Спортчилар ва уларнинг мураббийлари тақдирланди


Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев янги йил байрами арафасида бир гуруҳ спортчилар ва уларнинг мураббийлари билан учрашди.

Учрашувда Жўқорғи Кенгес Раиси дастлаб Президентимиз раҳбарлигида сўнгги йилларда мамлакатимизда “Инсон қадри учун” деган эзгу ғоя асосида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани жумладан, Президентимиз томонидан фақатгина Қорақалпоғистон учун 7 та тарихий фармон ва қарор қабул қилиниб, хал­қимизнинг фаровон ҳаётини таъминлаш чоралари кўрилаётганини таъкидлади. Барча йўналишлар қаторида жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилаётгани қайд этилди.

Ўтган 5 йил давомида 416 та спорт объекти янгидан қурилган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 3 минг 604 тага етди. Шу билан бирга, жорий йилда бир қатор спорт объектларида қурилиш ишлари олиб борилди. Ёшлар орасида оммавий спортни кенг тарғиб қилиш мақсадида 7,8 миллиард сўмлик жами 41 та спорт майдончаси қурилиб, фойдаланишга топширилди. Жўқорғи Кенгес Президиумининг қарори асосида спорт мусобақаларини ўтказиш учун 3,2 миллиард сўм ва спортчи ёшларнинг вақтида витаминлар билан таъминланиши ва вазн сақлаши учун 1,4 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратилди.

Ўз навбатида яратилаётган бундай шароитлар спортчиларимизни янгидан-янги муваффақиятлар сари етакламоқда.

Қорақалпоғистонда футболни ривожлантириш, “Арал” ва “Жайхун” клубларини қўллаб-қувватлаш учун жорий йилда маҳаллий бюджет ҳисобидан 7 миллиард сўм маблағ ажратилди. Келгуси йил учун ҳам бир қатор режалар белгилаб олинган бўлиб, бу йўналишда 2024 йилги инвестиция дастури доирасида жами 4 та спорт объектида 52.2 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга ошириш режалаштирилган.

Учрашувда бир гуруҳ спортчилар ва уларнинг мураббийлари тақдирланди. Жумладан, Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида ўтказилган 19-ёзги Осиё ўйинларида Ўзбекистон терма жамоаси таркибида иштирок этиб 3 та олтин ва 4 та бронза медалини қўлга киритган спортчиларга қимматбаҳо совғалар топширилди.

Шу билан бир қаторда, шу йилнинг 4-14 август кунлари Беларус Республикасининг Минск шаҳрида бўлиб ўтган мусобақаларда муносиб иштирок этган спортчилар ҳам тақдирланди.

Д.Абибуллаев.