Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида “Қорақалпоғистонда қатағон даври тарихининг ўрганилиши: тадқиқотлар, муваффақиятлар ва муаммолар” мавзусида Республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.
Конференциянинг асосий мақсади Қорақалпоғистонда қатағон даври тарихининг ўрганилиши концепциясини таҳлил қилишдан иборат.
Эски тузум даврида қорақалпоғистонлик давлат раҳбарлари, маънавият ва маърифат фидойилари, халқимизнинг бир неча минглаб фарзандлари шаҳид кетдилар. Уларнинг пок руҳи ўз она тупроғидан ташқарида, узоқ жойлардаги қирлару сойларда номаълум қолиб кетди. Халқимиз ўз фарзандларидан айрилиб, оғир азоб чекиб, кўзлари қонли ёшга тўлиб, фожиали воқеаларни бошидан кечирди.
Шундай қайғули кунлардан бири 1938 йили 13 октябрь халқимиз тарихида «қонли жараён» куни деб номланади. 13 октябрдаги суд жараёни оқибатида қорақалпоқ халқининг зиёли фарзандларидан Кўптилеў Нурмухамедов, Қосим Аўезов, Абиў Қудабаев, Алланазар Пирназаров, Ўтенияз Бекимбетов, Оразимбет Дилманов, Қазақбай Алламбергенов, Турдимурат Низаматдинов, Сейит Тўреев, Пиримбет Тўреев, Халмурат Темирханов, Сабир Қилишев, Алланияз Айтешов, Исметулла Бекбаўлиев ва бошқа қатор инсонлар бегуноҳ қурбон бўлди.
Конференцияни университетнинг ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори С.Aлаўатдинов кириш сўзи билан очди ва олиб борди. Конференциянинг очилиш қисмида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмитаси раиси Ш.Ўтемисов нутқ сўзлаб мазкур тадбирнинг аҳамияти, мақсади ҳақида фикр билдирди.
Конференцияда шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи директори, тарих фанлари доктори, профессор Б.Ҳасанов “Янги Ўзбекистонда қатағон қурбонлари номларини абадийлаштириш ва тарихий адолатнинг тикланиши”, Андижон давлат университети ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи директори, тарих фанлари доктори, профессор Р.Шамсутдинов “Қатағонга учраган прокуратура ходимларининг тақдири”, Қорақалпоқ давлат университети профессори тарих фанлари доктори, профессор Б.Қощанов “Қорақалпоғистонда сиёсий қатағонлар тарихини тадқиқ қилишнинг назарий методологик масалалари”, Навоий давлат университети ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи директори тарих фанлари номзоди, доцент Х.Қурбанов “Зарафшон округида коллективлаштириш ҳолати бўйича Сталин ва Молотовга юборилган махсус хабарнома”, тарих фанлари номзоди, ҳамюртимиз, Қорақалпоғистон тарихининг 1930 йиллар даври бўйича мутахассис, доцент Б.Алланиязов «Бегуноҳ қурбон бўлган қорақалпоқ зиёлилари”, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Қорақалпоғистон бўлими Қорақалпоқ гуманитар фанлар илмий-тадқиқот институти Тарих бўлими катта илмий ходими, тарих фанлари доктори С.Нуржанов, “1937-38 йиллардаги Қорақалпоғистон журналистларининг қатағонга учраши”, Бухоро давлат университети ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи директори, тарих фанлари номзоди, доцент А.Ҳамроев “Бирлик йўлидаги янги бир қадам”, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи илмий ходими (PhD) Б.Ирзаев “Оқлашни кутаётган Қорақалпоғистонлик биродарлар”, Фарғона давлат университети ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи директори С.Сиддиқов “Уларнинг айби буюк бўлгани” мавзусидаги илмий мақолалари билан маъруза қилди. Конференцияда Ўзбекистоннинг барча вилоятлар олий ўқув юртлари ҳузуридаги қатағон қурбонлари хотираси музейи директорлари ва илмий ходимлари, қатағонга учраган инсонларнинг авлодлари иштирок этди.
Куннинг иккинчи ярмида конференция секцияларга бўлинган ҳолда ўз ишини давом этди. Шунингдек, конференция жараёнида республикамиздаги олий ўқув юртлари ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи директорлар Кенгаши мажлиси ўтказилиб, унда қатағон қурбонларини номма-ном аниқлаш мақсадида илмий тадқиқотлар кўламини кенгайтириш, бу борада мамлакатимиздаги машҳур олимлар ва мутахассислар, республикамиздаги барча музей директорлари тажрибаларидан фойдаланиш, қатағон даврини ўрганишдаги муаммолар ва уларнинг ечимларини топиш, шу йўналишга етук мутахассис кадрларни жалб қилиш ва уларнинг сонини кўпайтириш, қатағон даври бўйича маънавий-маърифий, тарғибот-ташвиқот ишларини янада кенгроқ олиб бориш масалалари юзасидан ўзаро фикр алмашилди.
Шу билан бирга, маърузачилар томонидан 1860-1991 йилларда қатағон бўлганларнинг миллий ғоя ва янги илмий нуқтаи назардан тадқиқ қилиниши, қатағонга учраган машҳур жамоат ва давлат фан ва маданият арбоблари, маърифатпарварлар ҳаёти, фаолияти илмий ва адабий меросининг ўрганилиши ва халққа етказилиши, Ўзбекистондаги қатағон даври тарихига хорижий мутахассислар ёндашувининг қиёсий таҳлили, мустақиллик йилларида тарихий адолатнинг тикланиши, қатағон қурбонлари хотирасининг абадийлаштирилиши, миллий қадриятларни асраб-авайлаш ва ривожланиш йўлида амалга оширилган тарихий ишлар хусусида фикр юритилди.
Конференция якунида энг яхши маъруза билан иштирок этган профессор ўқитувчиларга, ёш олимларга ташкилотчилар томонидан қимматбаҳо совғалар топширилди ва фахрий ёрлиқлар билан тақдирланди.
Шунингдек, иштирокчилар тажриба алмашиш ва музейлар билан танишиш мақсадида республикамиздаги И.В.Савицкий номидаги давлат санъат музейи, Қорақалпоғистон Республикаси тарихи ва маданияти давлат музейи, Бердақ номидаги қорақалпоқ адабиёти тарихи давлат музейларида бўлдилар.
Иштирокчилар конференциянинг юқори даражада ташкиллаштирилганини таъкидлашди.
Алишер Қудияров,
музей директори.
Ансатбай Алимбетов,
музей ходими.
Камшат Байменова,
ҚДУ ўқитувчиси.