СУВ — МУҚОБИЛИ ЙЎҚ РЕСУРС ШУНДАЙ ЭКАН, УНГА БЎЛГАН МУНОСАБАТНИ КЕСКИН ЎЗГАРТИРИШ ШАРТ


Сув ресурслари минтақамиз ва мамлакатимиз учун энг долзарб масалалардан бирига айланиб бораётгани бугун ҳеч кимга сир эмас. Лекин биз ундан унумли фойдаланяпмизми? Бу саволга жавоб қандай бўлишидан қатъи назар, бир нарса аниқки, сувни тежаб ишлатишни билмасак, унинг исроф бўлишининг олдини олиш чораларини кучайтирмасак, эртага янада мушкул аҳволга тушиб қолишимиз аниқ. Шу боис, Қорақалпоғистон Республикасида сув хўжалигида амалга оширилаётган ишлар атрофлича таҳлил қилиниб, йўл қўйилаётган камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.

— Жорий йилда Амударё тумани бўйича жами узунлиги 21,8 километр бўлган ички хўжалик каналларини бетонлаш режалаштирилган. Шундан келиб чиқиб, айни пайтда тумандаги “Гўжа ёп” ички хўжалик каналини бетонлаш ишлари “Amudaryotex” қўшма корхонаси ҳисобидан амалга оширилмоқда, — дейди Қорақалпоғистон Республикаси сув хўжалиги вазири Бахтияр Жузбаев. — Бунинг натижасида йил давомида жами 8,4 миллион куб метр сув иқтисод қилинади.

“Гўжа ёп” ички хўжалик каналининг умумий узунлиги 3,5 километр бўлиб, сув ўтказиш қобилияти дақиқасига 1 куб метрни ташкил қилади ҳамда 3 та фермер хўжалиги, 70 та аҳоли хонадонлари ушбу хўжалик каналидан фойдаланиб келади. Шунингдек, мазкур ички хўжалик каналидан 167 гектар ер майдони суғорилади. Жумладан, 74 гектар пахта, 36 гектар ғалла, 15 гектари томорқа майдонларига тўғри келади.

Ҳақиқатан, кузатилаётган сув танқислиги Амударёнинг энг қуйи қисмида жойлашган Оролбўйи минтақасига янада кескин таъсир кўрсатиши табиий. Нукус шаҳрини кесиб ўтувчи иккита йирик каналнинг бири — “Анасай” магистрал каналини реконструкция қилиш ишлари 2018 йилда бошланган эди. Ушбу объектда бош пудратчи ташкилот “Бунёдкор Мерос” масъулияти чекланган жамияти томонидан каналнинг 13,6 километр қисмида реконструкция ишлари олиб бориш белгиланган. Айни кунларда объектда бир нечта экскаватор ва махсус техникалар реконструкция ишларини якунлаш бўйича каналнинг охирги қисмларида қазиш ишларини олиб бормоқда.

Умумий узунлиги 13,6 километр бўлган мазкур канал лойиҳа бўйича секундига 342 куб метр сув ўтказиш имкониятига эга бўлади. Аммо канал қурилганидан буён, яъни қарийб 33 йилдан бери тозаланмагани, йиллар давомида лойқа сув оқиб туриши туфайли унинг ўзани бир неча баробар кичрайган. Оқибатда ҳозирги кунга келиб, каналнинг ўртача сув ўтказиш қобилияти секундига 100 куб метргача пасайганди. Каналда реконструкция ишлари якунлангач, сувдан фойдаланиш коэффициенти 30 фоиздан 85 фоизгача ошади.

“Аспантай” хўжаликлараро канали Бўзатов тумани ирригация бўлими балансида бўлиб, 1986 йилда фойдаланишга топширилган. Узунлиги 41,3 километрни ташкил қиладиган мазкур каналнинг сув ўтказувчанлик имконияти секундига 36 куб метрни ташкил қилади.

Ушбу канал “Тўрткўл” магистрал каналининг бош гидротехник иншоотидан сув олиб, Бўзатов туманининг “Қўсқанатов” ва “Аспантай” ҳудудларидаги фермер хўжаликлари ва аҳоли томорқа майдонларини сув билан таъминлайди.

Бугунги кунда канал қирғоқларини текислаш, гидротехник иншоотлар қуриш ишларини қисқа муддат ичида якунлаб, “Аспантай” каналини жорий йилнинг 1 декабрига қадар тўлиқ фойдаланишга топширилиши режа қилинган. Айни пайтда объектда ишчилар бир қанча экскаватор, бульдозер ва юк автомашинаси ёрдамида каналнинг реконструкция ишларини олиб бормоқда.

“Аспантай” хўжаликлараро каналини реконструкция қилиш натижасида унинг сув ўтказиш имконияти ва тезлиги ошади. Натижада 6000 гектар майдоннинг сув таъминоти яхшиланиши кутилмоқда.

Яқинда давлатимиз раҳбари раислигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида ҳам 2024 йилга мўлжалланган давлат бюджетининг энг муҳим жиҳатлари муҳокама қилинган эди. Муҳокамада саноат тармоқларида ҳам, ҳудудларда ҳам долзарб вазифага айланган сув таъминоти муаммосига алоҳида эътибор қаратилиб, охирги икки йилда сув хўжалигини сақлаб қолиш учун 22 триллион сўм миқдорида катта маблағ ажратилгани қайд этилди ва бу маблағларни мақсадли сарфлаб, сувдан самарали ҳамда тежамкорлик билан фойдаланиш зарурлиги таъкидланди.

Соҳа вакиллари фермер хўжаликлари раҳбарларига тежамкор суғориш технологияларини жорий этган тадбиркорлик субъектларига давлат томонидан субсидиялар ажратиш тартиби йўлга қўйилганини айтиб, бу тўғрисида батафсил тушунтиришлар берди.

Глобал иқлим ўзгариши, аҳоли сони ва иқтисодиёт тармоқларининг ўсиши туфайли сув ресурслари тақчиллиги йилдан-йилга ортмоқда. Шунинг учун мамлакатимизда сўнгги йилларда сув хўжалиги соҳасига, хусусан, сув тежовчи технологияларни жорий этиш масаласига оид бир неча фармон ва қарор қабул қилинди.

­алла майдонларига ёмғирлатиб суғориш технологияларини жорий қилиш бугунги куннинг энг асосий талаби ва ҳаётий зарурат бўлиб қолмоқда. Тахиатош туманидаги “Туреев Султанмуратбий” фермер хўжалигининг ғалла майдонларига жорий қилинган ёмғирлатиб суғориш технологияси ўз натижасини бермоқда.

— Қорақалпоғистон шароитида лазерли ускуна ёрдамида экин майдонларини текислаш сув тежаш билан бирга, ҳосилдорликни оширувчи энг муҳим тадбир ҳисобланади, — дейди фермер хўжалиги раҳбари Султанмурат Туреев. — Бир неча йил олдин ғалла экиладиган майдонларни шу усулда текислашни бошладик, ҳозир 60 гектар ғалла майдони тўлиқ лазер ускунаси билан текисланган. Шунингдек, 2021 йил 25,9 гектар ғалла майдонида ёмғирлатиб суғориш технологиясини ўрнатдик. Ўтган йили ғалла ҳосилини йиғиштиришда Қорақалпоғистон шароитида ғаллани ёмғирлатиб суғориш энг самарали усул эканига амин бўлдик. Бу фақат сувни тежаб қолмасдан, ҳосилдорликни оширишга ҳам жуда катта ҳисса қўшади. Қорақалпоғистонда айни ғалла ҳосилини тўплаш пайтида қуруқ ва иссиқ ҳаво бўлади. Буни деҳқонлар яхши билади. Анъанавий суғориш учун кўп миқдорда сув ва вақт кетади. Тажрибамизда кўрдикки, ғалла майдонлари шу пайтда вақти-вақти билан ёмғирлатиб суғорилса, иқлимни нисбатан салқинлатиб, ўсимлик учун зарур намликни беради. Ёмғирлатиб суғориш технологияси ўрнатилган далаларда ҳар бир қатордаги қувурларни алоҳида бошқариш имконияти пайдо бўлади. Энг асосийси, бу иш осон ва кам сув билан амалга оширилади. Пахта ва буғдой ҳосилдорлиги 30 фоизгача, мевали дарахтлар ва сабзавот экинлари ҳосилдорлиги 50 фоизгача ошади.

Сувдан самарали фойдаланиш, қурғоқчилик оқибатларини юмшатиш ва иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича инновацион технологияларни жорий этиш давомли жараён. Бинобарин, сув — муқобили йўқ ресурс. Ундан оқилона фойдаланиш эса нафақат бугун, балки келажак учун ҳам зарурдир.

М.ҚУТЛИМУРАТОВ,

(“Янги Ўзбекистон” газетасидан олинди).