Президентимизнинг бу йил ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан йўллаган табригида бир қатор янгиликлар хусусида таъкидланди.
Жумладан, «Бу йил хориждан таклиф этилган 500 нафар чет тили мутахассиси мактабларимизда иш бошлади. Келгуси йилларда уларнинг сонини 3 баробар оширамиз, 10-11-синфларда бир қатор фанларни ўқувчиларнинг танлови асосида чуқурлаштириб ўқитишни йўлга қўямиз.
Таълим соҳаси ходимларининг ўртача иш ҳақи 2 баробар кўпайтирилади. Минг нафар тарбиячи ва ўқитувчилар хорижий мамлакатларга малака ошириш ва стажировкага юборилади. Ўқитувчиларни ишга қабул қилиш, уларнинг малакасини ошириш ва тоифа бериш тизими ҳам такомиллаштирилади. Биз фарзандларимизни миллий ғурур, Ватанга муҳаббат, умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашга бундан буён ҳам устувор аҳамият қаратамиз», — дея қайд этилди.
Буларнинг барчаси таълим сифати ва самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади, албатта.
Бизнинг Кегейли туманидаги 2-умумий ўрта таълим мактабида ҳам таълим сифати тобора ошиб бораётганини таъкидлаш лозим. 624 ўқувчи ўрнига мўлжалланган мактабимизда 748 нафар ўқувчиларга 100 дан зиёд ўқитувчи таълим бермоқда. 2018 йилда енгил таъмирдан чиқарилган мактабда барча шароитлар яратилган. Химия-биология, физика лаборатория хоналари замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган бўлиб ўқувчиларнинг билим ва кўникмаларини оширишда кўмакдош бўлмоқда.
Маълумки, ўқувчининг билимли, салоҳиятли бўлиши учун аввало, ўқитувчи намуна бўлиши керак.
Шу жиҳатдан, қорақалпоқ тили ўқитувчиси Б.Канназарова И.Юсупов хотирасига бағишлаб ўтказилган “Сўнмас юлдузлар” танловида 2-ўринни эгаллагани, 2022 йилда “Йил аёли” танловида эса “Фаол аёл” номинациясига эга бўлгани ва бошқа ўқитувчиларимизнинг қатор ютуқлари ўқувчиларимиз учун ибратдир.
Бундан ташқари, ўқувчиларимиз спортнинг турли йўналишлари бўйича кўрик-танловларда муносиб қатнашиб келишмоқда.
Жумладан, Р.Аширбаева қиличбозлик бўйича “сабля” йўналишида Ўзбекистон кубогини қўлга киритиб 2-даражали диплом билан тақдирланди. А.Гайбуллаев ўсмирлар ўртасида ўтказилган Қорақалпоғистон Республикаси чемпионатида 2-ўринни ҳамда Нукус шаҳри 2-сонли БЎСМ очиқ биринчилигида 1-ўринни қўлга киритди.
Шунингдек, спортнинг кураш тури бўйича А.Примбетова 2008-2009 йилларда туғилган қизлар ўртасида ўтказилган Қорақалпоғистон Республикаси чемпионатида иккинчи ўринни эгаллади. Т.Жийенбаева Ўзбекистон Республикаси Франция элчихонаси кубоги учун қиличбозлик бўйича халқаро турнирда 1-ўринни, 2023 йилда эса Ўзбекистон чемпионатида 3-ўринни қўлга киритди. Ш.Жийенбаев ҳам қиличбозлик бўйича мазкур турнирда 3-ўринга, Ўзбекистон кубогида эса 1-ўринга сазовор бўлди.
Албатта, ютуқлар ўз-ўзидан бўлмайди. Салоҳият, билим ва изланиш муваффақият калити эканлигини яхши англаган мактаб жамоаси ёш авлодга миллий қадриятларга мос ва хос таълим-тарбия беришда давом этаверади.
Гулжахан ПРИМОВА,
Кегейли туманидаги 2-умумий ўрта таълим мактабининг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари.