Сайёра Қорабоева 2019 йилда Амударё туманидаги “Фаровон” маҳалла фуқаролар йиғинида хотин-қизлар фаоли сифатида иш бошлагунга қадар 31-мактабда ўқувчиларга она тили ва адабиёт фанидан сабоқ бериб келарди. Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институти ўзбек филологияси факультетини тамомлаган Сайёра учун ўқувчи-ёшлар, ҳамкасблари, отаоналар билан ишлаш ҳаётий тажриба мактаби бўлди. Шунданми, «Фаровон» маҳалласи хотин-қизлар фаоли сифатида иш бошлаганида аҳоли билан мулоқот борасида асло қийналмади, устоз сифатидаги кўп йиллик тажриба маҳалла аҳли билан тил топишиб кетишида муҳим омил бўлди.
Ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси ва МФЙ кенгаши аъзолари билан ҳамкорликда фаолиятини хонадонбай ишлашдан бошлаган Сайёранинг ён дафтарида 1261 аёл-қиз, уларнинг турмуш тарзларига оид ечимини кутаётган муаммолар юзасидан аниқ маълумотлар шаклланди. Аввало, муайян сабаблар билан уйида ўтириб қолган, лекин ишлаш истагида бўлган аёллар бандлигини таъминлаш мақсадида улар билан алоҳида суҳбатлар ўтказди. Маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси Муқаддас Бекназарова билан ҳамкорликда ишсиз хотин-қизларнинг тадбиркорлик қилиши учун имтиёзли кредит олишига кўмаклашилди.
— 18 аёл-қизнинг турли йўналишларда тадбиркорлик билан шуғулланиш бўйича бизнес ғоялари тўлиқ ўрганилиб, имтиёзли кредитлар олиб берилди. Бундан ташқари, ишсиз 11 аёл жамоат ишларига жалб этилди, — дейди “Фаровон” МФЙ хотин-қизлар фаоли Сайёра Қорабоева. — Шунингдек, 2023 йилда 4-босқич “Аёллар дафтари”га 71 хотин-қиз киритилди. Жиддий ўрганишлар натижасида 18 нафар эҳтиёжманд хотин-қизнинг бандлиги таъминланди. Ҳоким ёрдамчиси билан доимий ҳамкорлик натижасида ишсиз, эҳтиёжманд 3 аёлга субсидия асосида иссиқхона қуриб берилди.
Сайёра Қорабоева халқ орасига кириб боргани сари оилалар муҳити соғлом, аёл-қизлар кўнгли хотиржамлиги, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш бугунги давр талаби эканини чуқур англаб бораверади.
Маҳалладаги ногиронлиги бўлган ва боқувчисини йўқотган аёллар ҳолидан хабар олиш, улар ҳаётига оид муаммоларни биринчи галда ҳал этиш Сайёра Қорабоева фаолиятидаги доимий долзарб масалалар сирасига киради. Уларнинг уй-жойларини таъмирлаб бериш, ижтимоий ёрдам кўрсатиш, фарзандлари таълим-тарбияси борасидаги муаммоларни ҳал этишда маҳалла масъуллари билан яқин кўмакдош. Ана шундай аёл-қизларнинг яшаш шароитларини яхшилаш мақсадида уй-жойлари таъмирлаб берилди. Ижара уйларда яшовчи 3 нафар хотин-қизнинг ижара тўловлари учун компенсация ажратилди.
Сайёранинг иш кунлари маҳалладошлари ҳаётига янада файз, осойишталик бахш этишга қаратилган эл-юрт манфаати йўлидаги хайрли ташвишлар билан ўтади. У хонадонма хонадон юриб, аёл-қизлар билан мулоқот қилишдан, муаммоларини ўрганишдан, ҳаётида енгилликлар яратишга интилишдан асло чарчамайди. Ён дафтаридаги саҳифалар эса бири биридан хайрли ишлар тўғрисидаги қайдлар билан тўлиб бораверади.
Ҳунаридан ризқ топаётган аёл
Амударё туманидаги “Олмазор” маҳалла фуқаролар йиғини “яшил” тоифадаги обод ва файзли гўшалардан. МФЙ масъуллари ҳудуддаги хонадонларда тез-тез бўлиб, ишсиз, ишлашга эҳтиёжи бор фуқаролар бандлигини таъминлашга, уларга муносиб турмуш шароитлари яратишга ҳаракат қилишади. Айниқса, манзилли қўллаб-қувватлаш дафтарига кирган ёшлар, аёлларнинг ҳолидан хабар олиниб, имкон қадар қўллаб-қувватланмоқда.
“Аёллар дафтари”нинг 6-тоифасига рўйхатга олинган Шаҳло Бекмуродова 5 фарзанднинг онаси. У узоқ йиллар фарзандлари тарбияси билан шуғулланди. Турмуш ўртоғи Рустам Ўтабоев ишлаб, оиласини таъминлаб қўйишга ҳаракат қилаётган бўлса-да, Шаҳло бекор ўтиришни ўзига эп кўрмади.
Мамлакатимизда аёл-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳеч кимдан кам бўлмай меҳнат қилиши, иқтидорини намоён этишига шароит яратиш йўлидаги ишлар унга далда бўлди. Ишлаш истагини, лекин фарзандларини қаровсиз қолдириб кета олмаслигини маҳалла фуқаролар йиғини масъулларига бориб айтди. Уларнинг маслаҳатига кўра, тикувчиликни бошлаб, ўзини ўзи банд қилди.
— Болалигимда бувим менга дўппи, кийимлар тикишни ўргатган, ҳар бир қизнинг қўлида ҳунари бўлса, ҳаётда қийналмайди, дея кўп насиҳат қиларди, — дейди Шаҳло Бекмуродова. — Шу тариқа йиллар ўтиб, чевар бўлдим. Дастлаб Манғитдаги, кейинчалик Тошкентдаги тикув цехларида ишладим.
Шаҳло Бекмуродованинг бувисидан ўрганган бу ҳунари ҳаётида жуда асқотади. Ҳозир ҳам оиласида, фарзандларига кўз-қулоқ бўлиб тиккан кийимлари мижозларга манзур бўлмоқда. У буюртма асосида турли хилдаги аёллар, эркаклар ва болалар кийимларини тикишдан ташқари, маҳсулотини бозорга ҳам чиқаради.
— Ота-боболаримиз “Ҳунар — ҳунардан ризқинг унар”, деб бежиз айтмаган. Қолаверса, нечта ҳунаринг бўлса-да, кўплик қилмайди одамга, — дейди Шаҳло Бекмуродова. — Шу билан бирга, 5,5 миллион сўм имтиёзли кредитга пишириқлар пиширадиган ускуна сотиб олдим ва бу борада ҳам анча маҳоратга эга бўлдим.
Тиниб-тинчимас аёл яқинда тадбиркорлик асослари бўйича курсда ўқиб, махсус сертификат олди ва фаолиятини кенгайтириш, тадбиркор сифатида тикув цехи очиш ниятидалигини айтди.
Матлуба ёрдамга кўз тикиб ўтиришни ўзига эп кўрмади
Матлуба Тўлиева Амударё туманидаги “Беруний” МФЙда яшайди. Турмуш ўртоғи мавсумий ишларда ишлаб, рўзғор юкини бир ўзи тортиб келаётгани боис, унга кўмакдош бўлишга интилди. “Аёллар дафтари”га киритилган Матлубага маҳалла масъуллари тикувчилик фаолиятини йўлга қўйишга кўмак берди.
Матлуба давлатнинг ёрдамига кўз тикиб ўтиришни ўзига эп кўрмай, ишга киришди. Ҳадемай унинг ўзгача ихлос, маҳорат билан тиккан кийимларига мижозлар ҳам кўпайди.
Матлуба Тўлиева бор маҳоратини буюртмани хушбичим, чиройли қилиб бажаришга сарфлайди, тиккан кийими одамларга манзур бўлаётганидан қувонади. У доимий даромадга эга бўлиб, меҳнатлари самарасидан “Аёллар дафтари”дан чиқарилди.
Атрофимизда боқимандаликни ўзига раво кўрмайдиган хотин-қизлар сафи кун сайин кўпайиб бораётгани яхшилик, фаровонлик аломатидир.
Минажатдин ҚУТЛИМУРАТОВ.
(«Янги Ўзбекистон» газетасидан олинди).