт ходимлари байрами арафасида “Бўстон” санаторийсига йўлланма берилгани  ҳордиқ чиқаришим ва ­соғлигимни янада мустаҳкамлаб қайтишим учун бир туртки бўлди. Мен бундан  жуда хурсандман. Бунинг учун Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ҳамда, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Қорақалпоғистон Кенгашига алоҳида миннатдорлик билдираман, — дейди Тахиатош тиббиёт бирлашмаси юқумли касалликлар шифокори Мая Вепаева.

Бундай рағбат улар  учун муносиб байрам совғаси бўла олди. Бундан ташқари яна бир тадбир Бердақ номидаги қорақалпоқ давлат университети касаба уюшмаси қўмитаси томонидан ҳам ташкил қилинди. Мазкур тадбирда профессор-ўқитувчилар, касаба уюшма фаоллари иштирок этди.

Тадбирни университет ректори А.Реймов очиб берди. Сўзга чиққан меҳмонлар юртимизда таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда Касаба уюшмалари куни байрами билан барчани қутлади. Тадбир университетнинг санъатшунослик факультети талабалари томонидан ижро қилинган куй-қўшиклар билан янада завқли ўтди.

Ф.АБДУРАИМОВА.