ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ЖЎҚОРҒИ КЕНГЕСИНИНГ ҚИРҚ ЕТТИНЧИ СЕССИЯСИ ТЎҒРИСИДА АХБОРОТ


Нукусда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг қирқ еттинчи сессияси бўлиб ўтди.

Сессияга Олий Мажлис Сенати аъзолари, сектор ва соҳа раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари ­вакиллари қатнашди.

Сессияни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев очди ва бошқариб борди.

Депутатлар сессия Котибиятини сайлади ва кун тартибини тасдиқлади.

Сессия кун тартибидаги дастлабки масала Қорақалпоғистон Республикасининг 2024 йилга бюджети тўғрисида Қорақалпоғистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазири Р.Султанов маъруза қилди. Келгуси йил учун давлат бюджети лойиҳасида Президентимиз томонидан белгилаб берилган тадбиркорлар учун қулай бизнес муҳитини яратиш, ижтимоий соҳани ривожлантириш ва ижтимоий ҳимояни кучайтириш, ёшлар ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, ҳудудлар, айниқса, фуқаролар йиғинларидаги муаммоларни бартараф қилиш, сув ва ер ресурсларидан самарали фойдаланиш, атроф муҳитни асраб-авайлаш сингари муҳим йўналишлар асосида шакллантирилди. Қизғин муҳокамалардан сўнг мазкур масала бўйича тегишли қарор қабул қилинди.

Шундан сўнг Қорақалпоғистон Республикасини 2023 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2024 йилга белгиланган режалар тўғрисида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг мурожаати тўғрисидаги масала кўриб чиқилди. Бу бўйича Вазирлар Кенгаши Раиси Ф.Эрманов маъруза қилди.

Таъкидланганидек, 2023 йил якуни бўйича Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий макроиқтисодий кўрсаткичларига эътибор қаратадиган бўлсак, йил якунида ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 104,1, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 101,5, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 103,5, қурилиш ишларини пудрат асосида ишлаш 107 ва хизматлар кўлами 111,1 фоизга ўсиши кутилмоқда.

Шунингдек, келгуси йил ялпи ички маҳсулот ҳажми 105,6, саноат 106,1, ҳудудий саноат 106, қишлоқ хўжалиги 103,7, қурилиш ишлари 108 фоизга етказилиши режалаштирилган. Депутатлар бу масала бўйича тегишли қарор қабул қилди.

Сессияда кейинги масала “Туризм тўғрисда”ги Қорақалпоғистон Республикаси қонуни лойиҳаси юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг қўмита раиси ўринбосари Т.Романов маъруза қилди.

Маърузачи таъкидлаганидек бугунги кунда амалдаги “Туризм тўғрисида”ги Қорақалпоғистон Республикаснинг қонуни 2000 йилда қабул қилинган бўлиб, сўнгги йиллардаги ривожланиш, иқтисодий, ижтимоий ва бошқа соҳалардаги янгиланишлар шароитида туризм соҳасидаги ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларга бир қатор ўзгартишлар киритилгани сабабли амалдаги қонунни Қорақалпоғистон Республикасининг бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқлаштириш зарурати юзага келди. Кун тартибидаги мазкур масала бўйича ҳам тегишли қарор қабул қилинди.

Шундан кейин “Қорақалпоғистон Республикасининг айрим қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисда”ги Қорақалпоғистон Республикаси қонуни лойиҳаси юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг қўмита раиси З.Реймова маъруза қилди. Тақдим қилинаётган қонун лойиҳаси ҳам мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг узвий давоми саналади ва шу асосда Қорақалпоғистон Республикасининг айрим қонунларига ўзгартишлар киритилмоқда.

Депутатлар мазкур масала юзасидан қарор қабул қилди.

Кун тартибидаги кейинги масала Қорақалпоғистон Республикасини келгуси йилда ишсизликдан ҳоли ҳудудга айлантириш чоралари тўғрисида Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири С.Турмановнинг ҳисоботи тингланди. Ҳудудларда янги иш ўринларини яратиш, халқнинг даромадини ошириш, шу орқали камбағаллик ва ишсизликни камайтириш мақсадида 2023 йил жами 192 минг 987 нафар аҳолининг бандлигини таъминлаш белгиланган эди. Бу йўналишда тегишли вазирлик, корхона, ташкилотлар, ҳокимликлар томонидан амалий тадбирлар олиб борилиши натижасида ўтган вақт мобайнида жами 202 минг 774 нафар фуқаронинг доимий, мавсумий ва легаллаштириш ҳисобидан бандлиги таъминланиб, йиллик режа 105 фоизга бажарилди. Бу борада келгуси йилга амалга ошириладиган вазифалар белгилаб олинди ва тегишли қарор қабул қилинди.

Шундан сўнг ичимлик суви ва оқава сув хизматларини яхшилашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари Ш.Давлетяров маъруза қилди.

Таъкидланганидек, сўнгги йиллар давомида ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун зарур бўлган ёнилғи-мойлаш материаллари-2,1 ҳисса, зарарсизлантирувчи реагент материаллари-1,5 ҳиссага, объектларни ҳимоялаш хизмати-1,7 ҳисса, авария хизматларини тугатиш учун сарфланадиган материаллар-1,5 ҳисса ва иш ҳақилари 1,2 ҳиссага ўсиши, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 15 сентябрдаги “Ёнилғи-энергетика соҳасида бозор механизмларини жорий қилишнинг қўшимча чоралари тўғриси”даги қарори асосида жорий йилнинг 1 октябрь санасидан электр-энергияси тарифлари 2 ҳиссага, табиий газ тарифлари 2,3 ҳиссага кўпайиши ичимлик сув таннархининг яна кўтарилишига олиб келди.

Ўзбекистон Республикасининг “Ичимлик сув таъминоти ва оқава сувларни чиқариб ташлаш тўғрисида”ги қонуннинг 45-моддасига кўра ичимлик сув ва оқава сув хизматларининг тарифлари даражасига кескин таъсир қиладиган омиллар аниқланган ҳолатда уларни қайта кўриб чиқиш белгиланган. Кун тартибидаги масаладан келиб чиқиб, ичимлик сув таъминоти ва канализация хизматлари тарифларига бир қатор ўзгаришлар киритилмоқда. Депутатлар бу масала юзасидан тегишли қарор қабул қилди.

Сессия кун тартибида шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг айрим қўмиталари таркибига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, Жўқорғи Кенгес Президиумининг тегишли қарорларини тасдиқлаш тўғрисидаги масалалар кўриб чиқилди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.

Шунинг билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг қирқ еттинчи сессияси ўз ишини якунлади.

Қорақалпоғистон хабар агентлиги.