Байроғимиз – ғурур  ва  ифтихоримиз


18 ноябрь — Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғи қабул қилинган кун

Байроғимиз – ғурур  ва  ифтихоримиз

Нукус шаҳридаги марказий майдонда «Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида»ги қонун қабул қилинганининг 32 йиллигига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда вазирликлар, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари, ҳарбийлар, ёзувчи-шоирлар, маданият ва санъат арбоблари, талаба-ёшлар, кенг жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Дастлаб Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларининг давлат мадҳиялари янгради.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ўринбосари Р.Сапарбаев, “Қорақалпоғистон тонги” газетаси бош муҳаррири,Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Н.Матяқубова, республика Маънавият ва маърифат маркази Қорақалпоғистон Республикаси бўлими раҳбари ­Т.Атамуратов, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети талабаси Б.Эргашев давлат рамзларининг юртимиз тараққиёти ва фуқаролар ҳаётидаги тутган ўрни хусусида тўхталиб, иштирокчиларни мамлакатимиз байроғи қабул қилинганининг 32 йиллиги билан қутлади.

Таъкидланганидек, давлат рамзлари ҳар бир мамлакатнинг мустақиллигини ифодаловчи муқаддас тимсолдир. Ўзбекистоннинг давлат рамзлари халқимизнинг шон-шарафи, тарихий хотираси ва интилишларини ўзида мужассам этиб, шу юртда яшовчи ҳар бир фуқарога ғурур, фахр ва ифтихор бағишлайди.

–Давлат байроғи инсонларда энг аввало. ватанпарварлик туйғусини кучайтиради, – дейди Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Назира Матяқубова. –Айтайлик спортчиларимиз халқаро мусобақаларда  ғалабага эришиб байроғимиз баланд кўтарилганини, аскарларимиз  байроғимиз пойига тиз чўкиб қасамёд қилганини ёки жажжи болалар мактабга илк қадам қўйганида байроқчаларни ҳилпиратив кўтариб турганини кўрганимизда қанчалик тўлқинланамиз. Давлатимиз байроғи халқаро минбарларда ҳилпираганида эса чексиз фахр-ифтихорга тўламиз. Буларнинг барчаси она Ватанимизга бўлган чексиз мехр-муҳаббатимиз ифодасидир.

Тантанали тадбир санъат усталари ва ёш ижрочиларнинг байрам концерт дастури билан давом этди.

Д.АБИБУЛЛАЕВ.