МЕҲНАТ КОДЕКСИ ЮЗАСИДАН СЕМИНАР


Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Қорақалпоғистон Кенгаши мажлислар залида Қорақалпоғистон агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмалари ходимлари учун семинар-тренингги бўлиб ўтди.

Ўзбекистон агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш бўлими раҳбари Шоҳида Бегимқулова томонидан ўтказилган семинар-тренингнинг биринчи кунида туман, шаҳар кенгашлари раислари ва бош ҳисобчилари иштирок этди.

Тренингда  янги меҳнат кодексига киритилган ўзгартишлар ва шунга мос жамоа шартномаларини қабул қилиш юзасидан гуруҳларга бўлинган ҳолда қизиқарли машғулотлар ўтказилди. Иккинчи кунида эса Ўзбекистон агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Нукус шаҳар кенгаши тасарруфидаги бошланғич касаба уюшма ташкилоти раислари иштирок этишди. Қизғин баҳс-мунозара ва ўзаро савол жавоблар тарзида ўтган семинарда ташкилот раислари ўзларини қизиқтирган саволлар юзасидан батафсил тушунчаларга эга бўлишди.

— Мазкур тренингда меҳнаткашларни ижтимоий ҳимоя қилиш,жамоа шартномаларини ташкил қилиш,ходимлар ва иш берувчиларнинг муносабатлари сингари масалалар атрофлича таҳлил қилинди. Ўйлайманки, бу каби семинарлар биз учун маҳорат дарси бўлиши билан бирга, келгусида тарғибот ишларини олиб боришимизда қўл келади, — дейди Ўзбекистон агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича масъул ташилотчиси Ерғали Сейтназаров. — Қорақалпоғистон агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмасида ишлар самарали йўлга қўйилган.

Жумладан, 2023 йилнинг 10 ойи давомида 85 нодавлат ташкилотлар касаба уюшма аъзолигига қабул қилинди.

Шунингдек, ҳар йил тармоқ корхоналаридаги ишчи ходимларнинг саломатликларини мустаҳкамлаши учун сиҳатгоҳларга йўлланмалар берилиб,фарзандлари оромгоҳларда дам олишлари таъминланмоқда.

Икки кунлик семинар ўз мазмуни жиҳатдан қатнашувчиларда катта таассурот қолдирди дейиш мумкин.

Фотима АБДУРАИМОВА.