Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларида хизмат кўрсатган фан арбоби, Бердақ номидаги давлат мукофоти совриндори, фалсафа фанлари доктори, профессор, академик Жуманазар Базарбаевнинг 90 йиллигига бағишланган “Ҳаёти ибрат, фидойи олим” мавзусида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Тадбир театр фойесида ташкил этилган академикнинг илмий-ижодий ишлари, ҳаёти давомида қўлга киритган ютуқларини акс эттирувчи кўргазма билан бошланди.
Конференцияни институт ректори вазифасини вақтинча бажарувчи Қ.Қодиров бошқариб борди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари Б.Ўтемуратов сўзга чиқди.
Шундан сўнг атоқли олимнинг ҳаёти, илмий-тадқиқот ишлари, ижоди ва педагогик фаолияти тўғрисида Ўзбекистон Фанлар Академияси академиги, иқтисод фанлари доктори Н.Айимбетов, педагогика фанлари номзоди, профессор А.Пазиловлар маъруза қилди. Шоир П.Дабилов академик Ж.Базарбаевнинг ёрқин хотирасига бағишлаган шеърини ўқиди.
Академик Ж.Базарбаев ҳаёт бўлганида бу йил 90 йиллик қутлуғ санасини қаршилаган бўлар эди.
Таъкидланганидек, Ж.Базарбаев фан оламида теран фикрли,таниқли олим, таълим соҳаси ташкилотчиси ҳамда фидойиси сифатида кенг танилган. Уни машҳур философ сифатида Марказий осиё, Россия ва бошқа йирик илмий марказларларнинг философ олимлари ҳурмат қилади.
Жуманазар Базарбаевнинг 500 га яқин илмий-публицистик асарлари, жумладан 30 дан зиёд монография, дарслик, ўқув-услубий қўлланмалари кенг жамоатчиликка таниш. Унинг илмий ишларида фалсафа, этика, эстетика, тарих, адабиёт, педагогика ва юртимизнинг ижтимоий ҳаётида боғлиқ қатор муҳим масалалар ёритилган.
У 1951-1955 йилларда Қорақалпоқ давлат институтининг химия-биология факультетида таҳсил олди. Институтни аъло баҳолар билан тамомлагач, педагогика институтида философия фанидан ўқитувчилик қилди. 1963 йил номзодлик, 1973 йили докторлик диссертацияларини муваффақиятли ҳимоя қилди.
Унинг раҳбарлигида институтда 1965 йили философия сектори очилди.
1971 йил педагогика институти доценти, 1976 йили университет профессори илмий даражаларига эга бўлди. 1980-1988 йилларда Қорақалпоқ давлат университетида кафедра мудири, 1989-1990 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси халқ таълими вазири, 1990-2021 йилларда Ажинияз номидаги Нукус давлат педагогика институти ректори сифатида фаолият юритди.
Ж.Базарбаев ректорлик лавозимида фаолият юритган чоғида “Сен ҳеч кимдан кам эмассан, ҳеч ким сендан ортиқ эмас. Она Ватан учун излан ва меҳнат қил!” номли институт шиорини қабул қилди. Шунингдек, институт тарихини ёритувчи музей ташкил қилди. Институтга ном бериш масаласини ҳал қилди – Нукус давлат педагогика институтига Ажинияз Қўсибай ўғли номи расмий турда берилди.
Вазирлар Кенгашининг қўллаб-қувватлаши асосида1993 йилдан бошлаб Ажинияз эсдалик бюсти институт бош биноси олдига ўрнатилди. Унинг ёзган асарлари ўзининг чуқур мазмуни ва илмий аҳамияти билан ажралиб турди ва танловларда олий ўринларни эгаллади. Жумладан, 1996 йил умр йўлдоши Қирмизи Давлетова билан ҳаммуаллифликда яратган “Одобнома” китоби Бердақ номидаги давлат мукофотига сазовор бўлди. Ў.Алеўов билан биргаликдаги “Мавароуннаҳр-маънавият маркази” шиори асосида ўтказилган танловга юборилган “Мавароуннаҳр халқлари педагогикаси” концепциявий дастури 1992 йил Ўзбекистонда халқаро танловда биринчи ўринни эгаллади.
2012 йилда олимнинг “Одоб философияси”номли асари ва у раҳбарлигида “Маънавият асослари” ўқув қўлланмаси Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги ва “Истеъдод” жамғармаси томонидан ташкил қилинган “Йилнинг энг яхши дарслиги ва ўқув қўлланмаси” танловида 2-ўринни, унинг раҳбарлигида ёзилган “Қарақалпақ этнопедагогикаси” ўқув қўлланмаси 3-ўринни эгаллаб, махсус диплом билан тақдирланди.
Унинг номи 2011 йил Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг “Фан” нашриётида инглиз тилида нашр қилинган “Ўзбекистон олимлари биографияси” китобидан жой олди.
Ж.Базарбаев шогирд тайёрлаш ишларига алоҳида эътибор қаратди.Унинг илмий раҳбарлигида С.Садиқов, С.Абаев, Г.Жангабаева, Ў.Арзиев, У.Сейтжанов, А.Муратбаева, З.Жарлепесова, А.Байриева, А.Ембергенов, З.Сейтова ва бошқалар ўзларининг номзодлик диссертацияларини муваффақиятли ҳимоя қилди.
Академик Ж.Базарбаев ҳалол меҳнати, пешона тери, донишмандлиги, фикрлаш доираси кенглиги, фидойилиги билан танилган, эл-юрти севган, жафокаш олим бўлди.
Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг Оролбўйи ҳудудида экологик барқарорликни таъминлаш борасидаги сиёсати ва улкан хизматларини кенг оммага етказиш мақсадида “Жабрланган халқ тарихининг янги саҳифаси очилди” номли китобини нашр қилдириб, Мўйноқ ва республика халқига тарқатди.
Конференцияда республикамизга таниқли олимлар, академикнинг ҳамкасблари, замондошлари, шогирдлари сўзга чиқиб, Жуманазар Базарбаевнинг инсонийлик фазилати, донишмандлиги, унинг ҳаёт йўли келажак авлодларга ибрат бўлишини алоҳида таъкидлашди.
Тадбир республика санъат усталари ва иснтитутнинг “Тўмарис” ашула ва рақс халқ ансамбли, шунингдек, истеъдодли талабалар ижросидаги концерт дастури билан давом этди.
Қ.Х.А.