ДАРАХТЛАРНИ НОМИГА ЭМАС, КЕЛАЖАГИМИЗ УЧУН ЭКИШ ЛОЗИМ


Бугунги кунда ўсимлик дунёси иқлим ўзгариши ва антропоген таъсир остида кескин қисқариб, уни муҳофаза қилиш глобал экологик муаммоларнинг асосий бўлаги бўлиб қолмоқда. Шу боис, мамлакатимизда яшилликни сақлаш ва кўпайтириш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Жумладан, юртимиз бўйлаб “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳудудларда кўчат экиш, кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштиришга доир тадбирлар ташкил қилиниб, йилига 200 миллион туп дарахт ва бута кўчатларини экиш орқали яшил майдонларни 8 фоиздан 30 фоизга ошириш режа қилинган.

Жорий йилнинг 11 октябрь куни Президентимиз раислигида туризм ва маданият масканлари имкониятини тўлиқ ишга солиш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг кузги мавсумини ташкил этиш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилиб, бу бўйича қилиниши лозим бўлган ишлар белгилаб берилган эди. Айни пайтда ушбу йўналишдаги ишлар Қорақалпоғистон Республикасида ҳам жадаллик билан олиб борилмоқда.

— Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш мақсадида “Тахиатош ИЭС” АЖ жамоаси томонидан кўчат экиш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда, — дейди жамият бош директори Фахратдин Халилаев.— Корхонамизнинг ҳудуди ва атрофга 700 туп манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди. Уларни экишда минтақа иқлими ва ер тузилишига ҳам эътибор бериляпти.

Кегейли туманида жорий йилнинг куз мавсумида 300 минг туп манзарали ва мевали дарахт кўчатларини экиш режалаштирилган. Тумандаги “Ийшан қала” овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Агро Халқабад пахтаси” корхонасининг пахта экилган 5 гектар даласи четига тут, узум, жийда сингари дарахт кўчатлари экилди.

Айни пайтда ушбу йўналишдаги ишлар Қорақалпоғистоннинг барча ҳудудларида жадаллик билан олиб борилмоқда. 2023 йилнинг куз мавсумида 5 миллион 950 минг туп манзарали ва мевали дарахт ҳамда бута кўчатлари экилади. Шундан келиб чиқиб, Қораўзак туманидаги “Бердақ” овул фуқаролар йиғинидаги “Ата ғулла ата” фермер хўжалигида 200 дан ортиқ тут кўчатлари экилган бўлса, туман прокуратураси томонидан иккинчи секторга бириктирилган бир гектар ернинг атрофи ободонлаштирилиб, 650 дона тут кўчати қадалди.

— Бизда эса жорий йилнинг куз мавсумида 340 минг дона манзарали ва мевали дарахт кўчатлари экиш режа қилинган, — дейди Тахтакўпир туман ҳокимининг экология ва Оролбўйи ҳудудини ривожлантириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Тлеуберген Тоқимбетов. — Айтиш керакки, бу борада туманимиз ўзига хос тажрибага эга. Негаки, баҳорда 426 900, яъни белгиланганидан қарийб 7 мингта кўп кўчат эккандик. Бу йил улар, асосан, умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари четига, қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган ерларнинг ихоталанган қисмларига ҳамда ўрмон хўжалиги майдонларига экиляпти.

Қайд этиш жоизки, янги қабул қилинган Конс­титуциямизда экологик нормалар алоҳида боб билан мустаҳкамланди. Бундан ташқари, халқимизнинг эркин ва фаровон, қудратли янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича хоҳиш-иродаси билан ишлаб чиқилган “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида бешта устувор йўналишларидан бири сифатида атроф-муҳит муҳофазаси, хусусан, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг ҳуқуқий асослари яратилгани ҳам бежиз эмас. Бинобарин, бугун қилинаётган ишлар ана шу мақсад йўлидаги саъй-ҳаракатлар самарасидир. Қолаверса, азалий анъана ва қадриятларимиз асосида амалга оширилаётган мазкур эзгу лойиҳа яшил ҳудудларни кенгайтириш имконини бериш баробарида, юртимизда мўътадил иқлим ҳосил қилишга ҳам хизмат қилади. Бу эса саломатлик учун жуда фойдали. Шу жиҳатдан, лойиҳани мамлакатимизда экологик барқарорликни таъминлаш орқали глобал иқлим ўзгаришларнинг олдини олишдаги миллий ечим, десак муболаға бўлмайди.

Мамлакатимизда жорий йилнинг 25 октябридан 1 декабригача кузги дарахт экиш мавсуми доирасида 85 миллион туп кўчат экиш режалаштирилган. Давлатимиз раҳбари томонидан ҳар бир маҳалла ва туманда қайси дарахт яхши кўкаришини одамларнинг ўзи яхши билиши, шу боис, кўчат турини аҳоли билан бамаслаҳат танлаш кераклиги қайд этилган. Қорақалпоғистонда иссиқ ҳамда қурғоқчил иқлимга мос келадиган дарахтлар ва яшил майдонлар ниҳоятда муҳим. Улар нафақат салқинлик бериб, ернинг шўрланиш даражасини камайтиради, балки чанг кўтарилишини ҳам тутиб қолади. Масалан, бир гектар яшил дарахтзор ҳар йили ҳавони 60-70 тонна чангдан тозалаб, унинг концентрациясини 25-45 фоизгача пасайтиради. Япроқли дарахтларнинг шох-шаббалари шовқин энергиясини 70 фоизгача ютади. Фаннинг исботлашича, “яшил” зоналарда дарахтсиз жойга нисбатан бактериялар 300 марта кам бўлади.

— Кўчатларни экишдан олдин учи кесиб, янгиланиши, гўнг, тупроқ ва сув аралашмасидан тайёрланган “шарбат”га ботирилиб олиниши мақсадга мувофиқ, — дейди биология фанлари номзоди Ҳожимурод Талипов.

— Шунингдек, экиш пайтида суғориш ва илдиз устига тупроқ тортиб бўлингандан сўнг босиб зичлаштириш ҳам зарур. Илдиз бўғзи кўмилиб ҳам, ер юзасидан юқорига чиқиб кетиши ҳам керак эмас. Экиб бўлингандан кейин дарахт атрофига айланаси 1 метр масофада ариқ олиниб, суғорилади. Биринчи суғорилганда тупроқ чўкиб, илдизи очилиб қолиши мумкин, қўшимча тупроқ солиниб, ёрилган жойлари қайта кўмилади.

Барчамизга яхши маълум, ўрмон табиатнинг бебаҳо неъматидир. Ушбу яшил бойликларни асраш, экологик вазиятни яхшилаш ва унинг салбий оқибатлари олдини олишда эса ўрмон хўжаликлари муҳим ўрин тутади.

Амударё туманига қарашли “Қипчоқ” давлат ўрмон хўжалиги ҳам ҳудуддаги табиий муҳитни мўътадиллаштириб турувчи, ёғоч, доривор ва бошқа турдаги ўсимликлар, уларнинг уруғларини, турли манзарали дарахтлар кўчатларини етиштириб берувчи манба бўлиб хизмат қилиб келмоқда.

— Қипчоқ ва Қиличбой овуллари ҳудудида жойлашган давлат ўрмон хўжаликнинг умумий ер майдони 16 минг 545,8 гектардан иборат. Шундан 3 минг 798,3 гектари ўрмон билан қопланган майдонлар, 855 гектари туташмаган ўрмонзорлар, 11,4 гектари ўрмон кўчатхоналари ҳисобланади, — дейди Қипчоқ давлат ўрмон хўжалиги директори Эркин Тораев. — Ҳудудда тақир ерлар ҳам мавжуд бўлиб, улар 6,87 гектарни, ҳайдаладиган ерлар 24,5, яйловлар 2 минг 689,9 гектарни ташкил қилади. Шунингдек, ҳудуддаги сувли ерлар 2,4 гектар, қумликлар 1 минг 894,9, бошқа ерлар эса 6 минг 748,2 гектарга яқин.

Хўжалигимизда жорий йилда маданий ўрмонзор барпо қилиш, тумандаги корхона-ташкилотларни кўчатлар билан таъминлаш ва кўчатхона ташкил этиш учун уруғ тайёрлаш йиллик режаси 4 минг килограмм қилиб белгиланган бўлса, ҳозирги кунгача 16 минг 250 килограмм уруғ тайёрлаб қўйилди. Шундан 15 минг 730 килограмми саксовул уруғи бўлиб, улар, Орол денгизининг қуриган майдонига ва туманимизнинг ўрмон барпо этиладиган қумли ҳудудларига сепилди.

Хўжаликнинг 11,35 гектар майдонида кўчатхона ташкил қилинган бўлиб, ҳозирда 901 минг дона ниҳол ва кўчатлар мавжуд. Куз ойларида “Яшил макон” лойиҳаси ижросини таъминлаш мақсадида тумандаги корхона, ташкилотларга, шунингдек, мактаб ва боғчаларга ҳомийлик асосида 64 минг 110 дона ҳар хил манзарали дарахт кўчатлари ва қаламчалари етказиб берилади.

Яхши ният билан кўчат экиш, боғ-роғлар яратиш ота-боболаримиздан келаётган яхши удум, миллий қадриятлардан бири ҳисобланади. Дунё миқёсида глобал муаммога айланиб бораётган айни экологик вазиятда ерга ниҳол қадаш ҳар қачонгидан ҳам долзарб эканлигини даврнинг ўзи кўрсатмоқда. Шундай экан, дарахтларни номига эмас, хаётимиз, эртанги кунимиз учун экишимиз, парваришлашимиз лозим.

М.ҚУТЛИМУРАТОВ,

(“Янги Ўзбекистон” газетасидан олинди).