Байроғимиз — аждодларимиз орзу қилган ватан рамзидир


Ўзбек давлатчилигининг 3000 йиллик тарихига назар солсак, эрк ва ҳуррият байроғи учун мардонавор курашган, жон фидо қилган Спитамен, Тўмарис, Жалолиддин Мангуберди, Нажмиддин Қубро, Темур Малик, Амир Темур каби буюк аждодларимиз кўз олдимизда намоён бўлади. Ўтмиш тарихий давр солномасида диёримизга босқинчилик қилиб аҳамонийлар – 200, юнонлар – 180, араб халифалиги – 200, мўғул чингизийлар – 150, чор Россияси ва шўролар давлати – 130 йил ҳукм­рон бўлиб ўзларининг ­мудҳиш излар қолдирганлигини эсласак қалбимиз бирла вужудимиз ларзага келади.

Дарҳақиқат, мустақил Ватаннинг суврати, меҳр-у таровати, аждодлар ўтмиши, бугуни, фидокорлиги ва истиқболини давлат рамзларида намоён  бўлиши ҳам мана шундадир. Шунинг учун ҳам буюк аждодларимиз орзу қилган давлатчилигимиз тарихининг қайси даврини олиб қарамайлик, давлат рамзлари Ватан тимсоллари сифатида ҳамиша азиз ва муқаддас саналган. Ҳамма замонда ҳам давлат рамзлари шунчаки давлат сиёсатини амалга ошириш воситасигина эмас, балки жуда катта ижтимоий-маънавий аҳамият касб этган. Бугунги кунда юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элатлар ўзаро иноқ, тотувликда ҳурлик байроғи остида  жипслашиб яшаб келмоқда. Бу эса бутун дунё ҳамжамияти ҳавас билан боқаётган Янги Ўзбекистоннинг ўзига ҳос намунасидир.

Ватанимиз мустақилликка эришганидан кўп ўтмай, 1991 йилнинг 18 ноябрида Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг нав­батдан ташкари ўтказилган  VII сессиясида мамлакат суверенитети ва мустақиллигини ифодаловчи Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи қабул қилиниши тарихий воқеа бўлди. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Нью-Йорк шаҳридаги бош қароргоҳида 1992-йил 2-март куни Ўзбекистон давлатимизнинг ушбу нуфузли ташкилотга аъзо бўлиши муносабати билан  ватанимиз байроғининг ўрнатилиши барчамизга олам-олам қувонч бағишлади. Чунки, бу воқеа аждодларимиз орзу қилган мустақил давлатимиз дунё ҳамжамияти томонидан эътироф этилган кун бўлиб, тарихимиз саҳифаларига олтин ҳарфлар ила битилган.

Давлат байроғи халқаро муносабатларда Ўзбекистон Республикасининг тимсолидир. Давлатимиз тимсоли бугунги кунда хорижий давлатлардаги Ўзбекистон консуллик дипломатик ваколатхоналарда, Ўзбекистон чегарасидаги ўтиш пунктларида, халқаро спорт мусобоқалари майдонларида, миллий авиакомпания самолётлари, халқаро йўналишдаги поездларимиз орқали дунёнинг кўплаб мамлакатларига “парвоз қилиб” Ўзбекистондай келажаги буюк давлат борлигини жаҳонга намойиш этмоқда.

Мана, ўттиз икки йилдирки, у халқаро майдонда  мамлакатимизнинг куч-қудрати, мустақиллигимиз ифодаси, халқимиз ғурури ва ифтихори тимсоли бўлиб хизмат килмоқда. Албатта, байроғимиз тўғрисида қанчалик фахрланиб гапирсак, дилдан мадҳ айлаб тарғибот-у таърифласак ҳам оздир. Асрлар оша даврлар келадир, авлодлар довон ошадир, давлатимизнинг муқаддас тимсоли бўлган байроғимиз Янги Ўзбекистонда — янги марралар сари дунё саҳналари ва минбарларида мангу ҳилпирайверади!

Ж.Сеттиев,

Республика Маънавият ва маърифат маркази Тўрткўл туман бўлинмаси раҳбари.