МАНФААТЛАР ҲИМОЯСИ ЙЎЛИДА


Мамлакатимизда инсон манфаатларини таъминлаш ва инсон қадри йўлида амалга оширилаётган улкан ишлар давлатимиз ва жамиятимизни тараққиётнинг мутлақо янги босқичига олиб чиқди. Янги Ўзбекистоннинг  бу борадаги ютуқлари  бугун халқаро  миқёсда ҳам тан олиниб, юксак баҳоланмоқда.

Табиийки, олиб борилаётган  янгиланиш ва ўзгаришларда касаба уюшмалари ҳам  фаол иштирок этиб, ислоҳотларни қўллаб-қувватлаган ҳолда  турли соҳа ходимларининг ижтимоий-иқтисодий  манфаатлари ҳамда меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш борасида  тизимли ишлар ташкил этиляпти.

Албатта, бугунги кунда касаба уюшма деярлик барча  корхона ва ташкилотларга кириб борган дейиш мумкин. Бунда 2020 йил ноябрда мус­тақил давлатимиз тарихида илк бор “Ўзбекистон касаба уюшмалари кунини белгилаш тўғрисида”ги қонун қабул қилингани ва 11 ноябрь – “Касаба  уюшмалари куни” этиб белгилангани 6 миллионга яқин аъзога эга бўлган касаба уюшмалари ҳаётида унутилмас воқеа бўлди дейиш мумкин.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Қорақалпоғистон Кенгашида  бугунги кунда   бошланғич ташкилот ва тармоқларда  258271 нафар ходимлар фаолият юритади. Шунингдек, ишчи ходимларнинг меҳнат муҳофазаси, ҳуқуқий маданияти ва хавфсизлиги борасида муносиб ишлар амалга оширилиб келинмоқда.

Касаба уюшмаларнинг меҳнат соҳасидаги ижтимоий шериклик тамойилига асосан Кенгаш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг Қорақалпоғистон Республикаси Бошқармаси ўртасида янги муддатга 2023-2025-йиллар учун ижтимоий-иқтисодий масалаларга оид Ҳудудий жамоа келишуви қабул қилингани фаолиятимизни янада мустаҳкамлашга ва  фаолликни янада оширишга замин яратди.

Айниқса, Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 28 октябрдаги қонуни билан тасдиқланган янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси 2023 йил 30 апрелдан кучга кириши муносабати билан корхона, муассаса ва ташкилотларда ўқув-семинарлар ташкил қилиниб, ижтимоий шерикликнинг ­асосий механизми бўлган жамоа шартномалари янги таҳрирдаги Меҳнат кодексида белгиланган нормаларга мувофиқ ишлаб чиқилди ва қабул қилинди ҳамда амал қилиш муддати давом этаётган жамоа шартномаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Қорақалпоғистонда 6549 та жамоа шартномалари имзоланган бўлиб, уларда 224268 нафар ходимнинг ҳуқуқ ва манфаатлари жамоавий-шартномавий муносабатлар билан қамраб олинган. Шунингдек, жамоа шартномалари орқали 2022 йили ҳар бир ходимга ўрта ҳисобда сарф қилинган маблағ миқдори 4984,3 минг сўмни ташкил қилган бўлса, эндиликда ушбу кўрсаткич олдинги йилга нисбатан 7,2 фоизга ошган.

Корхона, ташкилот ва муассасаларда 2023 йил “Инсонга эътибор ва сифатли таълим” йили давлат дастури доирасида жорий йил бошидан жамоа шартномалари орқали ижтимоий ҳимояга муҳтож кам таъминланган оилалар, ишламайдиган нафақахўрлар, корхоналарнинг собиқ ходимлари, ногиронлар, хотин-қизлар ва ёшларни моддий томондан қўллаб-қувватлаш бўйича жами 3040,5 млн. сўм маблағ сарфланди.

Жумладан, Амударё туманида11 та маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи  12 нафар хотин-қизларнинг  уй-жойлари таъмирланиб берилди. Бундан ташқари, “Аёллар дафтари”га киритилган 1050 нафар  эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган аёлларга ёрдам кўрсатилди, 1853 нафарининг  бандлиги таъминланишига эришилди. Уй-жойга муҳтож, оғир аҳволга тушиб қолган  оилалардан 4 нафари уй-жой билан таъминланиб, ногиронлиги бўлган шахслардан  774 нафари моддий қўллаб-қувватланди.

Жумладан, Нукус шаҳар “Дослық гузары” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Сахибжамал Тажимуратова, Зайда Каллибековаларнинг уй-жойлари таъмирланиб берилди. Бундан ташқари “Аёллар дафтари”га киритилган Анжелика Сейдабуллаевага ўз  саломатлигини тиклаши учун 15 млн. сўм моддий ёрдам кўрсатилган бўлса, эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган аёллардан Рита Сарсенбаева, Тоқташ Ибрагимоваларга моддий ёрдам кўрсатилди. Ажар Казакбаева, Шолпан Исмамутова, Наргиза Еламанова ҳамда Райҳан Жумамуратоваларнинг бандлиги таъминланишига эришилди. Уй-жойга муҳтож, оғир аҳволга тушиб қолган  Тамара Тореева  хомийлар томонидан уй-жой билан таъминланиб, ногиронлиги бўлган шахслардан Бибижан Сейлханова, Айсулув Бекназаровалар моддий қўллаб-қувватланди.

Жорий йилнинг 9 ойи  давомида жисмоний ва юридик шахслардан Кенгашга 520 мурожаат келиб тушди. Ҳуқуқий ҳимоя соҳасида 310 та, ижтимоий-иқтисодий манфаатлар масаласида 109 та, меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида 9 та, касаба уюшмаларнинг ташкилий-хуқуқий масалалари юзасидан 25 та, соғлиқни тиклаш бўйича 18 та, моддий ёрдам кўрсатиш бўйича 40 та ҳамда касаба уюшма фаолиятига тегишли бўлмаган 9 та мурожаат келиб тушганини инобатга оладиган бўлсак, касаба уюшмага ишонч ортаётганини кўриш мумкин, деб ўйлайман. Мурожаатларни ўрганиш жараёнида 112 таси қаноатлантирилгани баробарида, 227 нафар фуқаронинг ҳуқуқлари тикланиб, улар фойдасига жами 375903, 1 минг сўм  тўловлар ундириб берилди.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, касаба уюшмалари фаолиятининг асосий мақсадларидан бири бу – касаба уюшма аъзоларининг шахсий ва жамоавий, меҳнат ҳамда меҳнат билан боғлиқ ижтимоий-иқтисодий манфаатларининг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлашдан иборатдир.

М.ДАНИЯРОВ,

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Қорақалпоғистон Кенгаши раиси ўринбосари.