Фуқаролар бандлигини таъминлашга кўмаклашувчи марказ


Қорақалпоғистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги тасарруфидаги Нукус шаҳар “Ишга марҳамат” мономаркази ишсиз ва иш қидираётган, шунингдек, белгиланган тартибда чет давлатларга вақтинча ишлаш учун кетаётган фуқароларни касб-ҳунарга ва хорижий тилларга ўқитиш йўлида самарали фаолият юритмоқда.

Мономарказнинг 4 та филиали мавжуд бўлиб, уларда ишсиз аҳолини асосий 5 та йўналишдаги 22 та касб-ҳунар ва 6 та хорижий тилга ҳамда бир нечта қўшимча ўқув курсларида ўқитиш йўлга қўйилган. Марказда тингловчилар 1 ойдан 3 ойгача бўлган муддатда назарий ва амалий  билим олади.

“Ишга марҳамат” мономарказининг 1-сонли филиалида ҳозирда 246 нафар фуқаро касб-ҳунар, хорижий тиллар ва ахборот технологияларига ўқитилмоқда. Жорий йилнинг ўтган 10 ой давомида эса жами 959 тингловчи сервис ва хизмат кўрсатиш, ахборот технологиялари, хорижий тиллар, қишлоқ хўжалиги ва техник соҳалар бўйича ўқув курсларида қатнашиб, махсус сертификат олди. Ушбу сертификат ишсиз фуқароларнинг ўзини ўзи банд қилишига ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишига кенг имконият яратмоқда.