Жорий йилнинг 27 ноябрь куни Нукус шаҳрида буюк сўз заргари Бердақ Ғарғабай ўғлининг таваллуд кунига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Дастлаб Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев иштирокида шоир ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйилди. Тадбирда шунингдек, кенг жамоатчилик вакиллари, зиёлилар, ёшлар қатнашди.
Шундан сўнг Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида шоир таваллудининг 196 йиллиги муносабати билан ёзувчилар, адабиётшунослар ва ижодкор талаба-ёшлар иштирокида адабий кеча ўтказилди.
Таъкидланганидек, XIX аср қорақалпоқ классик адабиёти тўғрисида сўз юритилганида биринчилардан бўлиб Бердақ Ғарғабай ўғли тилга олинади. Унинг шеърлари бугунги кунда барчага ёд бўлиб кетган, десак муболаға бўлмайди.
У Ватанга садоқат тимсолига айланган классик шоир ҳисобланади. Шоир асарларини ўқир экансиз, унинг буюк донишманд, тарихчи, ҳар томонлама етук шахс бўлганлигини англайсиз. Бердақ ижоди Ўрта Осиё халқларининг миллий маданияти, шунингдек, бутун дунё маданияти хазинасига қўшилган улкан ҳисса сифатида баҳоланади.
Тадбирнинг бадиий қисмида бахшилар ижросида шоир асарларидан ашулалар янгради. Талаба-ёшлар томонидан шеърлари ўқилди ва саҳна кўринишлар намойиш қилинди.
Шоир асарлари халқни нурли келажакка руҳлантириш,маънавий дунёсини бойитишга катта ҳисса қўшиб келган. Шу боис бу асарлар адабиёт шайдолари, келажак авлод учун ўлмас мерос бўлиб қолаверади.
Жойларда “Бердақ кунлари” ҳафталиги доирасида илмий-амалий анжуманлар давом этмоқда.
Қорақалпоғистон хабар
агентлиги.