Тил – миллат тараққиётининг маънавий пойдевори


Бирор тил ҳеч қачон шунчаки тарих саҳнасига кириб қолмайди.

Ўзбек ва қорақалпоқ тилини чинакамига давлат тили мақомига кўтариш йўлидаги ҳаракатлар натижасида 1989 йил 21 октябрь ва 1 декабрь қутлуғ сана сифатида тарихимиз саҳифаларига битилди, яъни 21 октябрь ўзбек тилига, 1 декабрь қорақалпоқ тилига давлат тили мақоми берилган кунлар байрам тарзида нишонланадиган бўлди. Ҳа, маърифатимиз дарғалари бўлган Кунхўжа, Ажинияз, Бердаҳ, Беҳбудий, Авлоний, Абдулла Қодирийлар орзу қилган “Тил озодлиги – дил озодлиги” орзуси рўёбга чиқди.

Мамлакатимизда бениҳоя холис тил сиёсати шаклланган. Унинг талабларига кўра, юртимизда истиқомат қиладиган барча миллат ва элатларнинг тиллари ва маданиятларининг ҳурмат қилиниши ва ривожи учун барча шароит яратилган.

Қорақалпоқ тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 34 йиллигига муносиб совға сифатида 7 та жилддан иборат “Қорақалпоқ тилининг изоҳли луғати” китоби нашр этилди. Албатта, ушбу луғатнинг яратилишида филология фанлари доктори, профессор Ш.Абдиназимов,  филология фанлари доктори Э.Пирниязова, филология фанлари бўйича фалсафа доктори П.Дабылов, Ўзбекистон халқ ёзувчиси К.Каримов каби тил жонкуярларининг хизматлари беқиёсдир.

Қорақалпоқ тилининг ривожи йўлида илмий-тадқиқот, тарғибот-ташвиқот ишларини амалга ошириш мақсадида 2021 йил 16 июлда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиумининг қарори билан “2021-2030 йилларда қорақалпоқ тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш консепцияси” тасдиқланди.

Шу ўринда тилга бўлган эътибор ҳақида аждодларимизнинг ўгит-насиҳатларини ҳам ҳар доим эсда тутишимиз зарур. Дарҳақиқат, Абу Райҳон Берунийнинг фикрича, тил – сўзловчи истагини эшитувчига етказувчи таржимонидир. Улуғ мутафаккир Алишер Навоий тилни инсонни ҳайвондан ажратувчи “гавҳари шариф”га ўхшатади. Маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлонийнинг ушбу сўзлари ҳам айни ҳақиқатдир: “Ҳар бир миллатнинг дунёда борлигини кўрсатадурган ойинаи ҳаёти унинг тили ва адабиётидур. Миллий тилни йўқотмак миллатнинг руҳини йўқотмакдур”.

Демак, аждодларимизга муносиб авлод бўлиш учун энг авалло тилимизга ҳурмат ва эҳтиром ила ёндошишни тўла англаб етсак баркамоллик сари алп қадамлар ташлаган бўламиз.

Ж.Сеттиев,

Республика Маънавият ва маърифат маркази Тўрткўл туман бўлинмаси раҳбари.

Г.Назарова,

Тўрткўл тумани ҳокимининг давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси.