Урганч шаҳрида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ва уюшманинг Хоразм вилояти бўлими билан ҳамкорликда «Оммавий ахборот воситаларида холислик ва ҳаққонийлик маъсулияти» мавзусида анжуман бўлиб ўтди. Унга Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасидаги оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар ҳамда корхона ва ташкилотларнинг ахборот хизматлари раҳбарлари қатнашди.
Тадбирда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Холмурод Салимов, Президентимиз раҳбарлигида медиа соҳасини ривожлантириш оммавий ахборот воситалари ва уларда фаолият юритаётган журналистларни қўллаб-қувватлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганини таъкидланди.
– Чекка овулларимиз, туман ва шаҳарларимизда аҳолига муносиб турмуш шароитларини яратиш мақсадида давлатимиз томонидан амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самараларини, юз бераётган воқеа-ҳодисаларни холис, ҳаққоний ва адолатли ёритишда ОАВ вакиллари, яъни журналистларимизга улкан маъсулият юкланади – деди, Холмурод Салимов ўз сўзида.
Анжуманда «Қорақалпоғистон тонги» газетаси Бош муҳаррири Н.Матякубова «Сўз эркинлиги ва журналист маъсулияти», Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Хоразм вилояти бошкармаси бошлиғи Дилбар Бекжанова «Интернет нашрлари ва ижтимоий тармоқларда ахборот тарқатиш маъсулияти» мавзусида маъруза қилдилар.
Тадбирда давлат бошқаруви органларида очиқлик ва ошкораликни таъминлаш, уларнинг фаолияти устидан таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатишда ОАВнинг ўрни, уларнинг давлат ва жамият орасидаги муносабатларда ўзига хос «кўприк» ролини бажараётгани таъкидланиб, ахборот соҳасига оид ҳуқуқий асослар, журналистнинг касб этикаси ва маъсулияти ҳақида сўз юритилди.
Тадбирда «Хоразм ҳақиқати» ва «Хорезмская правда» газеталари Бош муҳаррири Салияжон Раҳимбергенова, Қорақалпоғистон Ахборот агентлиги етакчи шарҳловчиси Адилбой Ўразов, «Урганч ҳақиқати» газетаси Бош муҳаррири Комил Ўрозимбетов, Ижтимоий тармоқлардаги «Hurriyat.uz» канали ташкилотчиси Ҳуррият Тангишева ва бошқалар ўзларининг таклиф, мулоҳазаларини билдирди.
Анжуманда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзолигига қабул қилинган бир қатор журналистларга аъзолик гувоҳномаси топширилди. Шундан кейин анжуман иштирокчиларини Урганч шаҳрида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан таништириш мақсадида Пресс-тур ташкил этилди. Улар шаҳарда янгидан қурилган Хоразм вилояти телерадиокомпанияси биносида бўлиб, у ерда ижодкорлар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишдилар.
Шунингдек, шаҳардаги Жалолиддин Мангуберди ёдгорлиги мажмуасида бўлдилар. Жалолиддин Мангубердининг от устида отланаётган ҳайкали россиялик усталар томонидан ишланган. Бронзадан ясалган бу ёдгорликнинг баландлиги 25 метр, узунлиги 30 метрни ташкил этади. У Ўзбекистонда бронзадан ишланган энг катта ҳайкал ҳисобланади. Бу лойиҳанинг яна бир аҳамияти шундаки, шаҳарда транспорт воситалари тирбандлигининг олдини олиш мақсадида ёдгорлик ўрнатилган майдон остидан ёпиқ қисми 260 метр, очиқ қсми 240 метр бўлган ер ости йўли қурилган. Эни 17 метр, баландлиги 5 метр бўлган бу тунель соатига 3,5 минг автомобилни ўтказиш имкониятига эга. Бу ер ости автомобиль йўли мамлакатимизда биринчи марта Хоразмда қурилган ва унинг майдони 10 гектарни ташкил этади. Умуман айтганда, бу комплекс хорижий сайёҳлар, шаҳар меҳмонлари ва фуқаролари дам оладиган файзли масканга айланган.
— Мазкур тадбир орқали журналист касби учун жуда зарур маълумотларга эга бўлдим, — дейди тадбир қатнашчиларидан бири Қорақалпоғистон телеканали журналисти Гулзиба Йўлдошева. Айниқса, Хоразм вилоят телерадиокомпаниясида журналистлар учун яратилган шароитларни кўриб ҳавасим келди. Шунингдек Жалолиддин Мангуберди ёдгорлик мажмуаси ҳам менда жуда катта таассурот қолдирди. Биз бундай анжуманлар тез-тез бўлиб туришини ҳоҳлаймиз. Сабаби, устоз журналистлар билдирган фикрлар ёшлар учун сабоқ бўлиб хизмат қилади.
Адилбай ОРАЗОВ
Қ.Х.А.