Қорақалпоғистонликлар Президентимизнинг ҳудудга ташрифини ўзгача энтикиш билан кутадиган бўлишган. Боиси, давлатимиз раҳбари Оролбўйига қилган ҳар бир ташрифида ҳали мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида қўлланилмаган ва аҳоли фаровонлигини таъминлашга қаратилган янги ташаббусларни илгари суради.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йилнинг 30 март куни Қорақалпоғистон Республикасига қилган ташрифи доирасида Кегейли туманида ўтказилган йиғилишда ҳудуд аҳолиси фаровонлигини янада оширишга қаратилган бир неча янги лойиҳалар ижроси муҳокама қилинди.
Улардан бири кадастри йўқ 38 минг уй-жой ва кўчмас мулклар бўйича тегишли ҳужжатлар қилиб бериш масаласи эди. Давлатимиз раҳбарининг ушбу муаммо бўйича берган топшириғи кўплаб аҳолини шу билан бирга, мана шу масаладаги мурожаат ва муаммоларга ечим топа олмаётган ҳудуддаги масъулларни ҳам қувонтирди, десак хато бўлмайди. Негаки, бир неча йиллардан буён яшаб келаётган уй-жойларига мулк ҳуқуқини берувчи ҳужжатини ололмай юрган юртдошларимиз кам эмасди.
Хўш, ўтган давр мобайнида бу йўналишда қандай ишлар бажарилди? Биз, Президентимиз ташрифида белгиланган ушбу масала юзасидан амалга оширилаётган ишлар бўйича масъуллардан маълумот олишга ҳаракат қилдик.
— Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 30 мартдаги ташрифи доирасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга қаратилган бир қатор ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди ва шулар асосида аҳолининг турар жойига мулк ҳуқуқини эътироф этувчи ҳужжатларни бериш бўйича бир қатор амалий ишлар олиб борилмоқда, — дейди Кадастр агентлигининг Давлат кадастрлари палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи Сардор Урунбаев. — Бу борада шу йилнинг 28 июлида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қорақалпоғистон Республикаси аҳолисини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда жисмоний шахслар томонидан қурилган уй-жойларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги фармони ҳамда унинг ижросини таъминлаш механизмлари юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳамда Вазирлар Кенгашининг тегишли қарорлари қабул қилинди ҳамда амалий ишлар бошлаб юборилди.
Фармонда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, яъни уй-жойларининг мулк ҳуқуқини эътироф этишга оид тегишли ҳужжатлари бўлмаган ҳар бир кўчмас мулк объектлари ҳақидаги маълумотларни “UzKad” ахборот тизимига киритиш зарур эди. Бу ахборотларни сифатли киритиш мақсадида намуна сифатида Хўжайли ва Тахиатош туманлари танлаб олиниб, ҳозирги кунда қайта хатловдан ўтказиш ишлари олиб борилмоқда.
Ҳужжатларсиз қурилган уй-жойларга мулк ҳуқуқи, ер участкасига ижара ҳуқуқи берилганлиги учун бир марталик йиғим миқдорини белгилаш ҳақида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг тегишли қарори қабул қилинган. Унга кўра, Нукус шаҳрида энг кам ойлик иш ҳақининг 3 баробари миқдорида, бошқа туманларда 1 баробари миқдорида бир марталик йиғим тўлови белгиланди. Шунингдек, “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимида рўйхатда турган шахслар бир марталик йиғимни тўлашдан озод этилган.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Давлат кадастрлари палатаси ҳамда Кадастр агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ва Давлат кадастрлари палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси раҳбарлари иштирокида Хўжайли ва Тахиатош туманлари намунавий туманлар сифатида танлаб олиниб, ҳокимликларда юқорида келтирилган фармонда белгиланган вазифалар кенг муҳокама этилиб, алоҳида штаб ташкил қилинди. Штабларга белгиланган вазифалар ижросини таъминловчи масъуллар бириктирилиб, ҳудудлардаги ташкилот мутахассислари томонидан тегишли ҳужжатлари бўлмаган уй-жойларни хатловдан ўтказиш ҳамда мулк ҳуқуқини эътироф этишга оид тегишли ҳужжатларни ўрнатилган тартибда туман ва республика штабларига тақдим қилинмоқда.
Бу борадаги ишларни жадаллаштириш ҳамда сифатли якунлаш мақсадида Давлат кадастрлари палатаси Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Бухоро ва Хоразм вилоятлари бошқармаларининг мутахассислари ҳам бугунги кунда ҳудудлардаги уй-жойларни хатловдан ўтказиш ишларига жалб қилинган ва бу ишлар изчил давом қилмоқда.
Ҳозирги кунгача Хўжайли туманидаги 28 та маҳалладан жами 23 минг 726 уй-жой ва Тахиатош туманидаги 14 та маҳалладан 12 минг 837 уй-жойларни хатловдан ўтказиш ишлари давом этмоқда. Бу жараёнда ҳужжати борлари ҳам тегишли ҳужжатларга эга бўлмаган уй-жойлар ҳам қайта хатловдан ўтказилмоқда. Айни вақтда мазкур уй-жойларга эгалик ҳуқуқини берувчи ҳужжатларни тиклаб бериш учун кўчмас мулк объектлари ҳақидаги маълумотларни “UzKad” ахборот тизимига сифатли киритиш ишлари олиб борилмоқда.
Шу ўринда мулк ҳуқуқини эътироф этиш учун белгиланган талаб ва қоидалар ҳақида ҳам қисқача маълумот бериб ўтишни лозим топдик. Юқорида келтирилган фармонга кўра, фуқаро ушбу уй-жойдан 2018-йил 1 майгача бўлган даврдан бошлаб ўзиники каби ҳалол, ошкора ва узлуксиз фойдаланган бўлиши, ушбу ҳолат космик суратларни қайта ишлаш орқали ҳамда сўнгги беш йил учун ер солиғи ва мол-мулк солиғи тўланганлиги билан тасдиқланган бўлиши, ҳуқуқни эътироф этиш бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан муҳофаза қилинадиган манфаатларини бузмаслиги, ер участкаси бўш бўлмаслиги, унда қурилган уй-жой яшаш учун мўлжалланган бўлиши, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдирмаслиги келтирилган.
Шунингдек, ер участкаси суғориладиган ерлар, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар, тарихий-маданий аҳамиятга молик ерлар, транспорт, алоқа ва мудофаа мақсадларига мўлжалланган ерлар, кимёвий ёки радиоактив моддалар билан ифлосланган ерлар тоифасига кирмаслиги, сув объектларининг санитария муҳофазаси зоналарида, ер усти ва ер ости сувларининг ҳосил бўлиш зоналарида жойлашмаган бўлиши шартлиги алоҳида белгилаб қўйилган.
Кадастр агентлиги Давлат кадастрлари палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси томонидан берилган маълумотларга кўра, кадастри йўқ уй-жой ва кўчмас мулклар бўйича тегишли ҳужжатлар қилиб бериш масаласи намуна қилиб олинган иккита туманда якунлангач, бошқа туманларда ҳам амалга оширилиши назарда тутилган. Юқорида келтирилган фармонда 2024-йил 1 августга қадар бу борадаги ишларни якунлаш назарда тутилганини ҳисобга олган ҳолда бошқарма ходимлари барча куч-ва имкониятларини аҳолининг ўзлари яшаб келаётган уй-жойларига мулк ҳуқуқини эътироф этишга оид ҳужжатларини расмийлаштириш ишларига қаратганлар.
Эътиборлиси, Президентимизнинг битта ташрифи доирасида илгари сурган ташаббуси ортидан минглаб аҳолининг йиллаб ҳал қилинмай келаётган муаммосига ечим топилди. Бу борадаги амалий ишлар халқимизни эртанги кунга бўлган ишончини янада оширмоқда.
Ғайрат Отажонов.